Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:13

Исроил собиқ президенти Шимон Перес 92 ёшида вафот этди


Исроилнинг собиқ президенти ва бош вазири Шимон Перес чоршанба эрталаб Тель-Авив яқинидаги касалхонада оламдан ўтди.

92-ёшли Нобел тинчлик мукофоти лауреати икки ҳафта аввал инсультдан сўнг 13 сентябрдан буён Тель-Авив яқинидаги касалхонада эди.

Перес 2007 йилдан 24 июл 2014 йилгача Исроил президенти бўлган. 1995 йилдан то 1996 йил июнигача мамлакат ҳукуматини бошқарган.

Исроилнинг ташқи ишлар вазири сифатида 1992 йилда Фаластин Озодлик Ҳаракати раҳбари Ёсир Арофат билан маҳфий музокаралар олиб борган. Музокаралар натижасида Ослода келишув имзоланган. Бу эришилган ютуқ натижаси ўлароқ Арофат, Перес ва ўша пайтдаги Исроил бош вазири Исҳоқ Рабинларга Нобел тинчлик мукофоти берилган.

13 сентябрда инсульт ташхиси билан шифохонага ётқизилганидан кейин собиқ президентнинг аҳволи яхшилана бошлагани кузатилгани хабар қилинган эди.

Бироқ, қариндошлари хабар қилишларича, 27 сентябр куни Шимон Переснинг аҳволи бирдан ёмонлашган.

Шимон Пересни 1948 йилда Исроил давлатига асос солган сиёсатчилар авлодининг энг сўнгги вакили деб таърифлашади.

У Исроил давлатидаги деярли барча асосий лавозимларни эгаллаган.

Шимон Перес 2007 йилдан 2014 йилгача Исроил президенти бўлган.

Икки марта бош вазир сифатида ҳукуматни бошқарган.

Шунингдек, ташқи ишлар, ички ишлар, мудофаа, молия ва алоқа вазири лавозимларида ҳам фаолият юритган.

1994 йили Шимон Перес Тинчлик бўйича Нобел мукофоти билан тақдирланган эди.

Шимон Перес, ўша пайтдаги Исроил бош вазири Исхак Рабин ва Фаластин раҳбари Ёсир Арафот Фаластиндаги тинчлик музокаралари учун Тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор кўрилган эдилар.

Бу музокаралар Фаластинда бошқарувни фуқаровий ҳокимият қўлига ўтказиш имкониятини берганди.

Шимон Перес фаластинликлар Исроилнинг "энг яқин қўшниси, улар энг яқин дўстлари бўлишлари мумкин", деб айтган.

XS
SM
MD
LG