Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2019, Тошкент вақти: 21:39

Қирғизистон суди Текебаевни 2 ой ҳибсда қолдирди


Текебаев қамоққа олинганига қарши норозилик намойиши.

Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди 28 февралга ўтар кечаси мухолифат лидерларидан бири Ўмурбек Текебаев ва Дуйшен Чўтўновни 2 ойга ҳибс қилиш тўғрисида қарор чиқарди.

Бу ҳақда Текебаевнинг адвокати Чўлпўн Жакупбекова маълум қилди.

-Икки ойга қамоққа олинди.Суднинг қарори олдиндан тайёрлаб қўйилганга ўхшайди. Чунки қарорни ўн минут ўқишди, судья маслаҳатлашув хонасида эса бор йўғи беш дақиқа бўлди. Олдиндан тайёрлаб қўйилган ҳукмни ўқиб беришди, - деди Чўлпўн Жакупбекова.

Қирғизистондаги энг таниқли сиёсатчилардан бири бўлган Ўмурбек Текебаев 26 февраль куни Истанбулдан Бишкекка учиб келганида Манас аэропортида қўлга олинган эди. Орадан кўп ўтмай мухолифатчи Дуйшен Чўтўнов ҳам қўлга олинган.

Расмийлар мухолифатчиларга нисбатан коррупция моддаси билан жиноят иши очилганини билдирди. Бироқ мухолифатчилар буни сиёсий таъқиб деб ҳисобламоқда.

Ўмурбек Текебаев кейинги бир йил ичида президент Атамбаев ва унинг яқинларининг коррупцияга аралашганини иддао қилиб келаётган эди.

Президент Атамбаев ва Ўмурбек Текебаев ўртасидаги компроматлар уруши 2016 йил 31 августида бошланган эди. Ўшанда Мустақиллик куни муносабати билан сўзлаган нутқида Атамбаев 2010 йилдаги Муваққат ҳукумат фаолиятини танқид қилган ва бунинг ортидан собиқ президент Роза Ўтунбаева намойишкорона равишда тантана жойини тарк этган эди.

Шундан сўнг Текебаев президент ва унинг яқинларини коррупцияда айблаб қатор айбловларни илгари сурган, Миллий хавфсизлик хизмати эса Текебаев ва унинг бир неча сафдошини коррупцияга алоқадорликда айблай бошлаган эди.

Ўмурбек Текебаевнинг қамоққа олиниши ортидан Қирғизистоннинг турли шаҳарларида, жумладан, пойтахт Бишкекда муддатсиз норозилик митинглари бўлиб ўтмоқда. Митингларда собиқ президент Роза Ўтунбаева Текебаевни қўллаб нутқлар сўзламоқда.

-Президент бугунги кунда даҳлсиз одамлар йўқ деяпти. Тўғри, даҳлсиз одамлар бўлмаслиги керак, лекин бу принцип ҳаммага тенг бўлиши лозим. Президент маъмуриятини ҳалол бўлмаган одамлар эгаллаб олганку, ахир, -деди Роза Ўтунбаева.

Бишкекда митинглар президент маъмурияти биноси олдида ўтказилмоқда. Лекин бугун Қирғизистонга Россия президенти Владимир Путиннинг келиши муносабати билан норозилар митингни Миллий хавфсизлик қўмитаси биноси олдида ўтказишга қарор қилган.

Россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов Ўмурбек Текебаевнинг айнан Владимир Путин Қирғизистонга келиши олдидан қамоққа олинганини сиёсат билан боғлайди:

-Бу иш учун айни мана шу пайт бекордан танлаб олинган эмас, деб ўйлайман. Негадир Атамбаев Путин ташрифи арафасида ўзининг қатъиятли эканини ва ўз мамлакатидаги вазиятни тўла назорат қила олиш салоҳиятига эга эканини намойиш қилгиси келди. Атамбаев учун мамлакатдаги вазият ўз назоратида эканини кўрсатиш жуда муҳимдир. Атамбаев бўлғуси президентлик сайловида иштирок этмаётгани учун уни ҳозир “чўлоқ ўрдак” ўлароқ кўришмоқда. Атамбаев сайловга тўққиз ой қолганида ҳам вазиятни назорат қила олиш қудрати кучли эканини намойиш қилишни истади, -деди Аркадий Дубнов.

Шарҳларни кўринг (5)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG