Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:26

Ўзбекистонда машина ўғирлаган одам 20 йилгача қамалиши мумкин


Ўзбекистонда транспорт воситаларини ўғирлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилган қонун 2016 йил, 27 декабрда кучга кирди.

Янги қонунга биноан, эндиликда, Ўзбекистонда машина ўғирлаган шахс, жинояти билан боғлиқ тафсилотлардан келиб чиқиб, 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Қонундан мақсад

Жиноят Кодексига 27 декабрдан бошлаб киритилаётган ўзгартишлардан мақсад “транспорт воситасини олиб қочиш жинояти учун жазонинг содир этилган қилмишга мутаносиблигини таъминлаш, жиноят қонунчилигининг огоҳлантирувчи-профилактик функцияси самарадорлигини ошириш” эканлиги айтилган эди.

Нима ўзгарди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 6 октябрда қабул қилган, Сенат 12 октябрда тасдиқлаган “Жиноят Кодексига тузатишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни президент Мирзиёев 26 декабрда имзолади.

27 декабрь куни имзоланган қонун билан Жиноят Кодексининг 267-моддасида (“Транспорт воситасини олиб қочиш”) назарда тутилган жазо меъёрлари кучайтирилди.

Эндиликда транспорт воситасини ўғирлаган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Шу пайтгача ушбу жиноятни содир этганлар 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилар эди.

Худди шундай жиноят такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
ёки бир гуруҳ шахслар томонидан аввалдан тил бириктирган ҳолда;
ёки зўравонлик ёки зўравонликни қўллаш таҳдиди билан; ёхуд, транспорт воситасини ўғирлаш ёки зўравонлик билан эгаллаб олиш воситасида амалга оширилса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазолашга асос бўлади.

Шу пайтгача бундай ҳолатлар учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган эди.

Агар транспорт воситасини ўта хавфли рецидивист; ёки уюшган жиноий гуруҳ ўғирласа, ёки босқинчилик йўли билан эгаллаб олиш орқали содир этилса, 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этишга асос бўлади.

Шу пайтгача бундай ҳолатлар учун 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган эди.

Машина ўғирлаш кўпайдими?

Олий Мажлис депутати Шерзод Тўхташевга кўра, сўнгги 3 йил ичида транспорт воситаларини ўғирлаш ҳолатлари 65% га ортган.

Худди шундай кўрсаткични машина ўғрилари учун жазо чораларини кучайтириш таклифини парламентга киритган Бош прокуратура ҳам келтирган.

Лекин депутат ва Бош прокуратура айтаётган 65% замирида қандай рақам ётибди? Бу саволга Интернетдаги очиқ манбаларда жавоб топилмади.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловнинг Озодликка айтишича, “бу соҳада статистик маълумотлар эълон қилинмайди”.

- Бош прокуратурага кўра, сўнгги 3 йилда машина ўғирлаш 65% га ортибди...

- Нимага нисбатан, қайси рақамга нисбатан бу фоиз? Билмаймизку буни? Рақамлар эълон қилинмайдику? Шахсан менга сўнгги 1 йил ичида фақат 1 киши шундай жиноят юзасидан ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилди, демак, ўзимнинг тажрибамдан келиб чиқиб, хулоса қиладиган бўлсам, машина ўғирлаш кўпаймаётган бўлиб чиқади, деди Руҳиддин Комилов.

Кейинги йилларда машина ўғирлаш ҳолатлари кўпайгани тўғрисида Озодлик бир неча бор ёзган. Хусусан, 2014 йилда Тошкентда машина ўғрилари фаоллашгани, 2015 йилда эса, машина ўғирлашнинг кўпайгани аҳоли орасида хавотир уйғотаётгани тўғрисида хабар қилган эдик.

Конкрет рақамларда акс этадиган информация сўраб Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига қилган мурожаатимиздан иш чиқмади.

Лекин вазирлик сайтида машина ўғирлигига оид бир неча хабарга кўзимиз тушди. Сайтнинг русча саҳифасида жорий йилнинг сўнгги 4 ойида машина ўғирлангани ёки ўғрилашга уринилганига оид 5 та хабар эълон қилинган. Бироқ бу маълумотлар ҳам қиёслаш имкони бўлмагани учун хулоса чиқаришга имкон бермайди.

Каримовнинг қонуни

“Транспорт воситаларини олиб қочганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш тўғрисида”ги дастлабки қонунни Ўзбекистон ҳали СССР таркибида бўлган даврда – 1991 йилнинг 15 февралида президент Ислом Каримов имзолаган эди.

1995 йилнинг 15 августигача амал қилган бу қонунда машина ўғрилари учун белгиланган жазо шу кунгача амал қилган қонундагидан кучлироқ, бугун кучга кирган қонунда белгилаб қўйилганидан эса, кучсизроқ эди.

XS
SM
MD
LG