Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:33

Ўзбекистонда Ислом Каримовнинг хотира оши берилаяпти


30 январда Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов туғилган кунга 79 йил тўлди. Бу сана арафасида - 25 январь куни Президент Мирзиёев Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармонга биноан ҳар йили 30 январь куни Ислом Каримовнинг туғилган кунини нишонланади. Ислом Каримов вафот этган 2 сентябрь эса Фармонда Биринчи президентни хотирлаш куни, деб эълон қилинди.​

Президент фармони билан Тошкент давлат техника университетига, Асака автомобил заводига, Фарғонадаги санъат саройига, Тошкент халқаро аэропортига, Қорақалпоғистон, Тошкент ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилади.

Самарқандда Ислом Каримов дафн этилган жойда мемориал комплекс барпо этилади. Шунингдек, шаҳарларда Каримов ҳайкаллари ўрнатилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 январ куни Биринчи президент Ислом Каримовнинг туғилган куни муносабати билан Самарқандга бориб, марҳумнинг қабрига гул қўйди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, Шавкат Мирзиёев Самарқанд ва Тошкентда Ислом Каримов хотираси ҳурматига уюштирилган маросимларда иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовнинг қабрига гул қўймоқда. 2017, 30 янв. Сурат gazeta.uzдан олинди
Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовнинг қабрига гул қўймоқда. 2017, 30 янв. Сурат gazeta.uzдан олинди

Ислом Каримов 2016 йилнинг 2 сентябрида миясига қон қуйилиши оқибатида 78 ёшида вафот этганди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлаган. 1961 йилдан 1966 йилгача В.П.Чкалов номидаги Тошкент Авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади.

1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди.

1983 йилда И.Каримов Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди.

1986-1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилоят партия комитетининг биринчи котиби, 1989 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимларида ишлади.

1990 йил 24 мартда Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида И.Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди.

1991 йил 29 декабрда ўтказилган умумхалқ сайловида И.Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

1995 йил 26 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига кўра, И.Каримовнинг президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди.

2000 йил 9 январда ўтган сайлов натижаларига кўра, Конституцияга киритилган ўзгаришларга мувофиқ, И.Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

2007 йил 23 декабрида ўтган сайлов натижаларига кўра, И. Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

2015 йил 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди ва Каримовнинг бу гал 5 йиллик муддатга сайлангани эълон қилинди.

XS
SM
MD
LG