Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:59

Прокурордан $15000 талаб қилган қария 3 йилга қамалди


Фарғонада 5000 сўмликни қалбакилаштирган гуруҳ фош этилди. Қашқадарёлик қария туман прокуроридан 15 минг доллар пул талаб қилди. Тошкентда милиция нозири пора билан қўлга тушди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Тошкент чорраҳаларида 15 мартдан кузатув камералари ишга тушади

Жорий йил 15 мартдан Тошкентда чорраҳаларга ўрнатилган видеокамералар ёрдамида қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳайдовчиларни жаримага тортиш механизми ишга туширилади (“XXI” аср, 8 март). ИИВ Йўл ҳаракати бош бошқармаси раҳбари Холматжон Сайдалиев мазкур механизм синов тариқасида ишга туширилаётгани ва камчиликлар бўлиши мумкинлигини айтган. Қайд этилишича, қоидабузарлик учун жарима автомобиль эгаси номига юборилади. Камералар қайд этган қоидабузарликлар учун жарима тўлаш ҳақида қарор чиқарилгач, автомобиль эгаси 60 кун ичида жаримани тўлаши керак. Агар транспорт воситасини ҳуқуқбузарлик содир этилган пайтда бошқа шахс (масалан, ишончнома берилган шахс) бошқаргани аниқланса, машина эгаси маъмурий жавобгарликдан озод этилади ва жаримани қоидабузарликни содир этган шахснинг ўзи тўлайди. Мамлакат бўйича йўл ҳаракатига масъул Х.Сайдалиевга кўра, янги тизим транспорт воситаларининг чорраҳаларда тўхтаб туришини 20-25 фоизга, двигателлардан чиқаётган заҳарли газларни 5-10 фоизга, ёнилғи сарфини эса 5-15 фоизга камайиши ҳисобига экологик ҳолатни яхшилайди.

Прокурордан 15 минг доллар пул талаб қилган қария 3 йилга кесилди

Қашқадарё вилояти Муборак туманида яшовчи 65 ёшли қария туман прокуроридан 15 минг доллар пул талаб қилди. “Ҳуқуқ” нашри хабарига кўра, қария туман электр корхонаси устидан прокурорга шикоят қилган, прокуратура шикоятни ўрганиб, қонуний ҳал этган. Бироқ шикоят ёзиш орқали одамлардан пул ундиришга одатланган қария бу гал моддий манфаат кўрмаган. Шу боис у электр корхонасини қонуний текширмади деган даъво билан туман прокурори устидан шикоят ёза бошлаган. Шикоятларни тўхтатиш эвазига эса туман прокуроридан 15 минг доллар талаб қилган. Қайд этилишича, 65 ёшли фуқаро воситачи орқали 5 минг доллар олаётганда ҳуқуқ органлари томонидан ушланган. Жиноят ишлари бўйича Муборак тумани суди фуқарога 3 йил озодликдан чеклаш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима тайинлаган.

Тошкентда милиция нозири пора билан ушланди

Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ИИБ профилактика инспектори пора билан ушланди (“Ҳуқуқ”, 9 март). Қайд этилишича, бинойидек ишлаб юрган йигитни нафс йўлдан оздирган. Ўзига тегишли ҳудудда паспорт тизимига риоя этилишини текширган нозир нон маҳсулотлари цехида ишлайдиган 3 нафар фуқаронинг паспорт йўқлигини аниқлаган. Исми ошкор этилмаган милиция нозири ушбу ҳолатдан кўз юмиш эвазига нон ишлаб чиқариш корхонаси раҳбаридан 1 миллион 140 минг сўм пора олаётганда ушланган. “Давлат тузилмалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардаги нохуш ҳолатлар, яъни ҳокимиятни обрўсизлантираётган порахўрлик, тамагирлик ва коррупция кўринишлар билан асло муроса қилиб бўлмайди”, деб ёзади прокуратура нашри.

Фарғонада ўзбек сўмини қалбакилаштирган икки йигит маҳкамага тортилди

Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи Достон Абдусаломов ва Фаррух Мамажонов Ўзбекистон миллий валютасини қалбакилаштиришда айбланиб маҳкамага тортилди (“Постда”, 4 март). Икки йигит 1000 ва 5000 сўмлик сохта пулларга чорва, бензин ва бошқа маҳсулотлар сотиб олган. Қалбаки пул муомаласи жабрланувчилари мурожаатлари асосида ички ишлар органлари бозор ва жамоат жойларда назоратни кучайтирган ва кўп ўтмай гумонланувчилар қўлга олинган. Д.Абдусаломовнинг уйидан қалбаки купюраларини ясашда ишлатилган ноутбук, рангли принтер, турли бўёқлар ва катта миқдордаги сохта пул топилган. Айбдорларга тегишли жазо тайинлангани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG