Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:39

Мирзиёев “дом”лардаги муаммоларни янги вазирлик тузиб ҳал қилмоқчи


Ўзбекистонда “уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигини ташкил этиш бўйича тегишли ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланмоқда”.

Бу хабар Ўзбекистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг Фейсбукдаги саҳифасида 21 октябрь, шанба куни эълон қилинди.

Янги вазирликни ташкил қилиш зарурати “уй-жой коммунал хўжалиги масалалари бўйича фуқаролардан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Виртуал қабулхонасига жуда кўплаб мурожаатлар тушаётгани” билан изоҳланган.

Мақсад эса, айтилишича, “ушбу соҳада бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш”дир.

Шавкат Мирзиёевнинг Фейсбукдаги саҳифасидаги хабарда ташкил этилиши кутилаётган янги вазирликка доир бошқа маълумот берилмаган.

Хўш, уй-жой коммунал хўжалиги масалалари билан шуғулланувчи алоҳида вазирлик ташкил қилишга қандай зарурат бор?

Бу савол билан тошкентлик ҳуқуқшунос ва кўпқаватли уйда яшагани учун бир истеъмолчи сифатида бу масалалар билан кунда юзма-юзма келадиган уй бекаси Гулнора Оқиловага мурожаат қилдик.

Шуниси қизиқки, Ҳукумат таркибида янги вазирлик ташкил қилинишига оид хабарни Озодлик мухбиридан эшитган ҳуқуқшунос, янги вазирлик ташкил қилиниши сабабини тахмин қилар экан, Фейсбукдаги матнда келтирилган гапни деярли сўзма-сўз такрорлади:

“Бу соҳадаги шикоятлар жуда кўпайиб кетгани учун ташкил қилинаётган бўлса керак янги вазирлик”, деди Гулнора Оқилова.

Маълумки, уй-жой коммунал хўжалиги иқтисодиётнинг бир соҳаси бўлиб, унинг вазифаси аҳоли истиқомат қиладиган жойлар ва ўша жойлардаги биноларнинг фаолиятини ҳамда аҳолига коммунал ресурслар ва маиший хизматларнинг кенг спектрини кўрсатиш орқали одамларнинг хавфсиз, қулай яшашини таъминлашдир.

Бу соҳадаги муаммолар хусусий секторда ошиғич долзарб кўринмаслиги мумкин. Чунки бу секторда ҳар бир ҳовли-жой билан боғлиқ муаммолар ўша ҳовли-жой эгасининг ўз зиммасида. Бироқ худди шу гапни кўпқаватли уйлар мисолида айтиб бўлмайди.

Худди шу ҳолатдан келиб чиқиб, Ўзбекистонда 2006 йили “Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.

“Қонуннинг мақсади кўп квартирали уйларда уй-жой фондини биргаликда бошқариш ҳамда уни сақлаш, асраш ва таъмирлашни таъминлаш учун ихтиёрий бирлашма сифатида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат”, эканлиги мазкур ҳужжатнинг 1- бандида ёзиб қўйилган.

Тошкент шаҳрининг Себзор мавзесида истиқомат қиладиган ҳуқуқшунос Гулнора Оқилованинг айтишича,

- Ширкат – кўпқаватли уй аҳолиси билан биргаликда, унинг моддий ёрдами билан ўша уйнинг фаолияти ва хавфсизлигини таъминлайдиган уюшмадир. Битта ширкат бир неча кўпқаватли уйга қараши мумкин.

Кўпқаватли уйдаги хонадонлар эгалари ширкатга ҳар ойда пул ўтказиб туради. Масалан, Гулнора Оқилованинг айтишича, у яшайдиган домдаги бир хонали квартира ширкатга ойига 12 минг сўм тўлайди. Албатта, иссиқ ва совуқ сув, иссиқлик, газ, электр қуввати учун алоҳида пул тўланади.

- Лекин, - дейди Гулнора Оқилова, - ширкатлар аҳолидан пул йиғгани, камига давлатдан ёрдам олишига қарамай, шикоятлар жуда кўп: томлардан чакка ўтади, подвалларни сув босиб ётибди, совуқ ва иссиқ сув қувурлар ўнлаб йиллардан бери алмаштирилмаган...

- Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигини ташкил қилиш билан бу соҳада тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш мумкинми?

Бу саволга себзорлик уй бекаси ва ҳуқуқшунос Гулнора Оқилова анчайин скепсис билан жавоб берди:

- Янги вазирликнинг фойдаси қандай бўлишини билмайман. Лекин мен бошқа нарсани биламан. Бизникилар дабдабали сўзлар билан ҳар-хил ташкилотлар очишга уста. Амалда эса, ҳеч қандай фойдаси бўлмаслиги ҳам мумкин.

XS
SM
MD
LG