Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:41

Россия депортация марказида йигирмадан ортиқ хорижлик очлик эълон қилди


Хорижликларни вақтинчалик сақлаш маркази камераси.
Хорижликларни вақтинчалик сақлаш маркази камераси.

Россиянинг Ярославль вилояти Тутаев шаҳрида жойлашган чет элликларни вақтинчалик сақлаш марказида депортацияни кутаётган 20 дан ортиқ хорижлик очлик эълон қилди.

Аксари ўзбекистонликлар бўлган чет элликлар ватанларига тезроқ депортация этишларини талаб қилмоқда.

Озодлик билан телефон орқали суҳбатлашган хорижликлар марказда руҳан эзилганларидан шикоят қилишди.

Тутаев шаҳридаги чет элликларни вақтинчалик сақлаш марказида депортацияни кутаётганлар орасида МДҲ давлатларининг бир неча ўн ватандошлари, жумладан 20 га яқин Ўзбекистон ватандошлари сақланмоқда. Уларнинг айримлари очлик акциясига қўшилгани, бироқ ҳозирда расмийлар ваъдасидан кейин очликни вақтинча тўхтатишганини билдирди.

Тутаев депортация марказида янги қамоқ муҳлатини ўтаб чиққанлар билан бирга миграция қонунларини бузган хорижийлар сақланмоқда.

Озодлик телефон орқали суҳбатлашган андижонлик Жавлоннинг айтишича, Ярославль вилоятида, уч йиллик қамоқ муҳлатини ўтагандан сўнг, 2016 йилнинг 9 май куни яна Тутаев депортация марказига келтирилган.

- Ҳужжатларим бор, лекин Ўзбекистонга мени юборишмаяпти. Озгина юборишни талаб қилиб тўполон кўтарсак, изоляторга ташлашаяпти. 161- модда билан (ўғирлик) билан қамашди. Лекин мен ўғирлик қилмаганман, ноҳақ қамалдим. Мени мажбурлаб, бўйнимга қуйишди. Бу ердагиларни 20 тачаси менга ўхшаган қамоқдан чиққанлар, яна қарийб 30 нафари мигрантлар. Мен ҳали озодликни, кўчани кўрганим йўқ. Бу ер подвалга ўхшаган бетон пол, тоза ҳавога ҳам олиб чиқишмаяпти. Бир суткада 40 минут олиб чиқишади тоза ҳавога, холос. Уч кун очлик эълон қилиб, ҳеч нарса емадик. Гуноҳимиз нима? Жиноят қилганимиз йуқ- ку. Қилган жиноятимиз учун жазо олдик. Мен уч йил қамоқда ўтириб чиқдим, яна бу ерда ушлаб туришибди. Нима учун? Ҳеч ким бизга ёрдам бермаяпти, деди Жавлон.

Жиззахлик Отабекни шу йилнинг 12 июлида Ярославль вилоятида ёғоч кесиш кичик корхоналарининг бирида ишлаётган пайтида полиция ходимлари ушлаб келишган.

Отабекнинг айтишича, ишлаш рухсатномаси бўлмагани сабабли депортация марказига тушган.

- Кеча юбориш билан шуғулланадиган киши келган эди. “Россия давлати сизларни уйга юбориш учун 10 минг рубль ажратади, самолётга билет пулини етмаганини ўзларинг топинглар,” деб айтаяпти. Бу ердагиларнинг кўпларида бундай пул йўқ. “Бизда бунақа пул йуқ десак, унда узоқ қолиб кетасизлар,” деди. Спецприёмник шароити унча яхши эмас. Катта бино, дерезаларига темир панжара ўрнатилган. Учта хона, ошхонаси бор, қолган вақт ҳамма ўз хонасида. Лекин бу ерни шароити қамоқхонадан қолишмайди, деди Отабек.

52 ёшли жиззахлик Эшонқул бир йилдан буён Ярославлда қурувчи бўлиб ишлаган.

Унинг айтишича, иш берувчи барча ҳужжатлари тўғри расмийлаштирган. Бироқ полиция рейди пайтида унинг номи маълумотлар базаси компютерида чиқмагани сабабли у депортация марказига келтирилган.

- Ҳамма ҳужжатларим тўғри бўлган. Ишлаш рухсатномаси, тиббий суғуртам бор, имтиҳон ҳам топширганман. Билмадим, нима учундир номим компютердан чиқмади. Бу депортация марказида қийналаяпман. Тезроқ уйга кетмоқчиман. Лекин пулим йўқ билетга, дейди Эшонқул.

Озодлик муҳожирлар муаммолари ҳақида миграция бўйича Россия ички ишлар вазирлигининг Ярославль вилояти идорасига, Тутаев депортация марказига қилган мурожаатига расмийлардан жавоб ололмади.

Айни пайтда Россия спецприёмникларида депортация кутаётган хорижликлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари тез-тез учраб турибди.

Бундан қарийб 2 ҳафта олдин Тула депортация марказида ўзбекистонлик ногирон ўзини осиб қўйгани борасида Озодлик хабар берган эди.

Бу ҳодисадан икки ҳафтача олдин худди шу марказда арманистонлик яна бир мигрант ўз жонига қасд қилгани маълум.

XS
SM
MD
LG