Линклар

Шошилинч хабар
01 июл 2022, Тошкент вақти: 07:39

Ислом Каримов хотирасига Самарқандда ҳам ёдгорлик ўрнатилади


Самарқанд шаҳри марказида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасига ёдгорлик ўрнатилиши хабар қилинди. Ўзбекистон Бадиий академиясига таяниб берилган хабарларга кўра, ёдгорлик шаҳар марказидаги Регистон майдони ёнига ўрнатилади.

Самарқандда марҳум президент шарафига ёдгорлик ўрнатилиши ҳақида Podrobno.uz, Sputnik нашрлари ёзмоқда.

Ҳозирча ёдгорлик қачон ўрнатилади ва қай шаклда бўлади, шунингдек, ёдгорлик намунаси учун танлов эълон қилинадими-йўқми - бу ҳақда ҳозирча маълумот берилмади.

Маълумки, бунга қадар Тошкентда Каримов ҳайкалини ўрнатиш учун халқаро танлов эълон қилинган.

Шавкат Мирзиёев 2 декабр куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга ёдгорлик ўрнатиш бўйича халқаро ижодий танлов эълон қилиш тўғрисидаги қарорга имзо қўйган.

Қарорга биноан, танловнинг хорижлик иштирокчилари Ўзбекистонга кириш визаси учун консуллик ва бошқа тўловлар, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" орқали авиачипта, бож тўловларидан озод қилинган.

Танловда иштирок этувчилар 2017 йилнинг 31 мартига қадар ўз лойиҳаларини тақдим этиши мумкин. Сўнгра 10 апрелгача давом этадиган кўргазма ташкил қилиниши ва тақдим қилинган лойиҳалар билан барча истовчилар танишиши мумкинлиги айтилган.

Бундан ташқари, танловда иштирокчилар аноним тарзда қатнашидлар ва Каримов ҳайкалининг 70 сантиметрдан баланд бўлмаган моделини тақдим қиладилар. Сўнгра танловда ғолиб чиққан биринчи ва мукофот олган иккинчи ҳамда учинчи ўриндаги иштирокчиларнинг номлари эълон қилинади.

Ҳозирча ёдгорлик Тошкентнинг қаерига ўрнатилиши ҳақида маълумот йўқ.

Айни пайтда, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовга ёдгорлик Москванинг Большая Полянка кўчасида ўрнатилиши режаланмоқда.

Москва шаҳар думаси 21 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишида Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш таклифини маъқуллаган.

ТАСС агентлиги ёдгорликни бунёд этишга сарфланадиган барча ҳаражатлар Ўзбекистон томонидан тақдим этилиши, ҳудуддаги ободонлаштириш ва қурилиш ишлари тўловлари эса Москва бюджети томонидан молиялаштирилишини хабар қилган.

XS
SM
MD
LG