Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:12

АҚШ президенти Даллас воқеаси боис Европа ташрифини қисқартирди


АҚШ президенти Барак Обама Варшавада НАТО саммити муносабати билан Европага қилатган ташрифини қисқартириб бир кун олдин қайтадиган бўлди.

Президентнинг АҚШ га эртароқ қайтиши Техаснинг Даллас шаҳрида юз берган отишма билан боғлиқ.

АҚШнинг Даллас шаҳрида пайшанба куни икки қора танлининг полиция томонидан ўлдирилишига қарши намойишлар ўтаётган бир пайтда беш полициячи ўлдирилди ва яна олтитаси яраланди.

Дастлабки маълумотларга кўра, полициячилар снайпер милтиқларидан нишонга олинган.

Полициячиларни ўлдириш гумони билан уч киши қўлга олинган, Далласда операция давом этмоқда.

Даллас полицияси бошлиғи Дэвид Брауннинг хабар беришича, полициячилар гаражда яшириниб олиб, ўт очган қуролли шахс билан музокара олиб бормоқда.

"Биз музокара олиб бораётган шахс уни ўлдиргунларига қадар иложи борича кўпроқ полициячини ўлдириш ниятида экани ҳамда гараж атрофи ва шаҳар марказидаги баъзи нуқталарни миналаб ташлаганини айтган", - деди Браун.

Унинг сўзларига кўра, қўлга олинган шахслар келишиб олган ҳолда ҳаракат қилганлар ва шаҳарда намойишлар бўлаётган бир пайтда полициячиларни нишонга олганлар.

Фавқулодда вазият туфайли Даллас узра парвозлар тўхтатилган.

Полицияга қарши намойишлар интернетда икки кун ичида полициячилар афроамерикаликларни ўлдираётгани тасвирланган иккита видео тарқалиши ортидан бошланди.

XS
SM
MD
LG