Линклар

Шошилинч хабар
25 январ 2021, Тошкент вақти: 13:51

Сенат раисининг биринчи ўринбосари лавозими таъсис этилиб, унга Сафоев тайинланди


Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

Ўзбекистон сиёсий модернизацияга муҳтожлигини билдирган Содиқ Сафоев бундан буён халқаро майдонда Олий Мажлис Сенатини биринчи муовин ўлароқ тамсил этади. Шу кунда ўзбек жамияти учун демократизация зарурлигини урғулаётган Сафоев Каримов даврида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўлароқ ҳам фаолият юритган.

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг 13 декабрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида сенаторлар юқори палатанинг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалаларидаги фаолиятини такомиллаштириш масаласини кўриб чиқиб, бу жараённи бевосита назорат қиладиган Сенат раисининг биринчи ўринбосари лавозимини таъсис этиш ҳақида қарор қабул қилдилар.

Янги таъсис этилган бу лавозимга Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси Содиқ Сафоев тайинланди.

Ўзбекистонда инвестиция сиёсатини кучайтириш, халқаро муносабатлар ва ташқи иқтисодий алоқаларга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлигини бир ҳафта муқаддам мамлакатнинг сайланган президенти Шавкат Мирзиёев урғулаганди.

7 декабрь куни Ўзбекистон конституциясининг 24 йиллигига бағишланган йиғилишда сўзлаган нутқида Мирзиёев: “Хорижий сармояларни ва илғор технологияларни иқтисодиётга жалб этиш учун чет эллардаги дипломатик ваколатхоналаримиз жиддий иш олиб бориши лозим. Бунинг учун Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини кучайтириш, чет мамлакатлардаги элчиларимиз нафақат сиёсий, айни вақтда юртимизга инвестицияларни жалб қилиш масалалари билан ҳам фаол шуғулланишлари даркор”, деганди.

Мирзиёевга кўра, ўзбек дипломатларининг бу борадаги фаолиятини назорат қилиш учун Олий Мажлис Сенати Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг фаолият соҳаси ва ваколатларини кенгайтириш зарур.

Сайланган президентнинг бу таъкидидан хулоса чиқарган ўзбек сенаторлари кеча халқаро алоқаларни назорат қиладиган Сенат раисининг биринчи ўринбосари лавозимини таъсис этиб, бу лавозимга “Ўзбекистонга демократик ўзгаришлар зарур”лиги ҳақидаги мулоҳазалари билан яқинда матбуот эътиборини ўзига жалб этган Содиқ Сафоевни тайинладилар.

1 декабрь куни Тошкентда ўтган Press Club: Elections.uz-2016 брифингида сенатор Сафоев “Ўзбекистон демократизация жараёни туфайлигина иқтисодий тараққиётни кафолатлаши мумкин”лигидан баҳс этганди.

- Агар сиёсий матрица ўрнидан силжимаса, биз иқтисодий кўтарилишга эриша олмаймиз. Хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи қонунлар қабул қилинмаса, инсон ҳуқуқлари, тадбиркорлар ҳуқуқлари кафолатланмаса, сармоядорлар учун қулай муҳит яратилмаса, иқтисодий ўсиш бўлмайди. Яъни, демократизация бўлмаса, иқтисодий тараққиёт ҳам йўқ, - деганди Сафоев ўша кунги нутқида.

Сенатор Сафоевга кўра, “сиёсий модернизациялаш ҳокимиятни барқарор тақсимлаш, ҳокимиятнинг уч бутоғи ўртасида қарама-қаршиликларга посанги бўлувчи системани яратишдан бошланади. Бусиз замонавий жамият ҳақида гапириб бўлмайди”.

62 ёшли Содиқ Сафоев 1993 йилда ва 2003-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият юритган. 2005 йилдан бери у Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитасини бошқариб келади.

XS
SM
MD
LG