Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:08

Швециядан қайтган йигит Обид қорига алоқадорлик гумони билан босимга учради


Андижон халқаро аэропорти
Андижон халқаро аэропорти

Швециядаги ўзбекистонлик оила президент Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилиб, мамлакат чегараларидаги божхона ва чегара хизмати ходимлари устидан шикоят қилди. Оиланинг иддао қилишича, қонуний йўл билан Швецияда ишлаб қайтган ёш йигитлар Тошкент аэропортининг ўзида "асоссиз" қўлга олиниб, туналмоқда, айримлари эса махсус хизмат ходимлари томонидан махфий равишда олиб кетилмоқда.

Уч йилдан буён Швецияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Абдумалик укаси Тошкентга қайтгач, қарийб бир ой ҳибсда сақлангани ва оиласи катта миқдорда пора бериб, уни ҳибсдан чиқарганини иддао қилмоқда. (Илтимоси билан исми ўзгартирилди ва шахсига оид бошқа маълумотлар сир сақланмоқда - таҳр.)

У бу ҳолатдан шикоят қилиб президент Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига ариза ёзгани, аммо ҳануз жавоб олмаганини айтмоқда.

- Президент чет элдагиларга қайтинглар, деяпти. Вазирларига қайтаринглар, деяпти. Аммо, Тошкент, бошқа аэропортлардаги чегарачилар ноқонуний ушлаб, пулини олаверганидан кейин ким қайтиб боради, айтинг?! Укам бечорани ҳибсдан чиқариш учун 20 минг кўкидан бердик, - дея иддао қилди микрофонсиз суҳбатда Абдумалик.

Абдумаликнинг Тошкент вилояти Қибрай туманида истиқомат қилаётган отаси - Абдуқаҳҳор ака ҳам (Илтимоси билан исми ўзгартирилди - таҳр.) Швециядан борган ўғли қисқа муддат ҳибсда сақлангани ва ҳибс чоғида унга руҳий босим қўлланганини даъво қилди.

"Катта ўғлимни олиб бориб, 27 кунга тиқиб қўйди. Олдинига участковой чақирди, борса, қамаб қўйибди. Ўртага таниш тиқдик, 27 кун деганда, уриб-уриб, суд қилиб, 3 миллион сўм жарима қўйиб, чиқаришди. Агар ўртага таниш тиқмасак, Швецияда Обид қорига алоқаси бўлган, деб қамашлари аниқ эди. Швециядан борганларнинг ҳаммасини шу қори билан бойлаб, ватан хиёнаткори, деб қамаб ташаворишяпти", деди Абдуқаҳҳор ака.

У ўғли устидан жиноят иши очилмаслиги учун хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органларининг турли даражадаги ходимларига жами 20 минг АҚШ доллари миқдорида пора тўлашга мажбур бўлганини иддао қилди.

Абдумалик ўтган ярим йил ичида Стокҳольмдан Тошкентга учиб борган ва аэропортдан чиқмаган яна уч йигитнинг тақдиридан хабардор эканини билдирди.

"Ўтган йили ёзда иккитаси, бу йил январда учинчиси кетди, уччаласиям аэропортдан чиқмади. Бири 30 яшар, Алишер, деган бола, тошкентлик.Ота-онасига чегарачилар: "Ўзлари сизга телефон қилишади", деган холос. Юкларини беришган ота-онасига. Ким телефон қилади, қаердан қилади, қаерда бу болалар айтамаган. Адвокатлариям жим: "Кутинглар, у ёққа-бу ёққа югурмай, кутинглар, чиқиб келишади" дейишяпти экан. Мен айтдим уларга, шикоят қилинглар, деб. Лекин, қўрқишаяпти, боламиз уларнинг қўлида, деб қўрқишаяпти", деди Абдумалик.

У Тошкентга борган йигитлардан бирининг айнан аэропортда ғойиб бўлганига исбот, деган иддао билан битта сурат йўллади.

Унинг айтишича, юртига қайтаётган йигитлардан бирнинг Android русумли телевизорини текширишгани ҳақидаги хабар унинг Стокҳольмда қолган планшетида кўринган.

«Android телевизордаги аккаунтига киришмоқчи бўлгани ҳақидаги хабар бу ерда қолган планшетида кўринди. Google орқали уланган-ку, шунда сизнинг аккаунтингизга киришмоқчи, деган огоҳлантириш келдида. Биз энди бу ерда хавотир олиб, планшетига қараб ўтирган эдик. Чунки, Норвегиядан борган болаларни бесоқолбоз, деб қамаворишганидан бери шунақа қўрқув бор ҳаммада”, деди Абдумалик.

Абдумалик айни пайтда Ўзбекистоннинг Берлиндаги консуллиги рўйхатида туриши, ҳамма ҳужжатлари жойида экани ва Швецияда қонуний асосда яшаб, ишлаётганига қарамай, юртига қайтишга қўрқаётганини айтди:

“Чегарачилар билишадики, биз ишлаб қайтяпмиз. Пули бор, деб ўйлаб, қўрқитиб, уриб, ҳар хил айбловларни бўйнимизга илиб, осонгина пул ишлаб олишади. Мана ўзимнинг акам яққон мисол. Мен бунақа болалардан қанчасини биламан, лекин ҳаммаси қўрқиб қолган. Шунга сизлардан илтимос, президентимизга етказинглар – яхши иш берса, биз қайтишга тайёрмиз! Лекин, бизни аэропорт чегарасидаёқ хўрлайдиган чегарачилардан ким ҳимоя қилади? Хўп, аэропортдан чиқдизам, лекин маҳалладаги участковой, МХХдан ким ҳимоя қилади? Айбимиз йўқ, муаммоимиз йўқ – лекин, бекордан-бекорга қамалиб кетаётганларни кўриб турибмизку?! Обид қори тугул, сал соқол қўйган ўзбекни кўрсак, қочамиз, гаплашмаймизам. Булар президент Мирзиёевни гапини, узр-ку, бир тийинга олмаяпти”, дея Ўзбекистон раҳбарига юзланди Швецияда ишлаётган Абдумалик.

У иддаоларига исбот ўлароқ Швецияда ишлаб,Тошкент шаҳри, Тошкент ва Қашқадарё вилоятига қайтган беш киши – 3 эркак ва 2 аёл тақдирига оид маълумотларни йўллади.

Унинг иддао қилишича, уларни маҳаллий ИИВ ва МХХ бўлимларида давомли сўроққа тутган, бир неча суткага ҳибс қилган ва айни пайтда Ўзбекистондан чиқармаётир.

Абдумалик бу беш кишининг шахси ва манзилига оид маълумотларни ҳам Озодликка тақдим қилди. Аммо, мазкур шахсларнинг ўзлари билан бевосита гаплашиш имкони бўлмани учун, Озодлик бу маълумотларни ошкор қилмаётир.

Озодлик Тошкентдаги икки ҳуқуқ фаоли - Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ва "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов билан боғланди. Аммо, ҳар икки фаол Швециядан қайтгач, Тошкентда қўлга олинган ёки ҳибс қилинган бирор фуқаро ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Агар, сизда Озодликка мурожаат қилган ота-боланинг даъвосини қувватловчи ёки инкор қилувчи, ёҳуд бунга қўшимча қилувчи бирор маълумот бўлса, марҳамат бизга йўлланг: +420 724 971 538

XS
SM
MD
LG