Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2019, Тошкент вақти: 05:55

"Фарғонаазот"даги кучли портлашда 6 киши нобуд бўлди


Фарғона шаҳридаги "Фарғонаазот" заводида 23 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 16.30лар атрофида рўй берган кучли портлаш оқибатида олти киши нобуд бўлди. Бир киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилди.

Фарғона вилояти ҳокимлигидан Озодлик олган маълумотга кўра, "Фарғонаазот" заводида бўлган портлаш оқибатида 6 киши ҳалок бўлган:

"Аммиак цехида ремонт ишлари олиб борилаётган бўлган. Аммиак ишлаб чиқарувчи қурилмадан аммиак гази сизиб чиқиб, ўша ерда қилинаётган сварка учқунига туташиб ёнғин чиққан ва катта портлаш содир бўлган. Беш ишчи ўша ернинг ўзида ҳалок бўлган. Икки киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Улардан бири ҳам вафот этган. Ҳозир бир киши оғир куйиш жароҳати билан реанимация бўлимида қолмоқда", деди ҳокимлик мулозими.

Марғилон шаҳридаги жума намозида иштирок этган фарғоналиклардан бирининг айтишича, масжид имоми заводдаги портлашда 8 киши ўлганини эълон қилган ва улар ҳақига дуо қилинган.

Озодлик, ҳозирча қурбон бўлганлар сони 8 киши эканлигини расман тасдиқлай олгани йўқ.

Портлаш "Фарғонаазот" ОАЖнинг аммиак цехида таъмирлаш-монтаж ишлари жараёнида содир бўлган.

Воқеа сабабларини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилган.

Бахтсиз ҳодисадан зарар кўрганларнинг оилаларига товон пули тўланиши ҳам хабар қилинди.

"Фарғонаазот"- Ўзбекистондаги энг йирик кимё заводларидан бири ҳисобланади.

Завод асосан кимёвий маҳсулотлар ва азотли ўғитлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

1958 йилда асос солинган мазкур завод Ўзкимёсаноат акционерлик компанияси таркибига киради.

Шарҳларни кўринг (11)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG