Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:04

Amnesty International: Сурия ҳукумати 5 мингдан 13 минггача маҳбусни осган


7 февраль куни ташкилот тарқатган ҳисоботда айтилишича, Дамашқ яқинидаги Сайдная ҳарбий қамоқхонасида 2011-2015 йиллар оралиғида 5 мингдан - 13 мингга қадар маҳбус осилган ва буларнинг асосий қисми Сурия мухолифати тарафдорларидир. Ташкилот маҳбусларни дорга осиш амалиёти ҳануз давом этаётган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Буни "уруш жинояти" деб атаган Amnesty International Бирлашган миллатлар ташкилотини қатллар юзасидан тергов ўтказишга чақирди.

Ташкилот бу маълумот Сурия ҳукуматида ишлаган собиқ қамоқхона қўриқчилари, маҳбуслар ва қамоқхона ишчиларидан иборат 84 киши билан суҳбатлар асосида тўпланганини билдирди.

Маълум бўлишича, маҳаллий аҳоли орасида Сайдная - “Қассобхона” деб номланган бу қамоқхонада ҳафтасига 20 нафардан 50 нафаргача одам дорга осилган.

Шу тариқа, сўнгги тўрт йил ичида бу қамоқхонада осилган маҳбуслар сони 5 мингдан 13 минг нафаргача экани тахмин қилинмоқда. Ташкилот тахминича, қатллар учун фармон Сурия ҳукуматининг энг юқори даражадаги раҳбарлари томонидан берилган бўлиши мумкин.

Ҳисоботда айтилишича, “қурбонлар, асосан, мухолиф кўрилган фуқаролардан иборат бўлиши мумкин”. Ҳисоботга кўра¸ 2011 йилдан бери мамлакатда минглаб одам ноқонуний равишда қатл этилган ва бундан уларнинг оиласига хабар ҳам берилмаган.

"Сайдная ҳарбий қамоқхонасидаги кўплаб бошқа маҳбуслар ўлдирилгунга қадар кўп бора қийноққа солинган, систематик равишда сув, егулик ва дори-дармондан маҳрум қилинган”, дейилади Amnesty International.

Ҳисоботда иддао қилинишича, дорга осилганларнинг жасадлари кейинчалик юк машиналари ортилиб Тишрийн ҳарбий шифохонасига олиб борилган ва у ерда қайд этилгач, оммавий қабрларга дафн қилинган.

Президент Башар Асад ҳукумати бу борадаги даъволарни инкор қилган.

2011 йил март ойида ҳукуматга қарши норозилик намойишлари бостирилгач, Асад намойишчиларни “террорчилар” деб қоралаб келмоқда.

Айни пайтда¸ Дамашқдаги SANA расмий ахборот агентлиги президент Асаднинг, АҚШ президенти Дональд Трамп “Исломий давлат” террор гуруҳига қарши курашга оид “ваъдалар” бермоқда¸ аммо бирор амалий иш кутишга ҳали эрта" деган баëнотини ëйинлади.

Дональд Трамп “Исломий давлат” террор гуруҳини йўқ қилиш ўз президентлигининг асосий мақсадларидан бири эканини айтган ва Пентагон ҳамда бошқа тегишли идоралардан 30 кун ичида бу мақсадни амалга ошириш бўйича режани тақдим этишни сўраган.

Айни пайтда у Россия билан ҳамкорлик зарурати сифатида айнан Суриядаги террорчиларга қарши кураш масаласини тилга олиб келади.

XS
SM
MD
LG