Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:13

Ўшда эртага ўзбек, тожик ва қирғиз тадбиркорлари форуми бўлиб ўтади


Ўзбекистоннинг 140 кишилик делегацияси 26 октябрда Ўшга келган эди.
Ўзбекистоннинг 140 кишилик делегацияси 26 октябрда Ўшга келган эди.

Ўшда 17 ноябрь куни Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон тадбиркорларининг “Фарғона Савдо-Иқтисодий Форуми” бўлиб утади. Унда уч мамлакат тадбиркорлари ўзаро савдо сотиқ муносабатларини йўлга қўйиш, ҳар бир давлатнинг иқтисодий имкониятлари муҳокама қилинади.

Эртага Ўшда ўтказилиши кутилаётган форум тўғрисида Ўш шаҳрининг биринчи вице-мэри Замир Аскаров маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон тадбиркорлари узилиб қолган алоқаларни жонлантириш бўйича муҳокамалар ўтказади.

- Форумда Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикасининг тадбиркорлик билан шуғулланган фуқаролар иштирокини кутаяпмиз. Асосий мақсадимиз бизнинг савдогарлар, тадбиркорларга, шунингдек, қўшни давлат тадбиркорларига яҳши шароит яратиб бериш. Фарғона водийси савдо-иқтисодий форумида қўшни давлатлар расмийлари ҳам иштирок этади. Уларга таклифномаларни юбордик. Тадбиркорлар эса ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлардан намуналар олиб келишади,- деди Замир Аскаров.

Унга кўра, бундай форумлар Ўзбекистон ва Қирғизистон тадбиркорлари ўртасидагина эмас, икки давлат халқи орасида тўхтаб қолган борди-келдимуносабатларни яхшилашга хизмат қилади:

- Ўзбекистоннинг 27 миллион аҳолиси Қирғизистоннинг бугунги кундаги савдо-иқтисодий вазиятига катта таъсир кўрсатади. Биз чегара масалаларини муҳокама қилиб, шундай кичкина форумларни ўтказиб, кичик қадам ташлайверсак, аста секин бўлса-да, Ўзбекистон бозорига кириб борамиз. Ўзбекистон бизнинг бозорга киради. Тожикистон билан ҳам ҳудди шундай. Натижада уч мамлакат ўртасида савдо иқтисодий масалада силжиш пайдо бўлади. Бошқача айтганда, ўша мамлакатларда ишлаётган тадбиркорларга ижобий шароитлар тузилади. Мамлакатлар, шаҳарлар бюджетлари тўлади. Ҳеч кимга сир эмас, Ўзбекистон чегарани очиш билан Қирғизистон орқали Хитойга чиқишни кўзлаяпти. Биз эса бундай фойдаланишимиз керак. Биз Ўзбекистон Хитойга ўтиши учун йўлни таъминлаб беришимиз керак. Шунинг ўзидан ҳам мамлакатимизга катта даромад тушади, - деди Замир Аскаров.

Айтиш жоизки, сўнгги бир неча ойда Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари ўртасида илиқлик пайдо бўлди.

Сўнгги бир неча ойлардан бери икки давлат чегарачилари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги баҳсли ҳудудлар бўйича учрашувларни ўтказмоқда.

Бундан ташқари, Қирғизистоннинг 130 кишилик делегацияси 1 октябрь куни Тошкент таклифи билан Андижон шаҳрига борган эди. Бу сўнгги 20 йилда Қирғизистондан Ўзбекистонга биринчи марта ташриф қилган энг йирик делегация бўлди.

Андижонда ўтган учрашувда чегара олди ҳудудларининг ўзаро ҳамкорлиги масалаларига бағишланган меморандум имзоланган эди. Мазкур сафардан сўнг Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ўтишга қўйилган бир қатор чекловлар бекор қилинган эди.

26 октябрь куни эса Ўзбекистондан 120 кишилик делегация Ўшга ташриф буюрди.

17 ноябрь куни “Фарғона Савдо-Иқтисодий Форуми”и билан паралел равишда уч давлат тадбиркорлари маҳсулотларининг кўргазмаси бўлиши ҳам кутилаяпти.

XS
SM
MD
LG