Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:31

Қирғизистон Ўзбекистон билан чегараларни аниқлаш жараёни конструктив ўтаётганини билдирди


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ўтиш учун навбат кутаётган ватандошлар.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ўтиш учун навбат кутаётган ватандошлар.

Қирғизистон ҳукумати сўнгги бир ой ичида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш ишлари аввалги йилларга нисбатан кескин жонланганини ва чегарадаги баҳсли бўлган 55та ҳудуд масаласи муҳокама қилина бошланганини маълум қилди. Ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш ишлари жонланганини биринчи бўлиб ўтган ҳафтада Тошкент ҳукумати билдирган, Бишкек расмийлари эса шу кунгача сукут сақлаб келаётган эди.

Қирғизистон ҳукуматининг матбуот котиби Тўлгўнай Стамалиеванинг айтишича,чегараларни аниқлаш бўйича давлатлараро комиссия сентябрь ойидан бери фаол ишлашни бошлаган.

-Қирғиз-ўзбек ҳукуматлараро делегацияси ишчи гуруҳларининг ўтган ҳафтадаги учрашувлари сентябрь ойидан бери даволм этаётган жараённинг давомидир. Сентябрдан то шу кунгача комиссия уч марта учрашди. Ишчи гуруҳлар жами элликдан ортиқ баҳсли участкаларга бориб, керакли ишларни бажаришди. Қирғиз делегацияси аъзолари учрашувлар конструктив руҳда ўтаётганини билдирмоқда, -деди Тўлгўнай Стамалиева.

Қирғиз расмийларининг билдиришларича, аввал Ўзбекистон делегацияси Қирғизистонга келган. Улар Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида бир неча кун бўлишган. Шундан сўнг қирғиз делегацияси Андижон, Наманган ва Фарғонага борган.

-Ўзбекистон томондан ҳукумат вакили, Андижон вилоят ҳокими ва бошқалар келишди. Улар билан Ўзбекистонга чегарадош бўлган барча ҳудудларни бориб кўрдик. Баҳсли ҳудудлар масаласида улар ўз нуқтаи назарини билдирди, биз ўз фикримизни айтдик. Шундан сўнг Қирғизистон делегацияси Ўзбекистонда ўн кун бўлиб келди, -деди Қирғизистон ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги мухтор вакили ўринбосари Бакитбек Анаркулов.

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлараро комиссияси чегараларни аниқлаш жараёнини жонлантиргани ҳақида биринчи бўлиб 15 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берган, бироқ қирғиз ҳукумати шу кунгача бу ҳақда жамоатчиликка маълумот бермаган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборотида Фарғона ва Андижонда ўтган музокаралардан сўнг Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича протокол имзолангани, чегарани аниқлаш ишлари 5 октябрдан 15 октябргача олиб борилгани айтилган.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараларини аниқлаш бўйича давлатлараро комиссиясининг Ўзбекистон гуруҳи аъзоларидан бири бу тўғрида 17 октябрда Озодлик радиосига маълумот берган эди.

Бироқ Ўзбекистон томони ҳам, Қирғизистон томони ҳам имзоланган протокол моҳиятини жамоатчиликка очиқламаяпти.

Чегара масалалари бўйича эксперт Эркин Абдразаков икки давлат ўртасидаги ишчи гуруҳларнинг фаоллашгани ортидан Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 25 йилдан бери ҳал қилинмай келинаётган 55 та баҳсли ҳудуд масаласи тез кунларда ҳал этилади қабилидаги башоратларга ишонмаслигини айтди:

-Чегара бўйича сўзлашувларда муз тўла кўчди, деб айта олмайман. Бугунги кундаги жонланиш узоқ йиллардан бери бир-бирини соғинган икки халқнинг яқинлашуви сифатидагина қабул қилиниши мумкин. Шунинг учун баҳсли участкалар масаласи яқин икки-уч йилда ҳал бўлмайди. Негаки, Ислом Каримов вафот этгани билан, ҳокимиятда у киши тарбиялаган кадрлар қолмоқда. Улар бир кун ичида дарров ўзгарибь қволишига ишониб бўлмайди. Бу борадаги манзара Ўзбекистон президенти сайловидан сўнггина аёнлашади, -деди эксперт.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Бу чегаранинг 320 километри шу кунгача аниқланмасдан қолмоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларини аниқлаш масаласи узоқ йиллардан бери икки давлат ўртасидаги катта муаммолардан бири бўлиб қолаётган эди. Чегаралардаги ноаниқлар туфайли Тошкент ва Бишкек ўртасига бир неча марта совуқчилик тушган.

XS
SM
MD
LG