Линклар

Шошилинч хабар
25 январ 2021, Тошкент вақти: 13:35

Шавкат Мирзиёев: Ҳар бир давлат хизматчиси ўз аравасини ўзи тортсин


Шавкат Мирзиёев қасамёд маросими

Дон экишда масъулиятсизликка йўл қўйган 6 нафар вилоят ҳокими ўринбосарига иш қўзғатилди. Вилоятларда кўмир нархи 150 мингдан 900 минг сўмга кўтарилди. Ўзбекистонлик тарихчилар Форобийнинг туғилган йили борасида 330 йилга адашди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

"Ўз аравасини ўзи тортсин...."

Қасамёд маросими
Қасамёд маросими

14 декабрь куни Ўзбекистон Президенти сифатида қасамёдга келтирилган Шавкат Мирзиёев давлат ва бошқарув органларидаги кадрлар сиёсатини танқид қилди (“Халқ сўзи”, 15 декабрь). “Бир идорани қарасангиз, юзлаб одам номига ишлаб ўтирибди. Бошқа идорани қарасангиз, иш кўп, вазифа кўп, лекин ишлайдиган одам, кадр етишмайди. Бундай нотўғри иш тақсимотига мутлақо чек қўйишнинг вақти етди. Ҳар бир давлат хизматчиси ўзининг бурчи ва мажбуриятини аниқ-равшан билиши, содда қилиб айтганда, ўз аравасини ўзи тортиши лозим” деди Ш.Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида. Президентга кўра, кадрлар билан ишлашнинг бутун тизимини такомиллаштириш, замонавий тафаккурга эга раҳбарлар ва мансабдорларнинг янги таркибини шакллантириш лозим. Шу билан бирга, янги давлат раҳбари чиқишида Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, божхона, банк тизими ва бошқа идоралар фаолиятини тубдан яхшилаш вақти келгани таъкидланган.

Кун совиши билан вилоятларда кўмир нархи 6 бараварга қимматлади

Кўмир чайқовчилар қўлига ўтиб кетмоқда
Кўмир чайқовчилар қўлига ўтиб кетмоқда

Ҳаво ҳарорати пасайиши билан вилоятларда кўмирнинг қадри олтинга тенглашмоқда, талаб кучли эканидан фойдаланиб чайқовчилар кўмирни ўзи истаган нархда пулламоқда (“Оила даврасида”, 15 декабрь). “Ўзбеккўмир” ширкатининг Маҳсулот сотиш ва маркетинг бўйича директори Носир Умаровга кўра, жорий куз-қиш мавсумида Молия вазирлиги томонидан бир тонна кўмир баҳоси 146 минг 400 сўм этиб белгиланган. Вилоят бозорларида эса кўмир илиқ кунларда 700-750 минг сўмдан сотилмоқда. Совуқ тушиши билан қаттиқ ёқилғининг тоннаси 900 минг сўмга кўтарилмоқда. “Хўш, кўмирни бу нархда сотаётган ким? Олибсотарми ёки тадбиркор? Нима учун у қаттиқ ёқилғини истаган нархда эмин-эркин сотиб юрибди? Нега унга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаяпти? Ёки бунда биз билмайдиган бошқа бирор сабаб борми?” дея мутасаддиларни саволга тутади газета.

Бошоқли дон экишда масъулиятсизликка йўл қўйган вилоят ҳокими ўринбосарлари жазоланади

Тадбирлар сифати...
Тадбирлар сифати...

2017 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини экиш ишига масъулиятсизлик билан ёндашган Тошкент, Сурхондарё, Сирдарё, Қашқадарё, Андижон ва Бухоро вилояти ҳокимларининг ўринбосарларига маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди (“Ҳуқуқ”, 2016 йил 49-сон). Умуман, етарли назорат ўрнатилмагани сабаб республика бўйича 8,6 минг гектар ер майдонига сифатсиз бошоқли дон экилишига йўл қўйилган. Прокуратура органлари бу борада қўшиб ёзишларни ҳам фош этган. Масалан, Сурхондарё вилояти ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси 2016 йил 2 ноябрь ҳолатига 86,7 гектар майдонга ғалла экилгани ҳақида ҳисобот берган, текширувда эса 2,1 гектар майдонга ғалла экилмагани аниқланган.

