Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2019, Тошкент вақти: 16:05

Халқ билан мулоқот? Солиқчилар ногирондан икки қоп гуручини олиб қўйди


Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот шаҳрида иш тополмай¸ тўрт фарзандига ёрдам деб икки қоп гуручни пуллаш учун бозорга олиб чиққан ногирон Одил ака туман солиқчилари ўтказган рейд нишонига айлангани ва фарзандлари ризқини солиқ инспекторлари тортиб олгани ҳақда Озодликка шикоят қилди. Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси мулозимлари эса одамлар ўз томорқасидаги махсулотни бозорга олиб чиқиб сотса патент керак эмаслиги, агар гуруч ёки бошқа қишлоқ-хўжалиги махсулоти томорқасида етиштирилмаган бўлса сотувчи патент олиши кераклиги, акс холда махсулоти мусодара этилиши мумкилигини айтишди.

Тўрт фарзанднинг отаси Одил ака икки қоп гуручни сотиш учун бозорга чиққанида қисқа вақт ичида солиқ инспекторларининг назарига тушгани ва патенти йўқлиги сабаб гуручини инспекторлар тортиб олганини айтди.

- Икки қоп 123 килолик гуручни сотиб болаларимга кийим-кечак оламан, деб бозорга борганимда икки йигит келиб, “биз туман солиқ инспекторларимиз, сенда патент йўқ”, деб туриб икки қоп гуручимни олиб қўйди. Қандайдир ҳужжатга қўл қўйдиришди, кейинроқ гуручингни қайтариб берамиз”, дейишди-да ғойиб бўлишди. Инспекцияга борсам гуруч ҳам йўқ, ҳалиги боллар ҳам йўқ, - дейди қорақалпоғистонлик Одил ака.

Озодлик мазкур холат юзасидан Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси ахборот-маслаҳат марказидан изоҳ сўради.

Қўмита ҳуқуқий маслаҳатчиси Озодлик билан суҳбатда чакана савдони амалга оширувчи шахс агар ўзини томорқасидаги махсулотни бозорга олиб чиқиб сотса патент керак эмаслиги, агар гуруч ёки бошқа қишлоқ-хўжалиги махсулоти томорқасида етиштирилмаган бўлса сотувчи патент олиши кераклигини айтди.

- Гуруч ўзини томорқасида етиштирилганини исботлаб берса бемалол патентсиз сотавериши мумкин. Маҳалладан “ҳа томорқасида гуруч экади” деган справка бўлса бозорга боради, жой олиб ва сотаверади. Агар шундай ҳужжати бўлмаса бу тадбиркорлик фаолиятига кириб кетади ва патент олиши керак бўлади. Агар патенти бўлмаса махсулотини мусодара этишга солиқ инспекторларини ҳаққи бор, - деди Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси ахборот-маслаҳат маркази ҳуқуқий маслаҳатчиси.

Одил ака эса бозорда ўнлаб одам ҳеч қанақа патентсиз, ҳужжатсиз гуруч сотиб ўтиргани, улар солиқ инспекторлари назаридан четда қолаётганини айтади.

- Бозорда ўттиздан ортиқ гуруч сотувчилари бор. Шулардан биттасида патент бор. Ўша пайтда ёнимда 200 минг сўм бўлса ва шуни берганимда гуручимни олиб қўйишмасди. Кейин билсам бозорга янги келганларни эски сотувчилар конкурент деб, солиқчиларга чақиб беришар экан. Атига икки қоп гуруч учун патент ололмайманку, - дейди Одил ака.

Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси ахборот-маслаҳат маркази ҳуқуқий маслаҳатчиси эса: “ярим қоп бўладими, ўн қоп бўладими, сотиш учун патент олиш зарур, акс холда сотувчи махсулотидан махрус қолиши мумкин”, деди.

Ўзбекистон бозорларида текширишга келган солиқ инспекторлари ва сотувчилар ўртасида тўқнашувлар тез-тез рўй беради.

Солиқчилар ҳужжатлари жойида бўлмаган сотувчиларнинг гуручларини савдо растасидан олиб кетишга ҳаракат қилади.

Шу йилнинг апрел ойида Жиззахда уч боласини боқиш учун қарзга олган 110 килограм гуручни бозорга олиб чиққан камбағал рўзғорбоши вилоят солиқчилари ўтказган рейд нишонига айлангани, гурчи мусодара этилгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG