Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:15

Эрон киночилари ўз халқига ва дунëга бирдек ëқадиган кино олди


"Оскар"га сазовор бўлган "Сотувчи" фильмидан парча
"Оскар"га сазовор бўлган "Сотувчи" фильмидан парча

Эронлик режиссёр Асқар Фарҳодийнинг (Asghar Farhadi) "Сотувчи" ("Фурушанда") фильми Америка киноакадемиясининг энг яхши хорижий фильм категориясида "Оскар" мукофотига лойиқ топилди.

Фарҳодий суратга олган “Нодирнинг Симиндан жудолиги” ("Жудоии Нодир аз Симин") филми ҳам 2011 йили Америка киноакадемиясининг бош мукофоти "Оскар"ни қозонган илк мусулмон филми бўлган эди.

Фарҳодий ва бошқа Эрон киночиларнинг фильмлари дунëнинг 60 дан ортиқ кинофестивалларида қатнашиб “Олтин айиқ”¸ “Олтин глобус” каби обрўли совринларга лойиқ топилган эди.

Замонавий Эрон киноси ҳақида гап кетар экан¸ мунаққидлар бу ҳодиса тоталитар Эроннинг “ғарб учун витринаси” эканига диққат қаратишади.

Олий рутбадаги фестивалларнинг ташриф қоғозига айланаëтган Эрон фильмлари аслида “ташқарига экспорт қилинадиган ва тоталитаризм устига ëпилган ялтироқ парда”ми?

Арт-хаус жанридаги бу фестивал киноларининг Эрон ичкарисида томошабини борми?

Бобак Ғафурий Озарий
Бобак Ғафурий Озарий

Бу саволга жавоб берган эронлик киномунаққид Бобак Ғофурий Эрон киночилари ўз халқига ва дунëга бирдек ëқадиган кино олишни уддалашганини таъкидлади:

- Соф артхаус кинолар ëки фақат маҳаллий аҳоли кўрадиган одми кинолар Эронда мавжуд. Аммо кетма-кет "Оскар" олган Асқар Фарҳодий суратга олган кинолар ўрта табақанинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини акс эттиради ва бу табақа тарафидан севиб томоша қилинади.

Озодлик: Эрон киноси Маданият ва исломий қадриятлар вазирлиги тарафидан юз фоиз молияланади. Эрондаги тоталитар режим моҳиятини фош қилган фильмлар айни режим тарафидан молияланиши мантиққа зид эмасми?

Бобак Ғофурий Озар: Тўғри, Эрон Ислом Жумҳурияти кино учун пул беради, аммо жамият ичида “нега бизга қора чаплайдиганларга” пул беришимиз керак, деган эътироз ҳам мавжуд. Бошқа тарафдан сиëсатчилар орасида бу фильмлар “Эронни дунëга танитади”, дея хайриҳоҳ кайфият ҳам бор. Агар киночилар танқидни кучайтиришса бунга чек қўйишади. Оғаий Фарҳодий эса кинони шундай маҳорат билан олади¸ танқидни диалоглар тагига едириб юборади. Бутун муаммони Эзоп тилида достон қилади. Шу боис мулозимлар эътирозига ўрин қолмайди. Сих ҳам, кабоб ҳам куймайди.

Озодлик: Эроннинг фестивалларда соврин олаëтган кинолари ҳақида тасаввуримиз бор. Эроннинг ичида томоша қилиниб, остона ҳатламаган кинолар ҳақида гапириб берсангиз.

Бобак Ғофурий Озар: Сўнгги йилларда Эрон киноси қизиқ бир жараëндан ўтмоқда. Фарҳодий лидерлигидаги киночилар оддий халқ ва чет эл фестивалларининг ҳакамлари бирдек севиб томоша қиладиган киноларни яратмоқда. Масалан Фарҳодийнинг "Сотувчи" фильми Эронда энг кўп томошабин тўплади. Лекин Рустамий деган киночининг асарлари истисно. Рустамий олган кинолар Эрон ичкарисида оммавий томоша қилинмайди. Унинг кинолари асосан чет элда машхур ва қадрли. Рустамий рус киночиси Тарсковскийга яқин услубда кино олади.

Озодлик: Эронда 10 миллион киши турк тилида гаплашади. Улар учун бу фильмлар туркчага дубляж қилинадими?

Бобак Ғофурий Озар: Эронда озарий туркчасида кўрсатув берадиган бир телевидение бор. Ўша ерда кинолар дубляж қилиниб туркийзабон аҳолига намойиш қилинади. Айни пайтда дунëга донғи чиққан кинолар мамлакат ташқарисидаги дубляж ширкатлари тарафидан таржима қилиниш холатлари бор.

Озодлик: Совет Иттифоқида етишган ва Эрон киночилари учун намуна бўлган киночилар (Тарковский¸ Паражанов¸ Климов) айни пайтда режим танқидчиси ҳам бўлишган. Шу маънода Эрон киночисининг дунëқараши бизга қизиқ?

Бобак Ғофурий Озар: Эрон киночилари сайловлар пайтида ислоҳотчилар тарафида бўлишади. Уларни мўътадил қарашдаги мухолифат десак ҳам бўлади. Кескин танқид қилувчи киночилар ҳам бор. Аммо улар қамоқда ëки четга чиқиб кетган¸ дейди эронлик кино мунаққид Бобак Ғофурий Озар.

XS
SM
MD
LG