Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:25

Бердимуҳаммедов деярли 98 фоиз овоз билан Туркманистон президентлигига қайта сайланди (ВИДЕО)


Қурбонқули Бердимуҳаммедов оиласи билан сайлов участкасида овоз бермоқда.
Қурбонқули Бердимуҳаммедов оиласи билан сайлов участкасида овоз бермоқда.

12 февраль куни Туркманистонда президент сайлови бўлиб ўтди. Президентликка 9 номзод кўрсатилган бу сайловда, Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, амалдаги давлат раҳбари Қурбонқули Бердимуҳамедов 97,69 фоиз овоз олган. Мустақил кузатувчилар сайлов натижаларига шубҳа билдирмоқда.

Якшанба куни Туркманистонда президент сайлови бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, унда сайловчиларнинг 97 фоизи иштирок этган.

Сайловда президентликка амалдаги давлат раҳбари Қурбонқули Бердимуҳамедовдан ташқари яна 8 киши номзоди кўрсатилган эди. Бироқ бу галги сайловда ҳам, Туркманистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, амалдаги давлат раҳбари қарийб 98 фоиз овоз билан президентликка қайта сайланди.

Туркманистон: Бердимуҳамедов қарийб 98 фоиз овоз олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:53 0:00

Озодлик радиоси туркман хизмати Ашгабатдаги мактаб ўқувчилари сайловдан 2 кун олдин овоз бериш бюллетенларини Қурбонқули Бердимуҳаммедов фойдасига тўлдириш ишига жалб этилганини хабар қилди. Бу бюллетенлар сайлов куни оммавий равишда овоз бериш қутиларига ташланган.

Туркман хизмати мухбири Сўлтан Ачилова сайлов куни участкаларга кам сонли сайловчилар келганини айтди.

- Мен овоз бериш жараёнида фаолликни кўрганим йўқ. Сайлов участкаларига жуда оз одамлар келди, уларнинг аксарияти кекса ва ўрта ёшдаги одамлар эди. Мен 32-сайлов участкасида бир соат бўлганимдан сўнг Ашгабатдаги 50-мактабда жойлашган 42-сайлов участкасига бордим. Кейин 45-сайлов участкасида бўлдим. Ҳамма участкаларда сайловчилар жуда оз эди, – деди Сўлтан Ачилова.

Қурбонқули Бердимуҳамедов кўп сонли оила аъзолари ҳамроҳлигида Ашгабад марказидаги сайлов участкасида овоз берганди. Овоз берганидан сўнг йиғилганлар олдида сўзлаган Бердимуҳамедов сайловда ғолиб чиққан тақдирда, халқ фаровонлигини ошириш йўлида хизмат қилишда давом этажагини билдирган.

Туркман расмийлари ўтган йили мамлакат конституциясига ўзгартиш киритиб, давлат раҳбари ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтирган ва президентликка сайланиш учун 70 ёшлик чекловни олиб ташлагандилар. Бу ўзгартишлар 59 ёшли Бердимуҳамедовга яна кўп йиллар ҳокимият тепасида қолиш имконини беради. Бердимуҳаммедов эса қонунчиликдаги бу ўзгартиришлар халқаро экспертлар томонидан кўриб чиқилганини иддао қилди.

- Мамлакатимизда қабул қилинган барча қонунлар ва меъёрлар масаласида, биз таниқли халқаро экспертларни таклиф этдик ва қонунларни муҳокама қилдик,- деди президент.

Асл касби тиш доктори бўлган Қурбонқули Бердимуҳамедов илк бор президентликка 2006 йили сайланган. 2012 йили ўтказилган президент сайловида у, расмий маълумотларга кўра, 97 фоиз овоз олган.

Қазилма бойликларига бой Туркманистонда 1991 йили мамлакат мустақиллиги эълон қилинганидан буён ўтказилган парламент ёки президент сайловларининг биронтаси халқаро ташкилотлар томонидан эркин ва шаффоф, дея тан олинмаган.

XS
SM
MD
LG