Линклар

Шошилинч хабар
03 июл 2022, Тошкент вақти: 18:53

Оддий алоқачининг Бош вазирликкача йўли


Абдулла Арипов

14 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида Бош вазир ўринбосари Абдулла Арипов ҳукумат раҳбари этиб тасдиқланди. 55 яшар Ариповнинг номзоди Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган. Бундан олдин парламентнинг қуйи палатасида энг кўп ўринга эга Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси ҳам Арипов номзодини илгари сурган эди.

Мирзиёев муваққат президент этиб сайланганидан кейинги илк фармонларидан бири Ариповни ҳукуматга қайтариш ҳақида бўлган эди.

Арипов Ўзбекистон телекомуникация бозоридаги халқаро коррупция можаросидан кейин ишдан бўшатилиб олийгоҳда оддий ўқитувчи бўлиб ишлаб юрган эди.

Унинг Каримов вафотидан кейин ҳукуматга қайтарилгани эса таҳлилчилар тарафидан манфий ишорат сифатида кўрилган эди.

Оддий алоқачининг Бош вазирликкача йўли
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:56 0:00
Бевосита линк

Бош вазир Арипов ким?

Ариповни яқиндан билган ва у билан 1992-1993 йилларда Алоқа вазирлигида бирга ишлаган муҳандис исми айтилмаслик шарти билан баъзи тафсилотларни айтиб берди:

- Биз Комилжон Раҳимов вазир бўлганида бирга ишлаганмиз¸ ўша Олой бозори ëнидаги Главпочтамтнинг орқасидаги бинода ишлаганмиз. У киши оддий алоқачи мутахассис эди. Ўша пайтда, масалан, Рустам Азимов Миллий банк бошқаруви раиси эди. Старт чизиғидан олдинга югуриш масаласида қаралса, Абдулла Ниғматович қисқа вақтда анча масофани босиб ўтди¸ дейди суҳбатдош.

Ариповнинг 12 декабрдан бошлаб ишлай бошлаган Facebookдаги саҳифасига изоҳ ëзган Мирон Мирхонов фикрича¸ бугун Бош вазир лавозимига лойиқ кўрилган мулозим “қийин шароитларда мураккаб вазифаларни бажаришга лойиқ”

"Мен ҳурматли Абдулла Ниғматовични жуда муҳим ва ечилиши қийин масалаларни принципиал ҳал қилганига гувоҳ бўлганман", деб ëзди юзер.

Айни саҳифада ëзилишича¸ Абдулла Арипов 1961 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1983 йили Тошкент электротехника алоқа институти (ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университети)ни тамомлаган. Иқтисодиёт магистри. Оилали, беш нафар қизи бор.

Абдулла Арипов билан етти йил елкама елка ишлаган суғурта муҳандиси Фахриддин Худойқуловнинг айтишича¸ Бош вазир лавозимига қўйилган мулозим фавқулодда камтар инсон.

Фахриддин Худойқулов Абдулла Арипов ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:08 0:00
Бевосита линк

Озодлик билан суҳбатда ўзини Абдулла Арипов туғилган маҳалладан эканлигини айтган Жавлонбек Абдукаримов Бош вазирнинг исми билан боғлиқ тафсилотларни айтиб берди:

- 1961 йилда шоир Абдулла Ориповнинг энди донғи чиққан пайти эди. Абдулла аканинг оталари Ниғматилла ака ўғлим ҳам шоир бўлсин дея яхши ният қилиб исм қўйгандилар. Мана яхши ниятнинг самараси бу. Катта шоир бўлмаса ҳам катта вазир бўлди. Шундай маҳалладошим борлигидан фаҳрланаман, дейди суҳбатдош.

Шоир ва мулозим отдошлар
Шоир ва мулозим отдошлар

Шоир исми қўйилган Арипов 1983-1992 йилларда Тошкент телефон-телеграф станциясида 1-тоифали муҳандис-электрончи бўлиб ишлади. 1992-1993 йилларда Алоқа вазирлигида бош мутахассис, 1993-1995 йилларда "Ўзимпэксалоқа" халқаро савдо ширкатида директор ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатди.

1997 йили Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлигининг бозорни шакллантириш ва қимматли қоғозлар бўлими бошлиғи, 1997-2000 йилларда Почта ва телекоммуникацияларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори лавозимида ишлади.

2000 йили Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги бош директори биринчи ўринбосари, 2001 йили эса шу ташкилот раҳбари этиб тайинланган (бир йилдан сўнг ташкилот номи Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги деб қайта номланди.).

Шавкат Мирзиёев ҳукумат раҳбарига айланишидан бир йил аввал - 2002 йили бош вазир Ўткир Султоновнинг ўринбосари этиб тайинланган ва Алоқа ва ахборот-технологиялари масалалари комплексига масъул бўлган. Айни вақтда, агентликка раҳбарлик қилишда давом этган.

2009 йили Абдулла Арипов масъул бўлган ҳукумат комплексига ижтимоий соҳа, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият масалалари ҳам қўшиб берилди.

Коррупция жанжали ва истеъфо

Арипов 2012 йил ёзида Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигидан истеъфога чиқарилгани ва бош вазир ўринбосари лавозимидан ҳам озод этилди.

Гулнора Каримовага дахлдорлиги иддао қилинган Takiland ширкати орқали TeliaSonera (Ucell), Beeline ва МТС мобил операторларининг норасмий тўловлар ёрдамида Ўзбекистон бозорига кириши ва эмин-эркин ишлаши таъминлангани борасида журналистик терговлар мавжуд. АҚШ Адлия вазирлиги ва Швеция прокуратураси бу ишлар юзасидан жиноий иш қўзғатган.

Бу ишни тергов қилаётган Швеция прокуратураси Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлернинг Озодликка айтишича¸"TeliaSonera бўйича тергов билан боғлиқ жараëн Абдулла Арипов раҳбар бўлган даврни қамрайди. Ариповнинг имзосини айни ишга оид кўп ҳужжатларда кўриш мумкин".

Бироқ Гуннар Стетлер Ариповнинг тергов жараёнидаги мақоми тўғрисида изоҳ бермади.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов Ариповнинг сиёсий лавозимга қайтарилиши Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро обрўсига путур етказиши мумкин деган фикрда.

Алишер Илҳомов
Алишер Илҳомов

Швеция прокуратураси апелляция судига тақдим қилган TeliaSonera масъул ходимларининг ўзаро ёзишмаларида ширкат масъуллари Ўзбекистонда бизнес бошлашдан аввал Гулнора Каримова билан контакт ўрнатишга уринганига ишора қилади.

TeliaSonera ширкатига қарши айбловлар ширкатнинг Ўзбекистонда бизнес қилиш имконияти эвазига бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганига доир тергов билан боғлиқдир.

Бу ишга оид Халқаро матбот назарига тушган тафсилотлар ортидан 2012 йилда Арипов ишдан олиниб, устидан жиноят иши очилгани ҳақида Ўзбекистондаги Узметроном интернет нашри хабар берган эди.

2012 йилда ўзининг ишончли манбаларига таянган ҳолда хабар қилган Узметроном нашрига кўра, Абдулла Ариповга, жумладан, “Ўздунробита” ширкатига қўшимча ретрансляторлар ўрнатиш учун ноқонуний рухсатномалар берганлик айби қўйилган.

2013 йилга келиб Абдулла Арипов устидан жиноий иш тўхтатилди ва собиқ мулозим Тошкент алоқа институтида оддий ўқитувчи сифатида яна Бош вазир ўринбосари қилиб тайинланган 2016 йилнинг 13 сентябргача ишлаб юрди.

Келажак учун асралган “кадр”

Таҳлилчи Алишер Илҳомов фикрича, бир томондан Takiland бошқа томондан Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари аралашган схема Ўзбекистон ҳазинасини йиллик бюджетнинг 7 фоизи миқдоридаги пулдан махрум қилган.

- Бу сумма соғлиқни сақлашга бюджетдан ажратилган пулнинг 50 фоизи демакдир.¸ дея таъкидлайди таҳлилчи.

MTC Ўзбекистон ширкати ëпилиш ортидан кўп мулозимлар муаммо билан юзма-юз қолди
MTC Ўзбекистон ширкати ëпилиш ортидан кўп мулозимлар муаммо билан юзма-юз қолди

Суҳбатдошга кўра Абдулла Ариповнинг Бош вазир қилиб тайинлангани Ўзбекистон ҳукумати коммуникация ширкатлари тарафидан пора сифатида олиниб ҳозир музлатилган бир миллиард долларни АҚШ суди орқали қайтариб олмоқчи бўлаëтган пайтга тўғри келмоқда.

- Бу АҚШ судида кўрилаëтган масалага ҳалақит беради. Абдулла Ориповнинг Бош вазир лавозимига тайинланиши пулни бюджетга қайтариш шансларини камайтиради¸ деб ҳисоблайди Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов.

Шу билан бирга Илҳомов Абдулла Ариповнинг телекоммуниация соҳасида тажрибали мутахассис эканлигини ҳам эътироф қилди.

Арипов билан боғлиқ жанжалларни ëритган ўзбекистонлик журналист Сергей Ежков ҳам унинг касбий маҳорати ҳақида гапириб¸ Мирзиëев уни шу боис бугунгача асраб келганини таъкидлаган эди.

- У Ўзбекистондаги телекоммуникация модернизациясини бошлаб берган эди. Мирзиëев уни мутахассис сифатида қадрлаб келажак учун асраб қўйган эди¸ деган эди суҳбатдош.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG