Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:15

Самарқандда ака-ука фирибгарлар ушланди


Самарқандда ўнлаб фуқарони чув туширган ака-ука фирибгарлар ушланди. Виртуал оламда танишаётган ошиқлар танқид қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Самарқандда ўнлаб фуқарони чув туширган ака-ука фирибгарлар ушланди

Самарқандда ўқишга киритиш ваъдаси билан ўнлаб фуқародан бир неча ўн минг доллар пул олган ака-ука Абдалим ва Музаффар Мусаевлар маҳкамага тортилди.

“Ҳуқуқ” нашри хабарига кўра, фирибгарлар “Акам Давлат тест марказида ҳуқуқшунос бўлиб ишлайди”, дея одамлар ишончига кирган.

Шу тариқа ака-ука Мусаев А.Одиловдан 3000, У.Розиқуловадан 4400, А.Умаровдан 4000, Г.Сафаровадан 5000, У.Раҳматовдан 4000, Н.Ҳамидовадан 800, Н.Пардаевадан 4000 АҚШ доллари олиб ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган. Бундан ташқари, яна 11 нафар фуқародан 62 минг доллар олинган.

Қайд этилишича, бир неча йиллардан буён ўзгалар ҳисобидан кун кўриб, чўнтак қаппайтириб юрган ака-ука Мусаевлар 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Мутахассис: Ўзбек йигитларларининг аллатовур либослар кийишига санъаткорлар ҳам айбдор

Ўзбек йигитлар орасида эркак шаъни ва ғурурига доғ бўлиб тушадиган либослар кийиш ҳоллари кўпаймоқда (“Ҳуррият”, 7 сентябрь).

Масалан, охирги пайтларда йигитларнинг кино актёрлари ва машҳур санъаткорларга тақлид сифатида адрас ва атласдан тикилган костюм кийиши кузатилмоқда.

“Аёллар либосига ўхшаш бичимда тикилган кийимларни эгнига уялмасдан кийиб олган эркакларни кўрганда, юзимиз беихтиёр ориятдан қизариши бор гап. Эркакларнинг, айниқса, ўсмир йигитларнинг ўта тор, юпқа ва калта кийимлар кийиши замирида мақтанчоқлик, ўзини ва баданини кўз-кўз қилиш каби ўткинчи ҳою ҳаваслар ётади”, деб ҳисоблайди психолог Отабек Мухторов.

Телефон ва интернетда танишаётган ошиқлар танқид қилинди

Ёшлар орасида виртуал тарзда – телефон ва интернет воситасида танишиб, гўё бир-бирига кўнгил боғлаб, ўлдим-куйдим деб юрганлар учрамоқда (“Оила даврасида”, 8 сентябрь).

Қайд этилишича, бу тарзда ўйламасдан ташланаётган қадам, ўзбошимчалик қимматга тушмоқда.

“Бундай ҳолларда ота-оналарнинг гапи, катталарнинг маслаҳати қулоққа кирмайди. “Ҳаётимни усиз тасаввур қилолмайман!”, “Менга ҳеч ким хўжайин эмас, мен ўз ҳаётимни ўзим ҳал қиламан!” дейдиганлар ўзи пиширган ошнинг аччиқ таъмини тотаётгани ҳам ҳақиқат”, дейилади мақолада.

Муаллиф ҳаёт тарзига айланган миллий урф-одатларга риоя қилиш муҳимлигини таъкидлайди.

XS
SM
MD
LG