Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:23

Алмазбек Атамбаев сиёсатда қолишини шаъма қилди


Россия президенти Владимир Путин ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.
Россия президенти Владимир Путин ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 28 февраль куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашув пайтида 2017 йил кузида ҳокимиятдан кетганидан сўнг ҳам сиёсатда қолишини шаъма қилгани ва бунинг ортидан президент маъмурияти раҳбари ўринбосари Сапар Исақовнинг маъмурият раҳбари этиб тайинланишини айрим сиёсатчилар ҳамда таҳлилчилар Қирғизистонда “ворис операцияси”нинг бошланиши сифатида талқин этмоқда.

Қирғизистон матбуотига фикр билдираётган сиёсатчилар Сапар Исақовнинг бир неча йил ичида президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими бошлиғи вазифасидан президент маъмурияти раҳбари лавозимига кўтарилиши ортидан Атамбаев ўзининг вориси ким бўлишига шаъма қилмоқда, деб айтмоқдалар. Сапар Исақов 1 март куни президент маъмурияти раҳбари лавозимига тайинланган.

Жумладан, Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари, сиёсатчи Кенешбек Дуйшебаев: ”Бугун президент маъмурияти раҳбари этиб Сапар Исақовнинг тайинланганига гувоҳ бўлдик. Шундан келиб чиққан ҳолда Сапар Исақовни президентликка номзод сифатида олға суриб, ёш йигитни оталиққа олиш орқали Атамбаев сиёсатда қолишга қарор қилган, деган фикрга келдим”, деб билдирди.

40 ёшли Сапар Исақов 6 йил аввал президент маъмуриятига ишга келган эди. У қисқа муддат ташқи сиёсат бўлими бошлиғи лавозимида ишлаганидан сўнг Атамбаевнинг “ўнг қўли” мақомига етишган.

Қирғизистонлик таҳлилчилар ва сиёсатчилар шундан сўнг Атамбаев ўзига ворис сифатида Исақовни танлаб олгани ҳақида матбуотда ва оммавий чиқишларида билдира бошлаган эди. Бироқ Атамбаев бу иддаоларни рад этган, шу йилнинг кузида президентлик сайловлари “ворси операцияси”сиз ўтказилишини айтганди.

Сапар Исақов ҳам ўзининг ворис экани тўғрисидаги иддаоларни февраль ойида ўтган матбуот анжуманида тасдиқламади ва айни пайтда инкор ҳам қилмади:

-Бундай масала бугунги кун тартибига қўйилган эмас, -деб айтган Сапар Исақов.

Марказий Осиё бўйича москвалик таҳлилчи Аркадий Дубнов Атамбаев Путин билан учрашуви чоғида“президентликдан кетганимдан кейин ҳам сиёсатда қоламан”, дейиш орқали Кремлнинг ўз ворисига нисбатан қўлловини кутган, деб ҳисоблашини айтди:

- Бу билан Алмазбек Атамбаев “мен олға сураётган номзодни Москва қўрқмасдан қўллаб-қувватласа бўлаверади”, деган ишоратни берди. Яъни, бу кейинги президент Россияга мақбул бўлган сиёсатни олиб боради, Атамбаев президентликдан кетса ҳам сиёсатда қолиб, ҳокимиятни назорат қилади, деган маънони англатади, -деди Аркадий Дубнов.

Бунга қадар Атамбаев ўз чиқишларида президентликдан кетганидан сўнг сиёсатда қолмаслигини, ижод ва тадбиркорлик билан шуғулланишини билдириб келаётган эди.

XS
SM
MD
LG