Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:01

Миллий валютага беписанд фуқаролар танқид қилинди


Янги ўқув йилидан абитуриентларнинг ҳужжат топшириши барвақт бошланади.Олди-бердилардаги келишмовчилик сабаб айрим тўйлар бузилиб кетмоқда.Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Янги ўқув йилидан абитуриентларнинг ҳужжат топшириши барвақт бошланади

2017-2018 ўқув йилидан Ўзбекистон олий ўқув юртларига ҳужжат қабул қилиш муддати 15 июндан 15 июлга қадар бўлади. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига таяниб хабар беради. Янги тартибга кўра, олий ҳарбий таълим муассасалари тест синови 5 июль куни ўтказилади.

Қайд этилишича, бу ўзгариш абитуриентларга қулайлик яратиш ва таълим муассасаларини тест жараёнига барвақт тайёрлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Олди-бердилардаги келишмовчилик сабаб айрим тўйлар бузилиб кетмоқда

Ўзбекистонда бўлажак қуда-андаларнинг олди-бердилардаги келишмовчиликлари сабаб ёшларнинг фотиҳаси бузилиб, тўй бекор бўлмоқда (“Оила даврасида”, 29 декабрь).

Айрим куёвлар келин томондан қимматбаҳо сарпо, гоҳида эса машина талаб қилмоқда ва талаби амалга ошмаган ҳолларда тўй қилиш истагидан воя кечмоқда.

Қайд этилишича, йигитларнинг бўлғуси қайнота-қайнонасидан совғалар тама қилиши орсизликдир. “Ҳақиқий ўзбекман дея кўкрак керган ўғлон қиз боладан нимадир умидвор бўлишни ўзига эп кўрмайди, уларнинг наздида бу йигит кишига уят ҳисобланади” деб ёзади газета.

Ўзбек адиби Эркин Аъзамнинг китоби Лондонда инглиз тилида чоп этилди

Ўзбекистонлик ёзувчи Эркин Аъзамнинг “Буюк осий Шайх Санъон ворислари” (Heirs to the Great Sinner Sheikh San’on) китоби Лондонда инглиз тилида чоп этилди (“Китоб дунёси”, 28 декабрь).

“Hertfordshire Press” нашриёти чоп этган тўпламга ёзувчининг бешта насрий асари киритилган. “Бугунги ўзбек насрининг энг сара намуналари саналган мазкур асарларда тарихнинг бурилиш даврида яшаган инсонлар қисмати, замондошлари руҳиятида кечаётган ўзгаришлар жамики зиддиятлари, мусбату манфий жиҳатлари билан қаламга олинган” деб ёзади газета.

Қайд этилишича, бу замонавий ўзбек адиблари китобининг Лондонда илк бор нашр этилишидир.

Миллий валютага беписанд иримчи фуқаролар танқид қилинди

Ирим-cиримга берилган айрим ўзбекистонликлар миллий валютага ҳурматсизлик қилмоқда (“Ҳуррият”, 28 декабрь).

Масалан, Бухородаги тарихий Арк ёнидаги Амир зиндонига зиёратчиларнинг миллий сўмларни сочиши одати бор.

“Навоий вилоятидаги кўҳна Нурота чашмаси мажмуасида, республикамизнинг бошқа жойларидаги айрим зиёратгоҳларда ҳам пулларни қудуққа ташлаш, дарахтларга осиш ҳоллари учраб тургани ачинарлидир. Ёки айрим иримкаш юртдошларимизнинг дарвозахона ёки уй эшиги тепасига исириқ билан турли миқдордаги қоғоз пулларини осиш қўйишларини қандай изоҳлаш мумкин?” дея савол қўяди газета.

XS
SM
MD
LG