“Ўзбекистон тарихи” дарслигида Форобийнинг туғилган йили 330 йилга хато кўрсатилган

Дарсликлардаги хатолар
Дарсликлардаги хатолар

Ўзбекистонда тарих фани бўйича чоп этилган дарсликларда қатор чалкашлик ва хатолар борлиги маълум бўлди (“Даракчи”, 15 декабрь). Масалан, 7-cинфлар учун “Ўзбекистон тарихи” дарслигида (муаллиф А.Муҳаммаджонов) аллома Абу Наср Форобий 873 йилда туғилган деб кўрсатилган бўлса, худди шу дарсликнинг русча нашрида 1203 йил қайд этилган. 8-cинф “Ўзбекистон тарихи” дарслигида (муаллифлар Қ.Усмонов, У.Жўраев, Н.Норқулов) Бухорода манғитлар сулоласи 1753 йилда ҳокимиятга келгани ёзилган бўлса, 9-cинф дарслигида (муаллифлар С.Тиллабоев, А.Замонов) 1756 йил битилган. Ёки 8-cинф дарслиги муаллифлари қорақалпоқларнинг илк ёзма асарлари XVIII асрда юзага келган деб ҳисобласа, 9-синф дарслиги муаллифлари XIX аср деб билади. Газетага кўра, бу каби хатолар жаҳон тарихи дарсликларида ҳам талайгина. Чалкашликлар китобларнинг янги нашрида ҳам тузатилмай қолмоқда.

Тошкентдаги кўп қаватли хонадондан илон чиқди, энди тимсоҳ чиқмаса эди!..

Бир илонча изидан
Бир илонча изидан

Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Фазогир маҳалласидаги кўп қаватли уйда яшовчи фуқаро Озода Диёрованинг уйидан икки бора илон чиқди (“Ҳуррият”, 14 декабрь). Норасида фарзандини катта қилаётган аёл ҳожатхонадан чиққан илонларни ўлдиришга муваффақ бўлган. Хавфли жониворлар кўп қаватли уйнинг сув босган ертўласига ин қурган. “Ертўлага кирарканмиз, бир қарашдаёқ муаммонинг моҳиятини англадик. Ҳаммаёқ захлаб кетган. Узун ва қоронғи йўлаклардан юрарканмиз, ахлату балчиққа дуч келамиз... Бундай аҳволни кўриб, бу манзилга ҳадемай тимсоҳлар ҳам “ташриф буюрса” ажаб эмас деган фикрга келдик!” дея киноя қилади газета. Ўрганиш жараёнида кўп қаватли уйнинг иситиш тизими ҳам яхши ишласлиги аниқланган.

Ўзбекистонда олимлар қоғоз тайёрлашнинг янги усулини яратди

Қоғоз тайёрлашнинг яни услуби
Қоғоз тайёрлашнинг яни услуби

Ўзбекистонлик олимлар қоғоз тайёрларнинг янги таркибини яратди. Мазкур ихтиро целлюлоза қоғоз саноатида ишлатилади. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари Республика интеллектуал мулк агентлигига асосланиб хабар берган. Ихтиронинг асосий вазифаси сифат кўрсаткичлари юқори бўлган қоғоз тайёрлаш учун таркиб ишлаб чиқиш ва олинаётган қоғоз нархини арзонлаштиришдан иборат. Мазкур янги усул учун ҳаммуаллифлар – М.Муродов, Б.Ҳодиев, С.Туробжонов, Г.Раҳмонбердиев, Ю.Содиқов ва М.Касимовларга патент берилган.

Шарҳларни кўринг (10)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG