Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:56

АҚШ президентлигига номзодлар телебаҳсида Ҳиллари Клинтоннинг қўли баланд келди


АҚШ президентлигига номзодлар Ҳиллари Клинтон ва Дональд Трамп учта бир ярим соатлик теледебатлардан биринчисини душанба куни Нью-Йоркдаги Хофстра университетида ўтказди.

Телемунозарадаги саволларнинг асосий қисми иқтисодий муаммоларга бағишланди. Демократик партия номзоди Ҳиллари Клинтон бу борада асосий эътиборни, бадавлат америкаликларга солиқни кўпайтириш хисобига, биринчи навбатда ўрта табақа, хусусан талаба ва ёш оналар турмушини яхшилашга қаратажагини билдирди.

Республикачилар номзоди Дональд Трамп эса корпоратив солиқларни қисқартириш ҳисобига янги иш жойлари яратиш, солиқ кодексини ўзгартириб Америка компанияларини хориждаги маблағлари ва бош офисларини АҚШ ҳудудига қайтаришга ундаш режасида эканини билдирди. Трамп фикрича¸ Америкага зарар келтирган ташқи савдо битимларини қайта кўриб чиқиш лозим. Дебатда Трамп Билл Клинтон томонидан тузилиб¸ Барак Обама томонидан имзоланган Шимолий Америка эркин савдо келишувини танқид қилди.

Трамп vs Клинтон - АҚШда сайловолди дебатларнинг биринчи раунди бўлиб ўтди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:11 0:00

Телемунозара давомида Америкадаги ирқий муносабатлар муаммосига ҳам анча вақт ажратилди.Клинтонга кўра, суд-тергов амалиётида ирқий ва миллий озчиликка нисбатан дискриминация холатлари мавжуд ва бунга нуқта қўйиш керак. Клинтон қурол сотиш устидан назоратни кучайтириш учун ҳам курашишини таъкидлади. Трамп эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар сонини кўпайтириш ҳисобига қонун ва тартибни мустаҳкамлаш ва полиция назоратини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратишини билдирди.

Ташқи сиёсат бобида Клинтон Америкадаги партия ва жамоат тузилмалари сайтларига уюштирилган Россия хакер хужумларини қоралаб, буни сайлов жараёнига аралашув деб баҳолади. Трамп эса буни рад этиб, Россиянинг Демократик партия сайтига уюштирилган хакер хужумларига алоқаси борлигини исботловчи далиллар йўқлигини иддао қилди.

Айни пайтда Трамп Россиянинг ракета ва ядро арсеналини замонавийлаштириши хусусида хавотир билдириб, АҚШнинг бунга етарли даражада жавоб қилмаëтганини танқид қилди.

Теледебатни таҳлил қилаëтган аксар АҚШ шарҳловчилари унда Ҳиллари Клинтоннинг қўли баланд келганини айтмоқда.

CNN телеканали ўтказган ижтимоий сўровда қатнашганларнинг 62 фоизи мунозарада Клинтон ғалаба қозонганига ишонишини билдирган.

Айни пайтда¸ дебатда ўзининг ғолиб чиққанини таъкидлаëтган Трамп¸ ўз Twitter саҳифасида ғолибликни ўзига берган сўров натижаларини тарқатмоқда.

XS
SM
MD
LG