Линклар

Шошилинч хабар
26 январ 2021, Тошкент вақти: 19:09

Истанбулдаги тунги клубга ҳужум қилган шахснинг исми маълум бўлди


Туркиянинг етакчи газеталаридан бири - "Ҳуррият"нинг Истанбул ҳуқуқ-тартибот идоларига таяниб хабар беришича, Истанбулдаги Reina тунги клубига қуролли ҳужумни миллати ўзбек бўлган Абдулқодир Машарипов амалга оширган.

Газетанинг ёзишича, Абдулқодир Машариповнинг Абу Муҳаммад Хуросоний код исмидан фойдаланган.

Босфор бўғози соҳилида жойлашган Reina тунги клубига янги йил кечаси уюштирилган ҳужум оқибатида камида 39 одам нобуд бўлган ва 69 одам жароҳат олганди.

Ҳужум оқибатида юзага чиққан саросима пайтида ҳужумчи ғойиб бўлишга улгурганди.

Ҳозирда ҳам бутун Туркия бўйлаб уни қидириш давом этмоқда.

Абдулқодир Машарипов, "Ҳуррият" хабарига кўра, 15 декабрда Конядан қуролли ҳужумни содир этиш учун Истанбулга келган.

4 январь куни Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли янги йил оқшомида Истанбулдаги машҳур тунги клубга ҳужум уюштирган террорчи шахси аниқланганини эълон қилганди.

Анадолу агентлигига баëнот берган Чавушўғли¸ ҳужумчи шахсини жамоатчиликка очиқламаган эди.

Чавушўғли баëноти тунги клубга ҳужумни ўз зиммасига олган "Исломий давлат" экстремист гуруҳига алоқадор 20 одамнинг 4 январь куни Измирда ҳибсга олингани ҳақидаги хабардан сўнг эълон қилинди.

XS
SM
MD
LG