Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2019, Тошкент вақти: 10:01

МХХ Олий суд мулозимини 25 минг доллар пора олаётганда қўлга туширди


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Бош прокуратура вакиллари билан ҳамкорликда Олий суднинг ахборот-ҳуқуқий таъминот бўлими катта маслаҳатчиси, 37 яшар Азизхон Маматовни қўлга олди.

Бу ҳақда куч ишлатар идорадаги ўз манбасига таяниб хабар қилган Спутник сайтига кўра, қўлга олинган мулозим тадбиркорлардан бирининг иши юзасидан ижобий қарор чиқарилиши учун 50 минг АҚШ доллари олмоқчи бўлган.

Айтилишича, икки тадбиркор нотариал шартномага асосан фуқаро А. Олимжоновдан Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги қурилиши битмаган бинони сотиб олган. Шундан сўнг бино капитал таъмирдан чиқарилган, бу ерда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш режалаштирилган эди.

“Кейин маълум бўлишича, Олимжонов фирибгарлик йўли билан бинога эгалик қилиб олган, уни амалда эгасидан деярли тортиб олган. 2016 йилнинг майида Олимжонов кўчмас мулкни тортиб олгани учун 168 модда (“Фирибгарлик”) бўйича судланди, Яккасарой туман суди уни 10 йилга озодликдан маҳрум этди. Шунингдек, суд бинонинг аввалги эгасига объект қийматига тенг моддий зарарни қоплаб бериш ҳақида қарор чиқарди”, - деган сайт манбаси.

2016 йилнинг августида бинонинг дастлабки эгаси Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг юқорида айтилган икки тадбиркор ҳамда А. Олимжонов ўртасидаги олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда аввал сотиб юборилган мулкни қайтариб бериш ҳақидаги қарори чиқарилишига эришади.

"Бунга жавобан бинонинг янги эгаларидан бири Олий судга шикоят қилди. Олий суд Тошкент шаҳар суди қарорини бекор қилди ҳамда ишни қайта кўриб чиқишга юборди. Шу ерда Азизхон Маматов аралашади. У ижобий қарор чиқарилиши учун тадбиркорлардан 50 минг АҚШ долларини ундирмоқчи бўлади. Маматов маблағнинг ярми дарров берилишини, иккинчи қисмини эса – суд қарори чиқарилгач беришларини талаб қилади", - деган манба.

Хабарда айтилишича, Азизхон Маматов пойтахтнинг Шайҳонтохур туманидаги кафелардан бирида 25 минг доллар олаётган пайтида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далил билан қўлга олинган.

Бош прокуратура ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-, 28-, ва 211- моддалари бўйича жиноят иши қўзғади.

XS
SM
MD
LG