Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:38

Ироқ ҳарбийлари жангариларининг Мосулдаги асосий масжидини олишга уринмоқда


Мосул ғарбийни такр этаётган тинч аҳоли вакиллари
Мосул ғарбийни такр этаётган тинч аҳоли вакиллари

Ироқ қўшинлари Мосул марказидаги Эски шаҳар ва асосий масжидга яқинлашаркан, минглаб одам шаҳарни тарк этмоқда. Расмийлар 18 март куни АҚШ ҳаво кучларидан қувват олаётган Ироқ ҳарбийлари шаҳар марказига яқинлашгани, "Ислом давлати" экстремистик гуруҳи қаршилиги янада ортаётганини билдирди.

Жанглар "Ислом давлати" экстремистик гуруҳининг Ироқдаги пойтахти саналган Мосул шаҳри ғарбий қисмидаги аҳоли зич жойлашган ҳудудларда бормоқда.

Шу кунларда Ироқ ҳарбийлари шаҳар ғарбидаги Эски шаҳар мавзеси ва ал-Нурий масжидини эгаллашга уринмоқда. 18 март куни расмийлар бу ердаги икки туман - Ал-Қур ва ал-Тавафа туманлари жангарилардан тортиб олинганини билдирди.

Шаҳарда егулик ва сув танқислигича қолмоқда, янги озод қилинган ҳудудларда аҳоли хавфсизлигига ҳануз жиддий таҳдид бор. Шу боис, тинч аҳоли вакиллари шаҳарни тарк этишда давом этмоқда.

"Биз 25 кундан буён қамалда қолаяпмиз. Сув, озиқ-овқат йўқ. Бу кетишда бу ерда қолаётганлар ўлиб кетади ва жасадларимизни вайроналар остидан тортиб олишади", дейди шаҳарнинг Боб Ядид тумани яшовчиси Reuters агентлиги мухбирига.

Мосул ғарбидаги жангларда ҳалок бўлган яқини жасадини олиб чиқаётган ироқликлар
Мосул ғарбидаги жангларда ҳалок бўлган яқини жасадини олиб чиқаётган ироқликлар

Шу кунларда Мосулда кучли ёмғир ёққани боис, АҚШ ҳаво кучларининг ҳаракати ҳам нисбатан чекланмоқда.

"Ҳаво булут ва ёғингарчилик кучли бўлмоқда, лекин ҳарбийларимиз нишонга олинган ҳудудлар томон илгариламоқда", деди Федерал полиция генерал-майори Ҳайдар Дирҳам.

Расмий маълумотга кўра, "Ислом давлати" жанггарилари Ироқ ҳарбийларига қарши снайпер, миномёт ва бомба ўрнатилган автомобилдаги худкушлар ҳужуми билан жавоб қайтармоқда.

Мосулнинг ғарбий қисмини жангарилардан озод этиш амалиёти 19 февраль куни бошланган.

Ироқ кучлари ўтган йилнинг октябрь ойида АҚШ ҳаво ҳужумлари, шиа жангчилар ҳамда курд пешмерга қўшинлари кўмаги билан шаҳарни озод этиш амалиётини бошлаган. Ҳукумат кучлари юз кун ичида шарқий Мосулни жангарилардан озод этишга муваффақ бўлган эди.

“Ислом давлати” экстремистик гуруҳи 2014 йилда Ироқ ва Суриянинг сезиларли қисмини эгаллаб олган. Хусусан, Мосул шаҳрини ҳам 2014 йилда жангарилар босиб олган.

Бу жангари гуруҳ кўплаб ваҳшиёна жиноятларни содир этишда айбланган ва Европа ҳамда бошқа минтақалардаги йирик террорчилик ҳаракатлари учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

XS
SM
MD
LG