Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:26

Мирзиёев келаяпти

Муваққат президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябрдан бошлаб мамлакат бўйлаб сафарларини амалга оширмоқда. Мирзиёев ташрифига ҳозирлик эса бир неча кун аввал бошланаяпти. Ушбу жонли блог орқали Мирзиёев ташрифлари ва шу муносабат билан бўлаётган тайёргарликларни биргаликда кузатамиз. Билганларингиз, кўрганларингиз ва эшитганларингизни Telegram, WhatsApp орқали +420 724 971 539; +420 724 740 755 рақамларига йўлланг!

17:38 27.9.2016

16 сентябрь: Илк сафар Жиззахга!

Ўзбекистон бош вазири ва вақтинча президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Жиззахга сафари давомида ушбу Жиззах шаҳри ва камида еттита туман ҳокимини лавозимидан олди.

Мирзиёев Жиззахга жума куни вертолётда учиб борди. Муваққат президентнинг ташрифи муносабати билан шаҳарда хавфсизлик чоралари мисли кўрилмаган даражада кучайтирилгани, у юриши мумкин бўлган йўллар ёпиб қўйилгани айтилмоқда.

"Жиззах шаҳри республиканинг бошқа вилоят марказларидан фарқли жиҳати шуки, Тошкентдан меҳмонлар келган вақтда шаҳар ёпилса аҳолига қийин бўлади. Чунки шаҳарда ўзи иккита асосий йўл бор, уларни ёпиб қўйганидан кейин ҳамма нарса тўхтаб қолади", - дейди жиззахликлардан бири.

Манбаларга кўра, муваққат президент юриши мумкин бўлган йўллар атрофи тозаланган ва бир кун аввал Жиззахдаги ташкилот ходимлари ва коллеж талабалари президентни кутиб олиш олдидан оммавий тарзда мажбурий ҳашар ишларига жалб этилган.

"Жиззахда ҳар 20 метрда милиция ходимлари. Вилоят ҳокимияти рўпарасидаги 9 қаватли турар жой бино ва Драма театри томида снайперлар эрталаб 11дан 16.00гача ўтиришди", - дейди Озодлик билан суҳбатда исми сир қолишини истаган жиззахлик.

Жиззахлик журналист Улуғбек Ашур Мирзиёевнинг ташрифи куни Жиззахдаги холат ҳақида Facebook саҳифасида ёзди.

Фаоллар Шавкат Мирзиёевнинг бош вазир сифатида аввалги вилоятга сафарлари чоғида бундай чора-тадбирлар амалга оширилмаганини айтишади.

"Узунлиги 70 километрдан ортиқ Жиззахдан Мирзачўл тумани маркази - Гагарин шаҳрига қадар бўлган йулнинг икки четига ҳар 100 метрдан милиция ходимларини қўйишибди," деди жиззахликлардан бири.

Айни куннинг ўзида Мирзиёев Жиззахдан Тошкентга вертолётда қайтган.

18:40 27.9.2016

18 сентябрь: Пойтахтнинг учта туманига сафар!

Шу куни Мирзиёев Тошкентнинг Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Юнусобод туманларига бориб, бир қанча объектлар билан танишди.

18:42 27.9.2016

*

18:47 27.9.2016

20 сентябрь: Ангрен сафари

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрига ташрифи арафасида шаҳардаги ташкилот ходимлари, мактаб ва коллеж ўқувчиларидан иборат минглаб одам мажбурий ҳашар ишларига жалб этилди. Мирзиёев ташрифи муносабати билан шаҳар бозорларида нархлар атайлаб туширилди.

Ўзбекистон муваққат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ангренга ташрифи кутиларкан минглаб одам шаҳар ҳокимини буйруғи билан уч кун давомида махсус қўриқчилар қуршови остида ишлатилган.

Исми сир қолишини истаган ангренликлардан бири Озодликка бу ҳақда шундай маълумот йўллади:

- Шанба, якшаба ва душанба кунлари субботник қилишди. Лекин асабга теккан нарса шуки биз под конвой ишлатилдик. Худди биз турмага тушган асирлардек. Ҳамма, камида 2 минга яқин одам ҳокимни чақирувига лаббай деб етиб келишди. Сўзга чиққан шаҳар ҳокими Мирзиёев келиши муносабати билан барчамиз шаҳар атрофини тозалашимиз кераклигини уқтирди. Бу ҳайрли ишдан ҳеч ким бўйин товлашлиги ҳаққи йуклиги айтилди. Шу куни ҳамма автобусларга чиқарилди ва Ангрен-Қўқон трассаси атрофига халқ дислокация қилинди. Эртаси куни якшанба куни соат 7 00 дан кечги 18 00 гача хашар давом этди. Арчалар,гуллар,райхонлар экилди. Дарахтлар оқланди. Қисқаси мисли кўрилмаган ҳашар бўлди. Бозорлар пайнет буткалардан тозаланди. Бозор атрофи бардак холатда эди. Ҳозир эса кўчалар кенгайиб гуллар экилиб жуда чиройли холатга келтирилди - деб билдирди ангренликлардан бири Озодликка.

Хабарларга кўра, Шавкат Мирзиёев Ангрен шаҳрига ҳам Тошкентдан вертолётда учиб борган.

Ташрифи давомида муваққат президент “Ангрен” махсус индустриал зонаси ҳамда Ангрендаги Иссиқлик электр станциясини кўздан кечирган.

- Мирзиёевни вертолёти Чирқичдаги ҳарбий бўлинмалардан бирига бугун қўнди. У ердан тўғри “Ангрен” махсус индустриал зонасига машинада йўл олди. У ердан ТЭСга борган. Шаҳарда ҳар қадмага милиция қўйилган, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ангренликлардан бири.

Ўзбекистоннинг муваққат президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи муносабати Ангрендаги барча деҳқон бозорларида нарх-наво 20-25 фоизга туширилди.

Ангренга қисқа ташрифи чоғида Мирзиёев Ангрен Деҳқон бозорига ҳам борган.

Ангренлик савдогарларга кўра, муваққат раҳбар келишидан олдин шаҳар дўконларида пластик карталар ва нақд пулга бир хил нархлар белгилаб қўйилган:

- Расталарда нархлар ҳар доимгидан бошқача. 25 минг сўм бўлган мол гўштининг нархини 20 минг сўм қилиб ёзиб қўйишибди. 500 сўмлик тухум 300 сўм. Энг ҳайратланарлиси дўконларда пластик ва нақд пулга ҳам нархлар бир хил. Шавкат ака тез-тез келиб турсин экан шаҳримизга, - дейди исми сир қолишини истаган ангренликлардан бири.

Мирзиёевнинг ташрифи муносабати билан шаҳарда хавфсизлик чоралари мисли кўрилмаган даражада кучайтирилди. Тошкентдан милиция ходимлари олиб келиниб, шаҳар кўчаларига ташланган.

Мустақиллик байрами арафасида тортиб олинган ов милтиқлари ангренлик овчиларга ҳалигача қайтариб берилмаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG