Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:46

Бойчечак тергани учун уч тожикистонлик устидан жиноят иши очилди


Тожикистоннинг экология милицияси бойчечакларни ноқонуний равишда териб, пуллаётган уч фуқарога нисбатан жиноий иш қўзғаган. Улар "йўқолиб бораётган флорани йўқ қилишда" айбланяпти. Атроф муҳитни ҳимоя қилиш ва экология милицияси ходимлари билан бўлган суҳбатда айбланувчилар бойчечакларни теришга уларни ўта камбағаллик ва ишсизлик мажбур қилганлигини айтишган.

Сиёҳгул ёки бойчечак Тожикистонда одатда февраль ўрталарида пайдо бўлади ва баҳор келишининг биринчи даракчилари ҳисобланади. Баъзи одамлар бу ёввойи гулларни узиб бозорларда ёки йўлларнинг четларида туриб сотишади. Экология милицияси ходимларининг айтишларича, йил сайин кўпдан кўп одамлар бу иш билан шуғулланишяпти, шу туфайли бу ноёб ва чиройли гулларнинг йўқолиб кетиш хавфи пайдо бўляпти. Уч дона бойчечакдан иборат гулдаста 5 сомонидан сотилади.

Атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси вакили Абдуқодирхон Маскаевга кўра, сўнги йилларда Наврўз байрамининг кенг нишонланиши боис одамлар орасида ёввойи гулларни териш ҳоллари ҳам кўпайиб боряпти. «Биз рейдлар уюштириб, одамларни қўлга оляпмиз ва улар билан тушунтириш ишлари олиб боряпмиз, аммо бу кутилган натижани бермаяпти. Бойчечак терувчиларнинг аксарияти болалар ва ўсмирлар бўлиб, уларга нисбатан маъмурий чора кўриш мушкул. Уларнинг таъкидлашларича, улар гулларни сотиб, укалари ва сингиллари учун нон сотиб олишар экан», - дейди у.

Сиёҳгул йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимлик сифатида Тожикистоннинг Қизил китобига киритилган, шу туфайли уни махсус рухсатномасиз териш тақиқланган. Қизил китобга киритилган ўсимликларни ноқонуний терган шахсга нисбатан 500дан 5,000 сомонигача жарима кўзда тутилган. Абдуқодирхон Маскаевнинг фикрига кўра, жарима солиш билан мажуд вазиятни ҳал қилиб бўлмайди. Унинг гапларига қараганда, бойчечакни кўчаларда сотиб олувчилар ҳам камайса, уни сотишни истовчилар сони ҳам анчагина камайган бўлар эди.

XS
SM
MD
LG