Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:38

Қирғизистонда президент ўтказмоқчи бўлган референдумга қарши имзо тўпланмоқда


Қирғизистонда ўтган сайловлардан биридан олинган сурат.
Қирғизистонда ўтган сайловлардан биридан олинган сурат.

“Референдумга йўл йўқ” жамоатчилик ҳаракати Қирғизистонда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича ўтказилиши режалаштирилаётган референдумга қарши овоз йиғиш жараёнини бошлади. Айни пайтда Қирғизистон парламенти 29 сентябрь куни кўпчилик овоз билан референдум тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Конституцияга ўзгартиришлар киритиш ва бу борада референдум ўтказиш президент Алмазбек Атамбаевнинг ташаббуси эди.

“Референдумга йўл йўқ” жамоатчилик ҳаракати референдум ўтказмаслик ва парламентни тарқатиш талаби билан имзо йиғиш жараёнини бошлади.

“Амалдаги қонунчиликка, парламент регламентига зид келадиган қарорларни қабул қилаётган ва жамоатчилик фикрига эътибор қаратмаётган, бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга учиб бориб даволанаётган бемор президент томонидан бошқарилаётган парламент президент маъмуриятига тўла қарам бўлиб қолгани аён бўлди. Бундай парламентнинг ўйланмасдан нотўғри қарорлар қабул қилиш хавфи мавжуд”, дейилади “Референдумга йўл йўқ” ҳаракати фаоллари тарқатган баёнотда.

“Ватандошлар назорати” жамоат ташкилоти эса парламентнинг Конституциявий қонунчилик, давлат тузилиши, суд ва ҳуқуқий масалалар қўмитаси раиси Асел Кодурановани судга берди.

Бунга парламент “Референдум тўғрисида”ги қонунни қабул қилишда Конституция, парламент регламенти ва бошқа қонунларни бузганлиги сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Қирғизистонда нафақат жамоатчилик фаоллари, балки парламент депутатларидан айримлари ҳам Конституцияга ноқонуний равишда ўзгартиришлар киритилмоқда, бу масалада референдум ўтказиш Конституцияга зид, деб ҳисобламоқда.

-Конституциянинг қайси моддасига биноан Конституцияга ўзгартиришлар киритилиб, референдум ўтказилмоқчи деган саволимга жавоб ололмадим. Амалдаги қонунчиликда референдумни фақат президент эълон қилади, қонунчилик ташаббуси эса 300 минг ватандош томонидан кўтарилади. Депутатлар қонунларни бузган ҳолда ўзлари ташаббус кўтариб чиқди. Бу бирорта ҳам қонунда кўрсатилган эмас. Демак бу ишларнинг ҳаммаси ноқонунийдир, -деди депутат Аида Салянова.

У айрим ҳамкасблари бундай қонунбузарликларга йўл қўйганлари учун келажакда жавоб беришларидан огоҳлантирди.

Қирғизистон Конституциясида Бош қонунга 2020 йилгача ўзгартиришлар киритиш тақиқлангани қайд этилган. Бироқ шунга қарамай президент Алмазбек Атамбаев Конституцияга ўзгартириш киритиш жараёнини бошлаб юборган эди. Шу кунгача бу ўзгартишларнинг муаллифлари ким экани депутатларга ҳам, жамоатчиликка ҳам қоронғу бўлиб қолмоқда.

Қирғизистон парламенти Конституциявий ислоҳотга йўл очиб берадиган “Референдум тўғрисида”ги қонунни 29 сентябрь куни 90 овоз билан қабул қилди. Бу қонунга қарши 11 депутат овоз берди.

Атамбаевнинг Конституцияга ўзгартириш киритиш ҳаракати Қирғизистондаги сиёсий вазиятга ҳам таъсир қилди. Конституциявий ислоҳотга қарши бўлган сиёсатчиларга нисбатан ахборот компанияси бошланди. Президентнинг 31-август куни бу борада сўзлаган нутқидан сўнг эса мамлакатда сиёсий жанжал бошланиб, парламент депутати Ўмурбек Текебаев Атамбаевни коррупцияда айблаб чиқди.

Мухолифат Алмазбек Атамбаев ҳокимиятга таъсир ўтказиш салоҳиятини сақлаб қолиш учун Конституциявий ислоҳот ўтказмоқчи, деб ҳисоблайди. Бироқ Атамбаевнинг ўзи бир неча маротаба президентлик ваколати якунланадиган 2017 йилдан сўнг президент ҳам, бош вазир ҳам, парламент депутати ҳам бўлмоқчи эмаслигини айтган.

XS
SM
MD
LG