Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:15

Каттагина ҳудудни йўқотган ИШИД устидан тўла ғалаба учун қанча вақт керак?


8 июнь куни "Исломий давлат" экстермист гуруҳидан озод қилинган Фаллужадаги ироқлик ҳарбийлар патрули
8 июнь куни "Исломий давлат" экстермист гуруҳидан озод қилинган Фаллужадаги ироқлик ҳарбийлар патрули

Ироқ ва Суриядаги каттагина ҳудудни бой бергани ортидан "Исломий давлат" (ИД) экстремист гуруҳи енгилаяпти, демак, унга қарши кураш ҳам битаяпти, деган умид билдирила бошлади. Аммо, позицияларини бой бераркан, бу гуруҳ катта мағлубиятлар билан бирга, айрим ҳудудларда яна йирик ғалабалар қозонди ва энг қонли худкуш ҳужумини уюштирди. Бу ҳол ИДга қарши кураш тактикасини ўзгартириш заруратини пайдо қилмоқда.

"Ал-Қайда"га қарши жангдан олинган тажриба

Таҳлилчилар 2003 йилда АҚШнинг Ироққа кириб, ҳарбий ҳаракатлар бошлаган пайтини хотирламоқдалар. Ўшанда "Ал-Қайда"нинг Ироқдаги қаноти тузилган эди.

Аввалига Афғонистон ва Ироқда бу террорчи гуруҳга (шу жумладан, Толибонга) қарши урушда анъанавий тактика қўлланди - улардан эгаллаб олган ҳудудлари қайтариб олина бошлади. Аммо, АҚШ ҳарбийларининг қудратига дош беролмаган террорчилар тез орада катта ҳудудларга тарқалиб, партизанлик урушини бошлади. Бу эса террорга қарши курашни янги, мураккаб босқичга олиб чиқди.

Тез орада халқаро коалиция қўмондонлиги экстремист гуруҳлардан маълум бир ҳудудларни қайтариб олишнинг ўзи кифоя эмаслиги, кейинчалик ҳам озод қилинган ҳудудлар хавфсизлигини сақлаш ва бунда мунтазам маҳаллий ҳарбий кучлар ёрдамига таяниш лозимлигини англаб етди. Табиийки, тоғу тошларни макон тутган экстермистларнинг доимий ҳужумлари хавфи остида қолаётган маҳаллий қуролли кучларни ҳам бунга рози қилиш зарур эди.

АҚШ ИДга қарши курашда қувватлаётган маҳаллий курд ва араб жангчилари Суриянинг Манбиж шаҳрида
АҚШ ИДга қарши курашда қувватлаётган маҳаллий курд ва араб жангчилари Суриянинг Манбиж шаҳрида

Натижада, Ироқда "Ал-Қайда"га қарши уруш нисбатан мураккаб кўриниш ола бошлади. Бир тарафдан, Фаллужа каби шаҳарларда алоҳида аҳоли пунктларини қисқа муддатга эгаллаб олиб, коалиция ва маҳаллий ҳарбийларни чалғитган террорчилар, бошқа тарафдан турли ҳудудларда террорчилик ҳужумларини амалга ошира бошлади. Бу хуружлар кўлами Ироқ билангина чекланиб қолмасдан, дунёнинг бошқа мамлакатларига кўчди.

Натижада, ИД гуруҳи бир вақтнинг ўзида қуролланган гуруҳ, террорчи ташкилот, партизан жангарилар гуруҳи ва айни пайтда, дунёда ёйила бошлаган хавфли ғояга айланди. Бу тўрт унсурнинг барчасига қарши курашиш эса оғир бўлмоқда.

ИД 18 ойда чорак ҳудудини бой берди

Сўнгги ойларга келиб ИД Ироқ ва Сурияда эгаллаб олган ҳудудларини бирин-кетин бой бера бошлагач, балки бу экстермист гуруҳни енгиш у қадар мураккаб бўлмас, деган умидлар билдирила бошлади.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган IHS таҳлил маркази яқинда эълон қилган ҳисоботда 2015 йилда ИД эгаллаб турган ҳудудининг 14 фоизи, 2016 йилнинг ярмида эса 12 фоизини бой бергани айтилди.

Натижада, экстремист гуруҳ ўз назоратидаги майдонни сақлаш учун жанг қилиш билан бирга ташқарида қонли террор ҳужумларини оширишга ҳам жиддий эътибор қарата бошлади. Табиийки, ҳудуди тораяётган ИД ожизлашди, аммо ожизлашган бу маҳлуқ янада ҳавфли тус ола бошлади. Ҳозир ИД Ироқ ва Сурияда ўз қўлида қолаётган ҳудуддан туриб, дунё бўйлаб кўпроқ террор ва қўрқувни тарқатишга уринмоқда.

Фаллужанинг олиниши

Албатта, сўнгги 18 ой ичида ИД эгаллаб турган ҳудуднинг чорак қисмидан ортиғи озод қилингани муҳим натижа. Бироқ, бу ҳолда ИДни енгиш учун 6 йил керакми, деган ҳақли савол ҳам туғилмоқда.

Аслида ИДга қарши анаъанавий курашнинг ўзи ҳам осон кечмаётир. Жумладан, экстермист гуруҳ эгаллаган илк ва жангарилар учун кўпроқ рамзий аҳамият касб этган Фаллужа шаҳри учун жанг ойларча давом этди. Шаҳар бир ярим ой қамалда қолди.

Фаллужани тарк этаётган аҳоли
Фаллужани тарк этаётган аҳоли

Atlantic Council ташкилоти таҳлилчиси Файсал Итанийга кўра, ИД ўз кучларини нисбатан катта ҳудуд бўйлаб ёйиб юборгани учун Фаллужани бой берди. Аммо, жангарилар назоратида қолаётган яна икки шаҳар - Мосул ва экстермист гуруҳнинг пойтахти кўрилган Суриядаги Роққа шаҳрини олиш Фаллужани озод қилишга кетган вақтдан кўра узоқроққа чўзилиши мумкин.

Суриядаги жанглар

Сурияда эса ИДга қарши жанглар Ироқдагига нисбатан оғирроқ кечмоқда. Ўтган ҳафтада жангарилар Сурия озодлиги армиясига қарши бир неча жиддий ҳужум уюштирди. Курд жангчиларидан иборат бу гуруҳ АҚШнинг террорчиларга қарши курашдаги муҳим ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда.

Коалиция қошидаги Operation Inherent Resolve гуруҳи вакили, АҚШ армияси полковниги Кристофер Гарвер Суриянинг Манбиж шаҳрида шаклланган "Мара фронти" бўйлаб жойлашган курд жангчилари ва бошқа маҳаллий исёнчи гуруҳлар анча фаол экани, ИДга жиддий қаршилик кўрсатаётганини айтди. Аммо, борган сари фронт бўлаб жойлашган маҳаллий исёнчи гуруҳларнинг ИДга қарши жангги бироз сустлашиб бораётгани ҳам хабар қилинмоқда.

Бундан ташқари, АҚШ ҳарбийларига кўмаклашаётган Янги Сурия армияси исёнчи гуруҳига қарши Россия ҳаво кучлари ҳужуми ҳам вазиятни оғирлаштирди. Маълумки, маҳаллий исёнчи жангчилар жамланган Янги Сурия армияси ўз ҳудудида ИД экстремист гуруҳига қарши фаол жанг қилмоқда ва бу гуруҳни АҚШ ҳамда Буюк Британия қўлламоқда.

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу (чапда) Сурия президенти Башар Ассад билан
Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу (чапда) Сурия президенти Башар Ассад билан

Мазҳаблараро зиддият хавотири

Янги Сурия армияси сунний жангчилардан иборат ва минтақада ИДга қарши курашда халқаро коалиция учун муҳим таянч бўлиб қолмоқда.

Аммо, умумий душманга қарши курашаётган маҳаллий қуролли гуруҳларнинг диний мансублиги мавжуд ички муаммо - сунний ва шиа мусулмонлар ўртасидаги мазҳаблараро зиддиятларни юзага кўтаришидан хавотирлар бор. Associated Press агентлиги бунинг муҳим омилларидан бири сифатида Фаллужани озод қилишда, асосан, Ироқдаги шиа қуролли гуруҳлари кўмагига таянилганини тилга олди. Сурияда эса қуролланган сунний гуруҳлар ИДга қарши курашда илгариламоқда.

Шу тариқа, ҳозирги вазият таҳлилидан кўринадики, охир-оқибат, ИД ҳарбий йўл билан йўқ қилинади. Яъни, бу экстремист гуруҳ ҳарбий йўл билан мағлуб этилиши шарт. Зеро, халқаро ҳамжамиятда бундан бошқа танлов имкони ҳам йўқ.

Гарчи, бу курашда секин-аста ютуқларга эришилаётган бўлса-да, минтақада кейинчалик хавфсизликни сақлаш ва айни пайтда, жанглар замирида етилаётган мазҳаблараро зиддиятга барҳам бериш зарурати сақланиб қоладиган кўринади.

XS
SM
MD
LG