Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:48

Мирзиёев Каримовни Камол Отатурк, Жорж Вашингтон ва Шарл де Голлга тенглаштирди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев марҳум президент Ислом Каримовни дунёдаги демократик мамлакатларнинг марҳум лидерлари сафига қўйди:

"Бизнинг халқимиз ва халқаро ҳамжамият Ислом Каримов номини Жорж Вашингтон, Шарль де Голль, Мустафо Камол Отатурк каби таниқли давлат ва сиёсат арбоблари қаторига қўяди", - деди Шавкат Мирзиёев.

Президент бу ҳақда 3 март куни "Ахборот" дастурида, Ислом Каримов шарафига ўрнатиладиган мақбара, музей ва ҳайкаллар лойиҳалари билан танишаётган чоғда айтди.

Президентнинг айтишича, Ислом Каримовнинг Самарқанддаги қабри устига мақбара қурилади, унинг ҳайкаллари эса Тошкентдаги Оқсарой қасри олдида, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ўрнатилади.

Бундан ташқари Шавкат Мирзиеëв 25 январь куни имзолаган янги фармонга кўра¸ 30 январь – Каримов таваллуди олдидан Тошкент халқаро аэропорти¸ Тошкент давлат техника университети, Асака автомобиль заводи, Фарғонадаги санъат саройига мустақил Ўзбекистон 1-президенти Ислом Каримов номи бериладиган бўлди.

Шавкат Мирзиëевнинг "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги фармони билан Каримовнинг дафн маросимини ўтказиш бўйича давлат комиссияси 2 сентябрь куни жамоатчиликка эълон қилинган қарори ижро этилди.

Бу қарорда Шавкат Мирзиëев "халқимизнинг, корхоналар, ташкилотлар, таълим муассасалари ва кенг жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олиб, бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича таклифлар киритсин" дея топшириқ берилган эди.

XS
SM
MD
LG