Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:25

Ашуро куни Кобулдаги шиа масжидига қилинган ҳужумда 14 одам ҳалок бўлди


Афғон ҳарбийлари ҳужум содир этилган масжид олдида.
Афғон ҳарбийлари ҳужум содир этилган масжид олдида.

Афғонистон пойтахти Кобулда жанггариларнинг шиа масжидига қилган ҳужуми оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди ва 36 одам яраланди. Ҳалок бўлганларнинг асосий қисми Ашуро куни муносабати билан ибодатга келган тинч аҳоли вакиллари экани маълум қилинди.

Полиция матбуот котиби Седик Сиддиқийнинг Озодлик радиосига билдиришича, Кобулдаги йирик зиёратгоҳлардан бири бўлган Карте Сахи зиёратгоҳига қилинган ҳужумда 36 киши яраланган. Сиддиқийга кўра, ҳалок бўлган 14 кишидан 13 нафари тинч аҳоли вакили, бир нафари эса полиция ходимидир.

Афғонистон соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари эса воқеа жойида яраланган 43 одам касалхонага келтирилганини билдирмоқда. Вазирлик расмийларига кўра, ҳалок бўлганлар сони янада кўпайиши мумкин, чунки яраланганлар орасида ҳаёти хавф остида бўлган одамлар бор.

Афғон хавфсизлик кучлари ҳужум бўлган жойдан ўнлаб одамларни хавфсиз жойга олиб чиқишга муваффақ бўлган.

Хабарларда айтилишича, ҳужумчи ҳарбий ёки полициячи кийимида бўлган.

Шиа мусулмонлари Ашуро кунини байрам сифатида нишонлаш учун бу ерга йиғилган эди.

Ашуро куни шиаларнинг асосий байрамларидан бўлиб, у жорий йилда 11 ва 12 октябрь кунлари нишонланади. Шу куни имом Ҳусайн ва унинг 72 саҳобаси, оила аъзолари Карбалода ўлдирилган эди. Ашуро кунида шиалар 680 йили Карбалода ўлдирилган имом Ҳусайнни хотирлашади.

Аввалроқ шиаларга нисбатан ҳужум уч нафар жанггари томонидан амалга оширилгани хабар қилинган эди. Бироқ Кобул полицияси раҳбари Абдул Раҳмон Раҳимий ҳужум бир нафар жанггари томонидан қилинганини ва у полиция томонидан отиб ўлдирилганини билдирди.

Ҳозирча ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади. Толибон вакили Забиулло Мужоҳид ўз ҳаракати ҳужум уюштирмаганини маълум қилди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 11 октябрь куни ҳужум қурбонлари оила аъзоларига таъзия билдирди. У ҳужумни “инсониятга қарши қилинган аниқ жиноят”, деб атади.

Афғонистонда июль ойида ҳам шиаларга қарши террор ҳаракати амалга оширилган эди. 84 одам ҳалок бўлган мазкур ҳужум учун масъулиятни “Исломий давлат” гуруҳи ўз зиммасига олган.

2011 йилда Кобулдаги шиа масжидига қилинган худкуш ҳужумда 54 одам ҳалок бўлганди. Ўша куни Мозори Шарифдаги шиа масжидига ҳам ҳужум қилинган ва 4 одам ўлдирилган.

Кобул полицияси ҳужумлар такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантирган ҳолда шиа жамоасини йирик йиғилишларни ўткизмасликка чақирмоқда.

XS
SM
MD
LG