Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2019, Тошкент вақти: 21:03

Туркманистон гази харидорлари сони яна биттага камайди


Яқин орада Туркманистон табиий газига биттагина харидор қоладиган кўринади.

Эрон миллий газ ширкати (ЭМГШ) 1 январь куни эълон қилган баëнотга кўра¸ “Туркмангаз” давлат ширкати “кутилмаганда шартномага зид равишда 2017 йилнинг биринчи кунида Эронга газ беришни тўхтатган”.

Аввалроқ Эрон ва Туркманистон расмийларининг 30 декабрь куни Ашхободда11 соат музокара олиб боргани, сўзлашувлар давомида туркман газини Эронга етказиш бўйича мавжуд зиддиятнинг вақтинча бартараф этилгани айтилган эди.

Туркманистон томони Эрон 2007-2008 йилларда олган табиий газ учун 1,8 миллиард доллар қарзини тўламаса, 31 декабрь куни мамлакатга газ беришни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилган эди.

Туркманистон Эронга газ беришни охирги марта 2007-2008 йиллар қишида тўхтатиб қўйган эди. Ўшанда туркман расмийлари бу ҳол таъмирлаш ишлари билан боғлиқ эканини айтган бўлса-да, айнан ўша пайтда туркман гази нархи бўйича музокаралар олиб борилаётган эди. Эрон ўшанда 1000 куб метр газ учун 75 доллар тўлаб келган (эндиликда Эрон ўшанда 40 доллар тўлаганини айтмоқда) бўлган.

Аммо 30 декабрь куни Эрон давлат матбуоти Туркманистон ўшанда 1000 кубометр газ учун 360 доллар талаб қилгани ва Теҳрон бунга рози бўлгани ҳақида хабар берди. “2007-2008 йилнинг совуқ қиш кунларида Эроннинг 20 вилоятида газ танқислиги келиб чиққанидан кейин мамлакат шимолий қўшнисидан кўпроқ газ импорт қилишга мажбур бўлган. Туркманистон имкониятдан фойдаланиб, нархни 360 долларга кўтарган”, дейилади presstv.ir хабарида.

Эрон нефть вазири ўринбосари Амир Ҳусайн Замания 21 декабрь куни Эроннинг Туркманистондан чиндан қарзи борлиги ва унинг қиймати 600 миллион доллардан 1,5 миллиард долларгача эканини эътироф қилди.

Декабрь охирида навбатдаги музокаралар бошланишидан олдин Замания “Туркман расмийлари билан газ етказиш ҳажми ва унинг қандай амалга оширилишини муҳокама қилишимиз керак”, деди.

Эрон нефть вазири Бижан Зангане 28 декабрь куни Туркманистон газ беришни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилишда давом этадиган бўлса, Теҳрон Ашхободдан энергия маҳсулотларини бошқа сотиб олмаслигини билдирди. Кейинги йилларда қатор Эрон расмийлари туркман газини импорт қилишга қарши чиқиб келади.

“Туркмангаз” Эронга газ жўнатишни нега тўхтатиб қўйганини ҳозирча очиқлагани йўқ.

Туркманистон газ савдоси олиб келадиган пулга муҳтож. Ҳозирда мамлакат 1991 йил мустақил бўлганидан бери энг оғир иқтисодий бўҳронга дуч келган.

Эрон эса яқин келажакда мамлакат жануби билан шимолини боғловчи газ қувурлар тизимини қуриб битиради. Эрон туркман газини олмай қўйса, туркман газининг ягона харидори бўлиб Хитой қолади.

XS
SM
MD
LG