Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 00:17

Путин Анқарадаги рус элчисининг отиб ўлдирилганини "провокация" деб атади (ВИДЕО)


Россия Президенти Владимир Путин Андрей Карлов билан. (Сурат жорий йилнинг 10 октябрь куни олинган)

Душанба оқшомида Анқарада Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карлов отиб ўлдирилди. 62 ёшли Карлов Туркия пойтахтидаги Замонавий санъат марказида чиқиш қилаётган пайтда қуролли шахс томонидан отиб ташланди.

Туркия матбуотига кўра, элчини отган ва яна бир неча кишини яралаган шахс турк полициясининг собиқ зобити Мевлут Мерт Алтинташдир. У бинога полициячи гувоҳномасини кўрсатиб киргани айтилмоқда.

Алтинташ рус элчиси "Россия турклар нигоҳида" номли кўргазмада нутқ сўзлаётган пайтда унинг орқасидан келиб, ўқ узган. Ҳужум чоғида яна уч киши яралангани айтилмоқда. Ҳужумчи ҳодиса жойининг ўзида полиция томонидан отиб ўлдирилган.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, шифохонага олиб кетилган рус дипломати кўп ўтмай вафот этган.

Россиянинг Туркиядаги элчиси отиб ўлдирилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:45 0:00

Ҳалабликлар ҳамдард кўринган собиқ полициячи

Ҳодисадан кўп ўтмай интернетда тарқалган видеода бир қўлида тўппонча ушлаган, иккинчи қўлини эса юқори тутган қора костюм-шимли эркакни кўриш мумкин.

"Аллоҳу Акбар! Биз (Пайғамбар) Муҳаммадга жиҳодни ваъда қилганларданмиз. Аллоҳу Акбар! Бу Ҳалаб учун . Бу Сурия учун", дейди қуролли шахс араб тилида.

"Сиз бизнинг ҳудуддаги барча қилмишларингизга жавоб берасиз", дея давом эттиради ҳужумчи турк тилида.

"Биз тинч эмас эканмиз, сиз ҳам тинч бўлмайсиз... Бу ердан менинг фақат ўлигим чиқади," дейди у.

Собиқ полициячи Мевлут Мерт Алтинташ экани айтилаётган ҳужумчи: "Ҳалабни унутма, Сурияни унутма", "Аллоҳу Акбар", дея ҳайқиради.

Карлов отилишига Путиннинг муносабати

Россия президенти Владимир Путин элчи Карловнинг отилишини рус-турк алоқалари нормаллашувига қарши қаратилган провокация, деб атади.

“Москва Россиянинг Туркиядаги элчиси ўлдирилиши ортида ким турганини билиши лозим”, дея билдирди Владимир Путин.

Президент Путин мазкур ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ва иш терговида иштирок этиш учун Россия вакиллари Анқарага юборилишини қўшимча қилди.

Путин Россиянинг Анқарадаги элчиси ўлдирилганини "провокация" деб атади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:36 0:00

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Сурия масаласи бўйича туркиялик ва эронлик дипломатлар иштирокида 20 декабрь куни Москвада ўтказиладиган музокаралар, Анқарада рус элчиси ўлдирилганига қарамай, бошқа кунга қолдирилмаслигини билдирди.

“Биз бу ваҳшиёна қилмишни ўйлаб топганларнинг асосий мақсади Россия ва Туркия ўртасидаги алоқалар ўнгланишига путур етказиш эканига аминмиз”, деди Лавров президент Путин баёнотини такрорларкан.

Суиқасдга турк расмийлари муносабати

Турк расмийлари такбир билан рус дипломатини отган собиқ полициячининг июль исёнини уюштиришда гумонланаётган дин арбоби Фатҳуллоҳ Гулан ташкилотига алоқадорлигига ишора қилмоқдалар. Хусусан, бундай иддаони Анқара мэри Иброҳим Мелиҳ Гўкчек Твиттер микроблогидаги ўз саҳифасида ёзиб чиқди. Айни пайтда Гуланнинг ўзи элчининг ўлими билан ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини айтиб, бу ҳужумни қоралашини билдирган.


​Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон рус элчисининг отиб ўлдирилиши муносабати билан Россия халқига таъзия изҳор қилди.

Карловга қарши суиқасд турк-рус алоқаларига қарши очиқ провокация эканини урғулаган Эрдўғон Твиттердаги ўз саҳифасида бу “пасткашларча террор хуружи”ни қатъият-ла қоралашини билдирди.

Анқарадаги ҳодисадан сўнг Туркия президенти Эрдўғон россиялик ҳамкасби Путин билан телефон орқали сўзлашган. Бу ҳақда турк телеканалларига сўзлаган Эрдўғон Путин билан сўзлашув чоғида икковлон Карлов ўлими билан боғлиқ ҳодисани Туркия ва Россия терговчиларидан иборат қўшма комиссия текширишига келишиб олганларини билдирди.

Ғарб расмийлари Анқарадаги ҳужумни қораламоқда

Қўшма Штатлар Туркия пойтахтида Россия элчиси ва бошқа шахсларга қарши уюштирилган ҳужумни қоралайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти расмийси Жон Кирби маълум қилди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакиласи Мария Захаровага кўра, Анқарада содир бўлган воқеа юзасидан Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Федерика Могерини ҳам биринчилардан бўлиб таъзиянома йўллаган. Могерини ўз номасида Россия томонига ҳамдардлик изҳор қилиб, элчи Карловга қарши ҳужумни қоралаган.

Рус дипломатига қилинган ҳужумни БМТ Бош котиби Бан Ки Мун "бемаъни террор хуружи" дея атади. БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам бу "тадҳиш ҳужуми"ни бир овоздан қоралаб чиқди.

Элчи Жунусов: Карлов ўлдирилган анжуманда Ўзбекистон элчиси ҳам бор эди

Россия элчиси Андрей Карлов отиб ўлдирилган кўргазма залида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Улфат Қодиров ҳам бўлган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига Қирғизистоннинг Туркиядаги элчиси Ибрагим Жунусов маълум қилди.

- Ўзбекистон элчиси, мен ва Андрей Карлов кўргазмада гаплашиб турдик. Бир йигит у ёқдан-бу ёққа ўтиб юрди. Мен уни қўриқчи, деб ўйлабман. Карлов сўзга чиқиб, гапира бошлаши билан у тарсиллатиб ота бошлади, - деган элчи Ибрагим Жунусов кўргазма залида 150 чоғли одам бўлганини қўшимча қилди.

Бу сурат Россия элчиси Андрей Карлов ҳужумдан сал аввалроқ нутқ сўзлаётган пайтда олинган.
Бу сурат Россия элчиси Андрей Карлов ҳужумдан сал аввалроқ нутқ сўзлаётган пайтда олинган.

***

Анқарадаги ҳужум Россия, Туркия ва Эрон ташқи ишлар вазирларининг Москвада учрашувидан бир кун олдин юз берди.

20 декабрда Россия, Туркия ва Эрон ташқи ишлар вазирлари Сурияда бораётган урушни муҳокама этиши кутилмоқда.

Россия 2015 йил сентябрь ойидан буён Сурия ҳудудларида президент Асад кучларига мухолифатда бўлган гуруҳларга қарши ҳаво амалиётларини ўтказиб келади.

Россия билан яқин алоқаларга эга Эрон ҳам Асадни қўллаб-қувватламоқда, аммо Туркия Асад мухолифларини дастаклайди.​

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG