Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2021, Тошкент вақти: 17:49

Ўзбекистон хабарлари

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев электр таъминотини яхшилашга ваъда бермоқда

Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида қишлоқ жойларда электр ва сув таъминотини яхшилаш масаласини кўтармоқда.

Бу ҳақда Мирзиёевни президентликка номзод сифатида кўрсатган Ўзбекистон Либерал демократик партияси расмий сайтида хабар берилди.

Хабарда айтилишича, бугунги кунда мамлакат электр тармоқларининг 67 фоизи эскирган ва янгиланишга муҳтож. Шундан келиб чиққан ҳолда 25 минг километрли кичик кучланишдаги электр линияларини барпо этиш ва 5,5 мингта эскирган трансформаторли подстанцияларни янгилаш лозим бўлади.

Бугунги кунда куз- қиш мавсумида Ўзбекистонда электр энергияси тақчиллиги кузатилади. Озодлик манбаларининг айтишича, қиш мавсумида кўпгина туманларда электр қуввати кунига икки-уч соат берилган ҳолатлар ҳам қайд этилган.

Кун янгиликлари

Cotton Campaign: 2020 йил пахта теримида ҳам айрим ҳудудларда мажбурий меҳнат кузатилди

Хоразмда пахта тераётган ҳарбийлар.

Cotton Campaign халқаро коалицияси 2020 йил пахта йиғим-теримида Ўзбекистон ҳукумати аҳолини мажбурий меҳнатга жалб этмаслик йўналишида сезиларли силжишларга эришганини олқишлади. Баёнотда айтилишича, Cotton Campaign халқаро коалициясининг илғор ҳамкори бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми сўнгги 10 йилликда биринчи марта мамлакатнинг пахта етиштирувчи айрим туманларида бирорта ҳам мажбурий меҳнат ҳолатини аниқламаган.

Айни пайтда 2020 йил ҳосили теримида мажбурий меҳнат ҳолатлари кузатилган. Маҳаллий амалдорлар аҳолини пахта теримига чиқишга ёки иш ҳақининг бир қисмини теримчиларни ёллаш учун ўтказишга мажбурлаган. Кузатувчилар бу каби ўнлаб ҳолатларни ҳужжатлаштирган.

“Биргина мисол: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2890 ўт ўчирувчини Қашқадарё тумани Миришкор туманига пахта теримига жалб қилиш тўғрисида буйруқ чиқарган. Ёмон шароитда яшаган ўт ўчирувчилар белгиланган миқдорда пахта тера олмай, ҳар куни маҳаллий аҳолидан пахта сотиб олишга мажбур бўлган. Бу мажбурий меҳнат кузатилмаган бошқа туманлардан фарқли равишда содир бўлган ”,-дейилади баёнотда.

Ғарб давлатларидаги ҳуқуқ ҳимоячилари¸ бизнес ва инвестиция гуруҳларидан тузилган Cotton Campaign коалицияси 2010 йили болалар ва мажбурий меҳнат эвазига терилган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган ва бу бойкотга умумий капитали 1 триллион долларга тенг бўлган Nike, Zara, GAP, C&A, Levi's, H&M, UNIQLO каби етакчи кийим-кечак ва тўқимачилик ширкатлари қўшилган эди.

Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларининг ихтиёрига зид равишда 2020 йилда ҳам айрим ҳудудларда пахтага мажбурлангани ҳақида Озодлик хабар берган.

Коррупция даражаси бўйича халқаро рейтингда Ўзбекистон 146-ўринни эгаллади

2019 йилда Ўзбекистон мазкур рейтингнинг 153-поғонасида эди.

Transparency International халқаро ташкилотининг жаҳон давлатларидаги коррупция даражаси бўйича навбатдаги ҳисоботида Ўзбекистон 180 давлат орасида 146-ўринни эгаллади. 2019 йилда Ўзбекистон мазкур рейтингнинг 153-поғонасида эди.

Рейтингда коррупция даражаси 0 баллдан 100 баллгача бўлган миқдорда ўлчанади. Балл қанча юқори бўлса, мамлакатда коррупция даражаси озлигини англатади. Ўзбекистон мазкур рейтингда 26 балл олган.

Минтақа давлатлари ичида Қозоғистон 113-ўринни, Қирғизистон-124 ўринни, Тожикистон 149 ўринни, Туркманистон 166-ўринни эгаллади.

Рейтингда 88 балл берилган Дания, Янги Зеландия, 85 балл олган Финландия, Сингапур, Швеция ва Швейцария коррупция энг оз мамлакатлар ўнлигидан жой олди.

Жаҳоннинг энг коррупциялашган мамлакатлари қаторидан 12 балл олган Жанубий Судан ва Сомали жой эгаллади.

Ҳар 10 гектар ердан 1 гектари ёшларга берилади

Ўтган йили ер ажратилишини сўраб мурожаат қилган 14 минг ёшдан фақат 3 минг нафарига ер берилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ёшлар масаласига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга жойларда ҳар 10 гектар экин еридан 1 гектарини ёшларга деҳқончилик учун ажратиш тўғрисида буйруқ берди. Президент матбуот хизматининг билдиришича, ҳукумат тез орада мазкур тартибни жорий этиши лозим.

Йиғилишда президент ёшларни иш билан таъминлашда деҳқончилик катта аҳамиятга эга эканини айтди.

Президентга кўра, ўтган йили ер ажратилишини сўраб мурожаат қилган 14 минг ёшдан фақат 3 минг нафарига ер берилган.

“Ҳар бир фермер 2 гектардан ерини ярим гектардан қилиб, 4 нафар ёшларга бўлиб берсин. Улар бу ерга истаган экинини эксин, ҳеч ким аралашмайди”, — деди президент.

Шунингдек, қудуқлар қазиб, захира ерларни ёшларга фойдаланиш учун бериш, томорқада лимончилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик қилишлари учун кредитлар ажратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Нурафшонда боласини 4 минг долларга сотаётган аёл ушланди

Боласини сотаётган аёлга унинг дугонаси кўмаклашган.

Тошкент шаҳрининг Нурафшон шаҳрида 3 яшар боласини 4 минг долларга сотаётган қўқонлик аёл ва унга бу ишда кўмаклашган таниши қўлга олинди.

Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 24 январь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Қўқон шаҳрида яшовчи 1980 йилда туғилган Малика Қурбонова (исми шарифи ўзгартирилган) ва унинг таниши 1978 йилда туғилган Зайнаб Холова (исми шарифи ўзгартирилган) 2018 йилда туғилган ўғлини шартли харидорга сотаётганда ушланган.

Ички ишлар ходимлари болани отасига қайтарган. Суҳбат давомида ота хотини ва унинг таниши уни алдаб боласини уйдан олиб чиқиб кетганини, боланинг сотилишидан хабари бўлмаганини ва қаттиқ таассуфда эканлигини билдирган.

“Олиб борилган дастлабки суриштирув ишлари давомида М.Қурбонова аввал хам шу каби ҳолатни содир этиб, учинчи фарзанди 2016 йилда туғилган ўғли (М.Қ.)ни моддий манфаат эвазига бериб юборганлиги аниқланган”,-дейилади расмий хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан қўлга олинганларга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 135-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ёшлар муаммоларини тизимли ўрганиш вазифаси ДХХга топширилди

Ўзбекистонда ёшларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли ўрганиш ва мувофиқлаштириш вазифаси Давлат хавфсизлик хизматига юклатилди. Дарё.уз нашрининг ёзишича, бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган.

Ш. Мирзиёевга кўра, вазифанинг муҳимлиги инобатга олиниб, ДХХ ёшлар муаммолари бўйича режаларнинг жойларда амалга оширилишини назорат қилади.

Йиғилишда Республика ишчи гуруҳи жойларда ёшларнинг таклифларини “маҳаллабай” ўрганаётгани, шу пайтгача пойтахт Тошкент ва 6 та вилоятда 50 мингга яқин ёшлар билан мулоқотлар ташкил этилгани қайд этилган.

Мазкур мулоқотлар чоғида билдирилган таклиф ва истаклар асосида туман ва шаҳарлар кесимида ёшлар дастурлари тасдиқланган, бу дастурларнинг ижросини таъминлаш ДХХга топширилган.

Блогер: Муолажа таътили учун ҳар бир ҳокимга 7 миллион сўмдан кўпроқ сарфланган

Ўзбекистонда январь ойида тиббий кўрикдан ўтиш учун 10 кунлик таътилга чиққан ҳокимларнинг ҳар бирига давлат бюджетидан 7 миллион сўмдан кўпроқ пул ажратилган.

Ҳокимлар таътил чоғида муолажани бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошираётганига давлат харидлари порталини кузатиб бораётган davletovuz Телеграм-канали эътибор қаратган.

“Масалан, Уйчи туман ҳокими М.П.Апаковнинг “Чинобод Плаза Санаторийси”да 10 кунлик даволаниши 7 млн 361 минг 660 сўмга тушган. Бундай йўлланмаларни Учқудуқ тумани ҳокимлиги ва бошқа қатор ҳокимликлар ҳам олган. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши эса 4 та худди шундай йўлланма олган”, дея қайд этган davletovuz.

Ҳокимларнинг босқичма-босқич қисқа муддатли таътилга чиқаётгани ҳақида аввалроқ маҳаллий матбуот хабар қилганди.

Ўзбекистонда вилоят, туман ва шаҳар раҳбарлари даволаниш учун пойтахтга келаётгани ижтимоий тармоқда эътирозларга сабаб бўлгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Хусусан, шифокор блогер Фазлиддин Мўминов Телеграмдаги ўз саҳифасида мазкур ҳолатга муносабат билдираркан: “Қашқадарёдан туман ва шаҳар ҳокимлари тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш учун Тошкентга қараб келаётган экан. Нега Қашқадарёни ўзида тиббий текширувлардан ўтиб, даволана қолишмади экан-а? Жон ширин дейсизми? Ҳа унда вилоятдаги миллионлаб аҳолининг жони аччиқми? Қайси ариқда сув тиниқроқ бўлса ўшанга қараб чопгандан кўра, ўз ариғини тиниқлаштириш йўлини топиши керак эмасми мироб деганлари?” деб ёзган эди.

Давлат харидлари порталидаги маълумотлардан келиб чиқилса, ҳокимлар вилоятлардаги оддий солиқ тўловчилар қатнаётган тиббий муассасаларда даволанишдан бош тортибгина қолмай, хос шифохоналардаги муолажаси учун ҳам ўша солиқ тўловчилар пулини сарфлаётгани аёнлашади.

Қашқадарёнинг қатор туманлари кунига 16-18 соат электрсиз қоляпти

Қашқадарё вилоятининг Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб, Чироқчи, Ғузор, Нишон туманлари ва Шаҳрисабз шаҳри электр таъминотида 16-18 соатгача, қолган туманлар электр таъминотида 8-10 соатгача ҳам узилишлар содир бўлмоқда. Бу ҳақда “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вилоят ҳудудидаги электр таъминотида содир бўлаётган узилишларга ягона энергетика тизимида қувват танқислиги ҳолатлари юзага келганлиги сабабли ягона энергетика тизимида турғун иш режимини сақлаш, содир бўлиши мумкин бўлган аварияларнинг олдини олиш мақсадида “Миллий электр тармоқлари” АЖга қарашли диспетчерлик хизматлари томонидан юқори кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларида электр энергиясини чеклаш ва аварияга қарши автоматика тизимларини ишлаши сабаб ўлароқ кўрсатилган.

Қашқадарёлик энергетикларга кўра, Яккабоғ-2 юқори кучланишли электр узатиш тармоғини деярли мунтазам равишда ўчирилиши натижасида ичимлик суви таъминоти тизимига қарашли насос станцияларини электр энергияси билан таъминлаш имкони бўлмаяпти, бу эса вилоятдаги ичимлик суви таъминотида ҳам узилишлар келтириб чиқаряпти.

“Миллий электр тармоқлари” АЖга қарашли диспетчерлик хизматлари томонидан чеклашга ўчирилиши ёки автоматика тизимлари ишлаши оқибатида электр таъминотида чекловлар кузатилаётгани ҳамда унинг сабаблари юзасидан ОАВ орқали тегишли изоҳлар бериб бориш билан бир қаторда электр таъминоти бўйича билдирилаётган эътироз ва норозиликларни бартараф этиш мақсадида “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан вилоятимизга ўрнатилаётган электр энергияси етказиб беришнинг суткалик топшириғини оширишга амалий ёрдам сўраб мутасадди ташкилотларга мурожаат этиб келинмоқда”, дейилган хабарномада.

Уч ҳафта муқаддам Талимаржон иссиқлик электр станциясидаги ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита энергоблок тўхтагани, бунинг оқибатида Қашқадарё вилоятининг қатор туманларида сув ва электр энергияси таъминоти тўхтаб қолгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Мирзиёев жанубий кореялик ҳамкасби билан онлайн саммит ўтказади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси президенти Мун Чже Ин билан, Сеул, 2017 йил 23 ноябри

Олий даражада илгари эришилган келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси президенти Мун Чже Ин билан 28 январь куни видеоанжуман шаклида учрашув ўтказади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, музокаралар кун тартибидан икки томонлама алоҳида стратегик шериклик муносабатларини, минтақавий ҳамкорлик ва икки давлатнинг халқаро ташкилотлар доирасидаги шериклигини ривожлантиришга доир долзарб масалалар ўрин олган.

Саммитда Шавкат Мирзиёев ва Мун Чже Ин Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг бугунги ҳолати ва уни мустаҳкамлаш истиқболларини, савдо, инвестициялар, инновациялар, саноат ва энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданий алмашинув соҳаларида аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалаларини таҳлил қилишади, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқишади.

Саммит якунида рақамли технологиялар, лойиҳалаштириш фаолияти, соғлиқни сақлаш ва бошқа муҳим йўналишларда янги ташаббусларни илгари суриш кўзда тутилган қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилмоқда.

Жанубий Корея 2020 йилда Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари орасида тўртинчи ўринни эгаллаган. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми, Давстатқўм маълумотига кўра, 2 миллиард 142 миллион 400 минг долларни ташкил қилиб, бунинг 45,5 миллион доллари экспортга, 1 миллиард 96 миллион 800 минг доллари эса импортга тўғри келган.

Депутатлар “Халқлар дўстлиги куни”ни нишонлашга оид қонунни қабул қилишди

Тошкентдаги парламент биноси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида чоршанба куни депутатлар томонидан 30 июль санасини Ўзбекистонда "Халқлар дўстлиги куни" этиб белгилашга оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, қабул қилинган. Бу ҳақда қуйи палата депутати Расул Кушербаев Телеграм тармоғидаги ўз канали орқали маълум қилди.

Палатанинг бошқа депутати Ақшагул Тулегеновага қайдича, мазкур ташаббусга БМТ Бош Ассамблеясининг 65-сессиясида қабул қилинган резолюциясида (2011 йил, 3 май) 30 июлни Халқаро дўстлик куни (International Day of Friendship) сифатида кенг нишонлаш белгилангани туртки бўлган.

Қонун уч ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда айни вақтда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилишади. Миллатларнинг қадриятларини асраб-авайлаш, урф-одатлари давомийлигини сақлаш мақсадида 141 та миллий маданий марказ фаолият юритяпти.

Ёшларнинг 17 фоизи ишсиз. Уч ёшни ишга жойлаштира олмаган прокурор лавозимидан бўшатилди

Президент 27 январь куни ёшлар масаласида йиғилиш ўтказди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоизни ташкил қилмоқда. Мамлакатда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд. Бу – аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этади. Бу рақам президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида эътироф этилди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, йиғилишда ҳокимларнинг иқтисодиёт, инвестициялар ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарларига ёшларни иш билан банд қилиш, солиқ идораси, савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари раҳбарларига ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, туман прокурори, ички ишлар ва мудофаа бўлими бошлиқларига “уюшмаган ёшлар билан ишлаш, жиноятчиликни жиловлаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш” вазифаси юкланди.

Президент кўрсатмаси асосида 2021 йилда 500 минг ёш касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилиши зарур.

Маҳаллий матбуотнинг таъкидлашича, йиғилишда Шавкат Мирзиёев Когон шаҳар 2-сектор раҳбари – шаҳар прокурорини ишдан бўшатган.

Мирзиёевнинг айтишича, у когонлик ёшлардан уч нафарини ишга жойлаштиришга ваъда берган, бироқ бу ваъдасини бажармаган.

Президент ўз ихтиёрига кўра исталган маҳкумни афв этиши мумкин

Иллюстратив сурат.

Президент маҳкумнинг ёки жазони ўтаб бўлган шахснинг афв этишни сўраб ёзган илтимосномаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар ўз ташаббуси билан исталган маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиши мумкин. Мазкур меъёр президент 26 январда имзолаган 6146-сонли фармонда белгилаб қўйилди.

Фармонга асосан президентнинг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаларининг Фуқаролик, афв этиш ва сиёсий бошпана бериш масалалари бўйича шўъбаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаларининг фуқаролик ва афв этиш шўъбаси этиб ўзгартирилди.

Шўъба президентдан топшириқ хатини олган кундан эътиборан 1 иш куни ичида президент ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича Комиссияси аъзоларига мажлис ўтказилиши куни ва жойи ҳақида хабар беради.

Комиссия мажлиси якунида бўйича Шўъба томонидан маҳкумларни ёки жазони ўтаб бўлган шахсларнинг шахсини ва ҳужжатларини ўрганиш учун ишчи гуруҳлар шакллантирилади ва уларнинг жойларга чиқиши ташкил этилади.

Ишчи гуруҳ Комиссия муҳокамасига киритиш учун ҳужжатлари ажратиб олинган маҳкумлардан ёки жазони ўтаб бўлган шахслардан уларга нисбатан афв этиш масаласи кўриб чиқилишига эътирози йўқлиги ҳақида розилик хати олади. Розилик хатига зарур ҳужжатлар илова қилинади.

Маҳкум ёки жазони ўтаб бўлган шахс розилик хатини ёзмаган тақдирда, унинг ҳужжатлари Комиссиянинг муҳокамасига киритилмайди.

Комиссия ишчи гуруҳ томонидан тақдим этилган ҳужжатларни муҳокама қилиб, афв этилиши мумкин бўлган маҳкумлар ёки жазони ўтаб бўлган шахслар бўйича баённома қарорини қабул қилади ва Президентга таклиф киритади.

Комиссиянинг маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этишга тавсия қилишни рад этганлиги, уларга келгусида афв этишни сўраб илтимоснома билан мурожаат қилишга монелик қилмайди.

Оҳангарондаги “Орзу” дам олиш маскани 1 сўм қийматда сотувга қўйилди

“Орзу” дам олиш маскани манзараси. Давлат активларини бошқариш агентлиги фотоси.

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги Кўксарой маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Орзу” дам олиш маскани онлайн аукционда 1 сўм қийматда сотувга қўйилди.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ким ошди савдоси 3 февраль куни ўтказилишини маълум қилди.

4,5 гектарни ташкил қиладиган “Орзу”ни ҳарид қилган инвестор 24 ой давомида бу масканга 4 миллиард сўм сармоя киритиш ва 30 та янги иш ўринларини яратиш мажбуриятини олиши шарт.

Ўтган йили ҳар уч ўзбекистонликдан бири “Тез ёрдам”га мурожаат қилган

2020 йилда "Тез ёрдамга" мурожаат қилганлар сони 2019 йилга нисбатан 1,5 миллионга кўп бўлди.

2020 йилда “Тез ёрдам”га мурожаат қилган ўзбекистонликлар сони 11,5 миллионга яқинлашди. 2019 йилда бу рақам 10 миллион кишини ташкил қилган эди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Ўтган йилида энг кўп чақириқлар Фарғона, Андижон, Тошкент, Наманган вилоятлари ва пойтахтдан келиб тушган. Бу вилоят ва шаҳарларнинг ҳар биридан камида 1 миллион одам”тез ёрдам” чақирган.

“2020 йилда мурожаатлар сони ошганлигини пандемия шароити билан боғлаш мумкин. Чунки карантин даврида COVID-19ни юқтириш хавфи туфайли уйдан чиқишни афзал кўрмаганларнинг аксарияти “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилишди”,-дейилади расмий билдирувда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 34,5 миллион кишини ташкил этмоқда.

Бензин нархи 1 февралдан оширилиши кутилмоқда

1 литр Аи-80 бензини 110 сўмгача қимматлаши мумкин.

Жорий йилнинг 1 февралидан нефт маҳсулотлари учун акциз солиғи оширилади. “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети тўғрисида”ги қонун қабул қилингани муносабати билан айрим қонунларга ўзгартишлар кирититлган.

Мазкур ўзгартишларга мувофиқ 1 февралдан акциз солиғи 1 тонна Аи-80 бензинига 240 минг сўм, 1 тонна Аи-92, Аи-93 ва Аи-95 бензига 275 минг сўм, 1 тонна дизел ёнилғисига 240 минг сўм қилиб белгиланган.

2021 йилнинг 1 январида Аи-80 бензинига 200 минг сўм, Аи-92, Аи-93 ва Аи-95 бензига 250 минг сўм, дизел ёнилғисига 200 минг сўм акциз солиғи белгиланган эди. Шундан келиб чиқилса, нефть маҳсулотлари акцизи 25-40 минг сўмга оширилган.

Маҳаллий матбуотнинг ҳисоб-китобича, акциз солиқлари оширилиши ортидан 1 литр Аи-80 бензини 110 сўмгача, бензиннинг қолган турлари 1-2 фоизга қимматлаши мумкин.

Коронавирусга чалинганлар сони 78,5 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 26 январь ҳолатига кўра, 78510 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ўтган кеча-кундузда Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 39 нафар киши коронавирус юқтириб олган.

Қайд этилишича, сешанба куни Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 85 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 76 997 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса 892 нафарни ташкил этиб, улардан 158 нафарининг аҳволи оғир, 32 нафарининг эса аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

Бу орада, Worldometer сайти маълумотига мувофиқ, Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олгани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 621 нафарга етган.

Собиқ қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов ўз партиясини рўйхатдан ўтказиш учун Адлия вазирлигига борди

Жаҳонгир Отажонов

Аввалроқ президентликка номзодини қўйиш истагини билдирган собиқ қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов 26 январь куни ўз сафдошлари ҳамроҳлигида “Халқ манфаатлари” демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлиги биносига борган. Бу ҳақда Ж. Отажонов Инстаграмдаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, янги партия ташаббускорлари Адлия вазирлиги томонидан қабул қилинган ва ташрифчиларга партия тузиш учун уни камида 20 минг одам қўллаб-қувватлаб, имзолаши кераклиги тушунтирилган. Вазирлик вакиллари ташаббускорлар мурожаати ўрганиб чиқилиши ва бу ҳақда жамоатчиликка алоҳида маълумот тақдим этилишини билдирганлар.

Аввалроқ собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов жорий йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига ўз номзодини қўйиши ва бунинг учун керак бўлса, партия ҳам тузишини маълум қилганди.

Очиқдан-очиқ айтаман, менинг ҳам президент бўлиш ниятим бор ва албатта бўламан, деб умид қиламан. Президент бўламан ва Ўзбекистонни ривожлантираман. Халқнинг гуллаб-яшнаб яшашига эришаман. Албатта, мен бу гапим билан ҳозирги кундаги давлат раҳбарига ҳеч қандай “претензия” қилаётганим йўқ ва бунга ҳаққим ҳам йўқ. Улар ҳам қўлдан келганча ҳаракат қиляпти”, деганди Ж. Отажонов.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига мувофиқ, президент лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Амалдаги сайлов қонунчилигига кўра, президентликка номзод Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бирор партия томонидан кўрсатилиши лозим.

Ўзбекистонда бу йил ўтказилажак президент сайловини декабрдан октябрь ойига кўчириш масаласи депутатлар томонидан муҳокама қилинаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Мирзиёев Давлат бошқаруви академиясига маҳалла раислари ўқитиш ҳақида топшириқ берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Давлат бошқаруви академияси зиммасига маҳалла раислари ва мазкур тизимда иштирок этадиган барча ходимлар учун ўқувлар ташкил қилиш, бунинг учун махсус дастур ва қўлланмалар ишлаб чиқиш вазифасини юклади. Бу масала Мирзиёев раислигида 26 январь куни жорий йилда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш масалалари бўйича ўтказилан йиғилишда қўйилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мажлисда иқтисодий комплекс вакилларини маҳаллага тушириб, вертикал тизимни, барча органлар фаолиятини ўзаро мувофиқ йўлга қўйиш кераклиги таъкидланган.

Мирзиёев бу тизимга жалб қилинадиган мутахассисларнинг билим ва имконияти масаласига эътибор қаратиб, 20 мингдан ортиқ ходимни ўқитиб, уларга масалани жойида ҳал этиш бўйича барча ваколатларни бериш муҳимлиги қайд этган.

Йиғилишда ҳар бир раҳбарнинг мазкур тизимдаги шахсий масъулияти ва жавобгарлигини белгилаш, барча жараёнларга кўмаклашувчи онлайн электрон платформа яратиш зарурлиги таъкидланган.

Фуқароларга оид шахсий маълумотларнинг Ўзбекистонда сақланиши мажбурий қилиб қўйилди

Ўзбекистонликларга оид шахсий маълумотларни қайта ишлаш жараёнида уларни йиғиш, тизимлаштириш ва сақлаш жисман республика ҳудудида жойлашган техник воситалар ёрдамида амалга оширилиши лозим. Бунга оид тартиб “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишларда акс этган.

Мазкур ўзгартишларга мувофиқ, фуқароларнинг шахсий маълумотлари жисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ва Давлат реестрида рўйхатдан ўтган техник воситалар ёрдамида қайта ишланиши керак.

Қайд этилишича, маълумотларни локализация қилиш талаби ахборот технологиялари, шу жумладан Интернет орқали маълумотларни қайта ишлашга тааллуқли. Бунда маълумотларни локализация қилиш, йиғиш, тизимлаштириш ва сақлаш талаби мулкдорда ёки операторнинг зиммасида бўлиб ҳисобланади. Мазкур ўзгартишлар 2021 йил 15 январидан кучга кирди.

“Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонун 2019 йилнинг январь ойида қабул қилинган бўлиб, ўша йил 1 октябридан кучга кирганди.

Шахсий маълумотлар деганда маълум бир шахсга тегишли бўлган, уни аниқлашга имкон берадиган электрон, қоғоз ва (ёки) бошқа моддий воситада ёзилган маълумотлар англашилади.

Ўзбекистонга туристлар оқими 2020 йилда қарийб 78 фоизга камайди

Бухорога келган хорижлик туристлар, 2018 йил августи

Ўтган йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистонга туризм мақсади билан ташриф буюрган хорижликлар сони 1 миллион 501 минг 400 нафарни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 77,7 фоизга камдир. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида айтилган.

Ўзбекистонга 2020 йили энг кўп сайёҳ МДҲ мамлакатларидан (1,42 миллион киши ёки 94,4 фоиз) келган, бошқа мамлакатлардан келганлар сони 83,8 минг кишини (5,6 фоиз) ташкил этган.

МДҲ мамлакатларидан келганлар орасида энг кўп турист Қирғизистондан бўлган (508 минг киши ёки барча келганларнинг умумий сонидан 33,8 фоиз). Шунингдек, ўтган йили Ўзбекистонга Қозоғистондан 424,1 минг киши (28,2 фоиз), Тожикистондан 337,5 минг киши (22,4 фоиз), Россиядан 81,6 минг киши (5,4 фоиз), Туркманистондан 60,6 минг киши (4 фоиз), Озарбайжондан 2,2 минг киши (0,1 фоиз) ва Беларусдан 1,6 минг киши (0,1 фоиз) келган.

Бошқа хорижий давлатлардан ташриф буюрганлар орасида энг кўп зиёратчини туркияликлар (21 минг киши ёки 1,4 фоиз) ташкил қилган.

Ўтган йили Ўзбекистонга келган хорижликларнинг аксарияти (1,3 миллиондан зиёд киши ёки 87,8 фоиз) қариндошларини йўқлаш мақсадида ташриф буюргани айтилмоқда.

Навоийда кўп қаватли уй қурилишида ишлатилаётган кўтарма кран қулаб тушди

Ҳодисада фақат бир киши жароҳатлангани айтилмоқда.

Навоий шаҳридаги "Ёшлик" маҳалласида кўп қаватли уй қурилишида фойдаланилаётган кўтарма кран қулаб тушди. Бу ҳақда Навоий шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.

Билдирилишича, ҳодиса 26 январь куни соат 16:00ларда “Шоҳжаҳон шамшири” ширкати қураётган кўп қаватли уйлар ҳудудида юз берган.

“Дастлабки маълумотларга кўра, кран бошқарувчиси енгил тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Ҳолат бўйича яна қўшимча маълумотлар берилади”,-деб айтилади қисқагина расмий маълумотда.

Кран қулаши оқибатида бошқа одамларга ёки биноларга қандай зарра етгани ҳақида маълумот йўқ.

Gazeta.uz нашрининг ягона реестрдаги маълумотларга таяниб ёзишича, “Шоҳжаxон шамшири” 2018 йил 4 майда Тошкент шаҳри Юнусобод туманида рўйхатдан ўтган. Ширкат ёғоч материаллари, қурилиш материаллари ва санитар-техник ускуналар улгуржи савдосига ихтисослаштирилган.

Ташкилотнинг ягона таъсисчиси ва раҳбари – Лазизжон Муродуллаевич Усмонов.

“Кун уз” нашрининг ёзишича, “бир неча кун олдин Қурилиш вазирлиги қурилиш ташкилотларининг онлайн рейтингини ишга туширган эди. Рейтингдан "Шоҳжаxон шамшири" МЧЖ ҳақида маълумотлар топилмади”.

Тошкентда хусусий авто соҳасида ривожланган давлатлар тажрибасини қўлаш режалаштирилмоқда

Тошкент кўчаларидаги авто.

Ўзбекистонда хусусий авто соҳасида ривожланган давлатлар тажрибасини қўлаш режалаштирилаётгани тўғрисида Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Аҳрорхўжа Тошхўжаев маълум қилди.

“Ривожланган давлатларда одамлар метро бекатига шахсий автоуловида келиб, уни метро ёнидаги автотураргоҳга қўяди ва йўлини жамоат транспортида давом эттиради. Ўзбекистонда ҳам ана шундай тизим ва йирик автотураргоҳларни ташкил этиш режалаштириляпти”, -деб айтган расмий.

Аҳрорхўжа Тошхўжаевга кўра, айни пайтда туркиялик мутахассислар бу борада Тошкентда ўрганиш-таҳлил ишларини олиб бормоқда.

Расмийнинг билдиришича, Тошкент шаҳрида 500 мингдан ортиқ шахсий транспорт рўйхатга олинган. Жамоат транспорти орқали эса ўртача 480 минг йўловчи ташилмоқда. Яъни шаҳар аҳолисининг 10 тадан атиги 2 таси жамоат транспортидан фойдаланмоқда.

“Биз бу кўрсаткични юқори даражага олиб чиқишимиз керак”-деб башорат қилди Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Аҳрорхўжа Тошхўжаев.

Концерт-томошага рухсат берилди. Ошхоналарга қўйилган чеклов бекор қилинди

Концерт-томоша тадбирларида томошабинлар сони залдаги ўринларнинг 50 фоизидан кўп бўлмаслиги шарт.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан 28 январидан бошлаб концерт-томоша тадбирларини ўтказишга рухсат берилди.

Концерт-томоша тадбирларида томошабинлар сони залдаги ўринларнинг 50 фоизидан кўп бўлмаслиги, оралиқ масофани сақлаши ва ниқобда бўлиши шарт.

Шунингдек, Республика махсус комиссияси умумий овқатланиш ва кўнгилочар объектлар соат 8:00 дан 23:00 гача ишлаши мумкинлиги ҳақидаги чекловни бекор қилди. Эндиликда мазкур объектлар пандемия чекловлари жорий этилгунига қадар мавжуд бўлган иш тартиби асосида фаолият юритишлари мумкин.

“Республика махсус комиссияси халқимиздан коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олиш мақсадида санитария-эпидемиологик қоидаларга қатъи риоя этишлари ҳамда мамлакатимизда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида эришилган бугунги вазиятни бардавом бўлиши учун шахсий масъулиятни оширишларини сўраб қолади”,-дейилади расмий билдирувда.

“Чегара посбонлари” отрядлари ташкил этилади

Отрядларга 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари ихтиёрий равишда қабул қилинади.

Ўзбекистон ҳукумати Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отрядлари тўғрисидаги низомни тасдиқлади.

Низомга асосан “Чегара посбонлари” отрядлари чегара зонасида, давлат чегарасига туташ туманларда яшовчи фуқаролар, шунингдек, давлат чегараси яқинида жойлашган муассаса, корхона ва ташкилотларда ишлаётган ишчи ва хизматчилардан ташкил этилади.

Отрядларга 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, соғлом, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини ҳурмат қиладиган Ўзбекистон фуқаролари ихтиёрий равишда қабул қилинади.

Посбонлар Чегара қўшинлари назорати остида ҳудудларда кузатув олиб бориш ва тунги вақтларида жамоат жойлари, маҳаллалар ва чегарадош ҳудудлардаги қаровсиз жойларда патруллик қилади.

“Кўмаклашувчи отряд Чегара қўшинлари ҳарбий қисм бўлинмалари ҳузурида 1 нафар сардор ва 9 нафаргача бўлган отряд аъзоларидан иборат таркибда ташкил этилади”,-дейилади расмий билдирувда.

“Чегара посбонлари” сардорига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваригача, яъни 1 млн 54 минг сўм, посбонларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,06 бараваригача,яъни 792 минг сўм ҳақ тўланади.

Ўзбекистонда ҳар бир ўқитувчининг электрон портфолиоси тузилади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартидан бошлаб ҳар бир халқ таълими ходимининг электрон портфолиоси шакллантирилади. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан 25 январь куни имзоланган “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.

Қарор билан жорий йилнинг март ойидан халқ таълими ходимларининг малака ошириш бўйича эҳтиёжлари ўрганилади ҳамда уларнинг индивидуал касбий ривожланиш траекторияси тузилиши, касбий ўқитишнинг уйғунлашган, иш жараёни билан биргаликда олиб бориладиган, масофавий ва бошқа турлари жорий этилиши кўзда тутилган.

Шу йил 1 сентябридан эса малака тоифасини бериш ва сақлаб қолиш бўйича мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш йил давомида амалга оширилиши, узрли сабабларга кўра (меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик, туғиш ҳамда болани парвариш қилиш таътили ва бошқалар) аттестациядан ўтмаган педагог кадрлар иш фаолиятига қайтганларига бир йил тўлгандан сўнг аттестацияга жалб этилиши ва мазкур давр мобайнида уларнинг малака тоифаси сақлаб қолиниши кутилмоқда.

Ҳужжатда Халқ таълими вазирлиги томонидан халқ таълими ходимлари малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланаётган нодавлат таълим ташкилотларининг электрон реестри юритилиши, давлат бюджетидан маблағлар фақат Реестрга киритилган нодавлат таълим ташкилотларигагина ажратилиши қайд этилган.

Ўзбекистонлик олимлар “Британия штамми”ни аниқлайдиган тест тизими устида ишламоқда

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази олимлари томонидан COVID-19 вирусининг “Британия штамми”ни аниқловчи тест тизимини яратиш устида иш олиб бориляпти. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Ш. Турдиқулова Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси муваққат ишлар вакили Асуши Суда билан ўтган ҳафта якунида Тошкентда ўтказилган музокара чоғида билдирган.

Учрашувда Ш. Турдиқулова вазирлик томонидан коронавирусга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталган. Хусусан, Хитойнинг “Anhui ZhifeiLongcom Biopharmaceutical” компанияси томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцинанинг III фаза клиник синовларини ўтказиш жараёни, коронавирусни аниқловчи ПСР-тест тизимлари ишлаб чиқарилаётгани, Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашга доир илмий тадқиқотлар ҳақида маълумот берган. Мулозима мазкур тадқиқотларни амалга оширишда Япониянинг ушбу соҳадаги илмий-тадқиқот ташкилотлари ва компаниялари билан ҳамкорликка тайёрлигини билдириб ўтган.

Музокара чоғида япониялик дипломатларнинг мазкур тадқиқотларни амалга оширишда ҳамкорликка тайёр япон ташкилотлари ва компанияларини топишда амалий кўмак бериш масаласини кўриб чиқишига келишилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG