Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 19:09

Ироқ кучлари Дажла дарёси устига понтон қуришга уринмоқда


Мосулнинг ғарбий қисмини жангарилардан озод этиш амалиёти 19 февраль куни бошланган.

АҚШ кўмаги билан Мосул шаҳрининг ғарбий қисмини “Ислом давлати” чангалидан озод этиш учун курашаётган Ироқ кучлари Дажла дарёси устида понтон кўприк қуришга уринмоқда. Бундан мақсад дарёнинг ҳукумат бошқарувидаги шарқий қисми билан ғарбий қисмини улашдир.

Ироқ Ички ишлар вазирлигининг Тезкор чора кўриш бўлими полковниги Фалаҳ ал-Вабдан AFP хабар агентлиги билан суҳбатда Дажла дарёсидаги кўприкларнинг бирини назарда тутиб, “Эрталаб кўприк томон яқинлашиш учун муҳим амалиётни бошладик”, деди.

Полковник ҳудудда миналар кўплигини, 26 февраль куни 44 жангари ўлдирилганини қўшимча қилди.

Ҳарбийлар Дажла дарёсининг шарқий ва ғарбий соҳилларини уловчи кўприк қуриш ўта муҳим эканлигини айтишмоқда. Мосулнинг ғарбий қисмини жангарилардан озод этиш амалиёти 19 февраль куни бошланган.

Ироқ кучлари ўтган йилнинг октябрь ойида АҚШ ҳаво ҳужумлари, шиа жангчилар ҳамда курд пешмерга қўшинлари кўмаги билан шаҳарни озод этиш амалиётини бошлаган эди.

Январь ойида Ироқ кучлари шарқий Мосулни “Ислом давлати” жангариларидан озод этишга муваффақ бўлди.

Таҳлилчилар Мосулнинг ғарбий қисмини жангарилардан тортиб олиш осон бўлмаслигини айтишмоқда. Ҳозирда Ироқнинг иккинчи энг йирик шаҳри бўлмиш Мосулда 750 минг оддий фуқаро бор. Расмий ҳисобларга кўра, шаҳарда тақрибан 2000 “Ислом давлати” жангариси бор.

Ироқ ҳарбийлари амалиёт бошланганидан бери бир маромда олға силжимоқда, аммо ҳалок бўлган ҳарбийлар сони ўсиб бормоқда.

26 февраль куни Associated Press хабар агентлиги сўнгги уч кун ичида камида 30 хавфсизлик хизмати ходими ҳамда 200 дан ошиқ оддий фуқаро ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди.

Шаҳар турғунлари шаҳарнинг айрим кўчаларида мурдалар ётганини айтишди.

Ироқ ҳарбийлари амалиёт давомида ҳалок бўлганлар сони ҳақида расмий маълумот эълон қилгани йўқ.

Ироқ кучлари ғарбий Мосулни озод қилиш учун курашар экан, мамлакат расмийлари ҳамда дунё тарихчилари Парижда учрашиб, шаҳарнинг маданий бойликларини қайта тиклаш режасини тузмоқда. Мосулнинг қадимий ёдгорликларидан айримлари “Ислом давлати” жангарилари томонидан вайрон қилинган.

Тарихчилар Мосул музейининг тақдиридан хавотирда. Мосул музейи шаҳардаги иккинчи энг катта музей бўлиб, унда минг йиллаб тарихга эга экспонатлар бор.

2003 йилги Ироқ уруши давомида Мосул музейи талон-тарож қилинган. Аммо 2014 йил “Ислом давлати” уни эгаллаб олганида музей қайтадан очилиш арафасида бўлган.

“Исломий давлат” 2014 йилда Ироқ ва Суриянинг сезиларли қисмини эгаллаб олган.

Жангари гуруҳ кўплаб ваҳшиёна жиноятларни содир этишда айбланган ва Европа ҳамда бошқа минтақалардаги йирик террорчилик ҳаракатлари учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

“Ислом давлати” етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий 2014 йил Мосулда туриб Ироқ ва Сурияни ўз ичига олган халифалик эълон қилган.

XS
SM
MD
LG