Линклар

Шошилинч хабар
03 август 2020, Тошкент вақти: 14:43

Халқаро хабарлар

Давлат думаси экс-депутатини отган шахс касалхонада ўлди

Украина. Полиция ходими Россия давлат думаси собиқ депутати Денис Вороненковга ўқ узилган тўппончани топди. 2017, 23 март.

Киевдаги касалхонада Россия давлат думасининг собиқ депутати Денис Вороненковнинг қотили ўлди. Бу ҳақда Украина бош прокуратураси матбуот хизматига таяниб, "Украинская правда" Интернет нашри хабар қилди. Қотил, дастлабки маълумотларга кўра, қидирувда бўлган 29 яшар Украина фуқаросидир.

Вороненковни пайшанба куни Киев марказида отиб кетишди. Экс-депутатнинг соқчиси ва ҳужум қилган шахс яраланган, иккалови ҳам касалхонанинг жонлантириш бўлимида ётган, аҳволлари ўта оғир эди.

Украина Президенти Петро Порошенко Россия давлат думасининг собиқ депутати Денис Вороненковнинг ўлдирилишини “Россия томонидан амалга оширилган давлат терроризми амали”, деб атади.

Бу ҳақда хабар қилган 112.ua га кўра, Порошенко Вороненковнинг давлатга хиёнат қилишда айбланаётган собиқ президент Виктор Янукович иши бўйича асосий гувоҳлардан бири бўлганини айтган.

Кремль ҳозирча, Вороненковнинг ўлдрилиши юзасидан баёнот бермади.

Денис Вороненков ўтган йил кузида Россияда жиноий жавобгарликка тортилишидан қўрқиб, Украинага кўчиб кетган эди. Декабрда у Украина паспортини олган ва Януковичнинг иши бўйича гувоҳ сифатида кўрсатма бераётган эди.

Кун янгиликлари

Трамп Бостон ҳужумчиси Жоҳар Царнаевга яна қайта ўлим жазоси берилишига эришмоқчи

Жоҳар Царнаев Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган.

Президент Дональд Трамп 2013 йилги Бостон марафони пайтида террор хужумини уюштирганликда айбланиб қамалган этник чечен Жоҳар Царнаев ўлим жазосига лойиқ деб ҳисоблайди.

АҚШ федерал аппеляция судининг Бостондаги биринчи инстанцияси 31 июлда Жоҳар Царнаевга чиқарилган ўлим жазоси ҳукмини бекор қилган эди.

Трамп бу воқеага муносабат билдирар экан, Твиттер саҳифасида: “Бостон ҳужумчиси Жоҳар Царнаевдан кўра ўлим жазосига лойиқроқ бўлган инсон йўқ. Федерал ҳукумат ишни қайта кўриб чиқиш жараёнида унга нисбатан яна қайта ўлим жазоси қўлланилишига эришмоғи лозим”,-деб ёзди.

2015 йилда федерал суд маслаҳатчилари ҳайъати Царнаевни унга қўйилган барча 30 айблов бўйича айбдор деб топган, суд эса уни ўлим жазосига ҳукм қилган эди.

Царнаевнинг акаси Тамерлан портлашдан бир неча кун ўтиб қўлга олиш пайтида ҳалок бўлган.

Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган этник чечен Царнаев акаси Тамерлан билан амалга оширган ҳужумда уч нафар одам ҳалок бўлган, 260 дан ошиқ одам жароҳат олган эди.

SpaceX ширкатининг Crew Dragon кемаси коинотдан ерга қайтди

Crew Dragon 31 май куни Халқаро фазо станциясига муваффақиятли равишда туташган эди.

SpaceX ширкати учирган Crew Dragon кемасининг ичида австронавтлар Даглас Хёрли ва Роберт Бенкен бўлган капсуласи 2 август куни Мексика қўлтиға келиб тушди.

Crew Dragon 31 май куни Халқаро фазо станциясига муваффақиятли равишда туташган эди. Бу парвоз АҚШ коинот агентлиги - NASA учун энг муҳим лойиҳалардан бири бўлди.

Таниқли тадбиркор Илон Маск асос солган SpaceX ширкати коинотга бошқариладиган ракета учириб, АҚШга коинотга астронавтларни олиб чиқиш имкониятини яратиб берди.

Тарихда илк бор астровнавтлар бошқарувидаги хусусий компания коинот кемаси Халқаро фазо станциясига туташди. Америкалик астронавтлар станцияда тўрт ой қолиши кутилган эди.

Херли ва Бенкен 2011 йилдан бери Америка тупроғидан фазога учган илк фазогирлардир. Сўнгги тўққиз йил ичида ХФСга фазогирлар фақат Россиянинг “Союз” ракеталари бортида чиқариб келинарди, чунки NASA ўзининг Space Shuttle дастурини 2011 йилда тўхтатиб қўйган.

Камерундаги қочқинлар лагерига қилинган ҳужум оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди

"Боко харам" гуруҳи жангарилари.

Камерундаги қочқинлар лагерига жангарилар томонидан отилган граната портлаши оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди, бир неча киши яраланди. Ҳукумат ҳужумда “Боко харам”жанггари гуруҳини айбламоқда.

Reuters агентлигининг билдиришича, номаълум шахслар Камерун ва Нигерия чегарасидаги Мозого қочқинлар лагерида яшаётган одамларга граната отган.

“Боко харам” Африка ғарбида ислом халифалигини барпо этиш ғоясини олға суриб келади. Сўнгги ўн йил ичида гуруҳ Нигерияда кўплаб зўравонликларни амалга ошириб келмоқда. Ҳужумлар оқибатида Нигерияда 30 минг одам ҳалок бўлган.

“Боко харам” зўравонликлари ортидан Нигерия, Камерун, Чад ва Нигердан минглаб одамлар уйларини ташлаб, бошқа ҳудудларга қочишга мажбур бўлишмоқда.

“Боко харам” 2019 йил июнида Камеруннинг Чад кўлидаги ороллардан бирига уюштирган ҳужумда тинч аҳолидан 24 киши, хавфсизлик кучларининг 16 аскари ҳалок бўлганди.

2014 йилда мазкур гуруҳ мактаблардан биридан 276 ўқувчи қизни ўғирлаб кетганди. Шу кунгача бу қизлардан юз нафари топилмаган. Уларнинг кўпчилиги ўлдирилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.

Ўзбекистонда туғилиб, Қирғизистонда танилган артист Маҳмуджон Рахматов вафот этди

Маҳмуджон Рахматов Ўш Ўзбек Академик театрида 51 йил ишлаган эди.

Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуджон Рахматов 2 август куни Ўш шаҳрида юрак ҳуружидан вафот этди.

“Маҳмуджон Рахматовнинг вафоти ортидан қирғиз санъати оғир жудоликка учради”, - дейилади Маданият вазирлигининг таъзияномасида.

69 ёшли Маҳмуджон Рахматов Қирғизистонда ўзбек театрининг ривожланишига катта ҳисса қўшган санъаткорлардан бири эди.

Ўзбекистоннинг Андижон вилояти Хўжаобод туманида туғилиб ўсган Маҳмуджон Рахматов ўсмирлик йилларида СССР халқ артисти Шуҳрат Аббосовга шогирд тушиб, ундан актёрлик сирларини ўрганган.

У 1969 йилда, яъни 18 ёшида Бобур номидаги Ўш Ўзбек Академик театрида актёр сифатида иш бошлаганди.

51 йил давомида Ўш Ўзбек Академик театрида ишлаб келган Маҳмуджон Рахматов саҳнада 130дан ортиқ ролларни ижро этди. Ўттиздан ортиқ кинофильм ва видеофильмда суратга тушди.

Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 18 миллиондан ошди

Айни пайтда АҚШда 4 миллион 660 минг одам коронавирусга чалинган.

Жаҳонда, 3 август ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 18 миллион кишидан ошиб кетди.

Оқ Уйнинг коронавирусга қарши курашни мувофиқлаштириш бўйича мутасаддиси Дебора Биркс АҚШда эпидемия янги фазага ўтганини, коронавирус март ва апрель ойларига нисбатан кенгроқ тарқала бошлаганини билдирди. Унга кўра, вирус шаҳарлардан қишлоқларга ҳам етиб борган.

Айни пайтда АҚШда 4 миллион 660 минг одам коронавирусга чалинган. Улардан 155 минг нафари вафот этган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расман коронавирус пандемияси бошланганини эълон қилинганидан бери ўтган олти ой давомида жаҳонда коронавирусдан 687 минг одам ўлди.

“Ислом давлати” жангарилари Афғонистон қамоқхонасига ҳужум қилди

Ҳужум оқибатида тинч аҳолидан камида уч киши ҳалок бўлди.

“Ислом давлати” гуруҳи жангарилари 2 августда Афғонистоннинг Нангархор вилоятидаги қамоқхоналардан бирига ҳужум қилди.

Жангарилар вилоят маркази Жалолобод шаҳридаги қамоқхона эшиги олдида бомба ўрнатилган автомашинани портлатган ва хавфсизлик кучлари билан отишмага киришган. Жангарилар қамоқхонага ҳужумни яқин атрофдаги бозордан уюштирган.

Расмий маълумотда айтилишича, ҳужум оқибатида тинч аҳолидан камида уч киши ҳалок бўлди, 24 киши яраланди. Бироқ бу аниқ рақам эмаслиги, қурбонлар сони кўпроқ бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Расмийларга кўра, ҳужум пайтида қамоқхонадан 50дан 100 нафаргача маҳбус қочиб кетган. Улардан кўпчилиги ҳозирги вақтда қўлга олинди. Қамоқхонада Толибоннинг 1700 собиқ жангариси ва “Ислом давлати” гукруҳи аъзолари сақланган.

“Ислом давлати” ўзига қарашли Amaq ахборот агентлиги орқали тарқатган баёнотида ҳужум учун масъулиятни зиммасига олди.

1 август куни Афғонистон разведка хизмати Афғонистон махсус кучлари Жалолободда “Исломий давлат” жангари гуруҳининг юқори лавозимли разведка етакчиси Ассадуллаҳ Оракзай ўлдирилганини маълум қилган эди.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари коррупцияда гумонланиб қамоққа олинди

37 ёшли Абишев вазир ўринбосари лавозимига 2018 йилда тайинланганди.

Қозоғистонда 2 август куни соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Ўлжас Абишев қамоққа олинди. Бу ҳақда Молия вазирлигига таянган ҳолда маҳаллий нашрлар хабар берди.

“Молия вазирлигининг Молиявий мониторинг бўйича қўмитаси бюджет пулларини ўғирлаганликда гумонланиб соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ўлжас Абишев қўлга олинганини тасдиқлайди”, - дейилади маҳаллий нашрларда эълон қилинган расмий хабарда.

37 ёшли Абишев вазир ўринбосари лавозимига 2018 йилда тайинланганди. У вазирликнинг ахборот хавфсизлиги ва рақамлаштириш тармоғини бошқарган.

Аввалроқ Коррупцияга қарши кураш хизмати икки нафар юқори лазозимли мансабдорга нисбатан жиноят ишлари очилганини билдирганди, бироқ уларнинг исмларини айтмаган эди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев 10 июлда ўтган йиғилишда коронавирус вазияти кескинлашгани ортидан “барча ҳокимлар ва қатор вазирлар”ни танқид қилган эди.

Илон Маск каби таниқли шахслар аккаунтларига ҳакерлик ҳужуми қилган ўсмир ушланди

АҚШда 17 ёшли ўсмир таниқли шахслар Twitter ҳисобларини бузишда айбланмоқда

АҚШнинг Флорида штатида полиция 17 ёшли Грем Кларкни таниқли шахсларнинг Twitter ҳисобларига қарши хакерлик ҳужумларини амалга оширишда айблаб, ҳибсга олди.

Ўсмирга 30 банд бўйича айблов қўйилди. The New York Times газетасининг хабар беришича, ёш хакер вояга етган шахс ўлароқ жавобгарликка тортилади.

Терговчиларга айтишича, Кларкка икки шахс кўмаклашган. Уларнинг бири АҚШда, иккинчиси эса Буюк Британиядадир.

Июль ойи ўртасида ўнлаб Twitter аккаунти, шу жумладан Microsft асосчиси Билль Гейтс, Tesla бош директори ва SpaceX асосчиси Илон Маск, репер Канье Уэст, Amazon асосчиси Жефф Безос, собиқ президент Барак Обама ҳисоблари бузилгани маълум бўлган эди.

Хакерлик ҳужуми қурбони бўлган Twitter ҳисобларида муайян электрон ҳамёнларга биткойнларни юбориш чақириғи ва бунинг эвазига икки баробарга кўпроқ пул ишлаб олиш ваъдаси пайдо бўлди. Мазкур твитлар тез орада ўчирилди, аммо кўп ўтмай яна пайдо бўлди.

Бу орада ҳисобларни бузган фирибгарлар 110 минг долларга тенг маблағни ишлаб олишга муваффақ бўлишди.

БААда араб давлатларидаги илк АЭС ишга тушди

БААдаги АЭСнинг тахминий қиймати 24 миллиард доллар эканлиги айтилмоқда.

1 август куни Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) араб давлатларида қурилган илк атом электр станцияси (АЭС) ишга тушди.

БАА бош вазири Муҳаммад Ал Макрум Абу-Дабидаги «Барака» станциясининг ишга тушгани жаҳонга «араблар илмда ўз йўлларини давом эттиришга ва бошқа буюк давлатлар билан рақобатлашишга қодир эканликларини кўрсатишини» таъкидлади.

Станция маҳаллий ENEC ва Жанубий Кореянинг KEPCO ширкатлари тузган консорциум томонидан қурилмоқда. Бу ҳақда Халқаро француз радиоси хабар қилди. Қурилишнинг тахминий қиймати 24 миллиард доллар эканлиги айтилмоқда.

Станциянинг тўрт реактори бўлиб, уларнинг барчаси ишга тушса, АЭС Бирлашган Араб Амирликларида электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг чорак қисмини қондира олади.

Путин истеъфоси талаб қилинган намойишларда ўнлаб норози қўлга олинди (ВИДЕО)

Путин истеъфоси талаб қилинган намойишларда ўнлаб норози қўлга олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:10 0:00

1 август кунни Россия бўйлаб мамлакатнинг Хабаровск ўлкасида губернатор Сергей Фургал қўлга олинганидан бери тинчимаётган норозилик намойишларида қатнашган ўнлаб одам қўлга олинди.

Хабаровскнинг ўзида ўтказилган намойиш иштирокчилари эса қўлга олинмаган.

«ОВД-Инфо» нашри маълумотларига қўша, 14 та шаҳар, жумладан, Санкт-Петербург, Москва, Владивосток, Комсомольск-Амур ва Южно-Сахалинск шаҳарларидаги акцияларда қатнашган 70 га яқин шахс қўлга олинган.

Фургал 2018 йилда губернатор этиб сайланган эди. У сайловда 70 фоиз овоз тўплаб, «Единая Россия» номзоди устидан ғалаба қозонди.

Фургал 9 июль куни Хабаровскда қўлга олиниб, Москвага йўлланди.
Пойтахтда суд сиёсатчини икки ойга ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. У 15 йил аввал тадбиркорларнинг ўлдирилишини уюштирганликда айбланяпти.

Фургал қўлга олинганидан бери Хабаровск ўлкасида уни озодликка чиқариш ҳамда Путин истеъфоси талаби билан ўтказилаётган норозилик намойишлари тинчимаяпти.

Беларусда президентликка номзод Тихановская ўтказган раллиларда минглаб одам қатнашди (ВИДЕО)

Беларусда президентликка номзод Тихановская ўтказган раллиларда минглаб одам қатнашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:16 0:00

Беларусь президентлигига номзод, мухолифатчи Светлана Тихановская 1 август куни Беларуснинг Гродно, Волковиск ҳамда Слоним шаҳарларида ўтказган раллиларга минглаб одам келди.

Тихановская президентликка номзодини қўйган эри Сергей Тихановский қўлга олинганидан кейин ўзи номзод бўлишга қарор қилган.

Блогер Тихановский сайловда номзодлигини кўрсатиш истагани изҳор қилганидан кейин қўлга олиниб, сайловдан четлатилган эди.

Гроднодаги оломон олдига сўзлаган Тихановская:

- Уни қўлга олиб, қамоққа улоқтиришди. Буни қарангки, уни рафиқаси ҳам ўзгаришларни кўришни хоҳлайди! - деди.

37 ёшдаги Тихановская Беларусь Хавфсизлик кенгашининг оммавий тадбирлар давомида қўшимча чоралар кўриш ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамасдан, раллилар режалаштирилгандек ўтказилишини айтди.

Кенгаш огоҳлантиришидан олдин Беларусь расмийлари Vagner Group рус хусусий ҳарбий ширкати шартномачилари мамлакатни беқарорлаштириш учун юборилганини билдирган эди.

«Весна» инсон ҳуқуқлари марказига кўра, Тихановская 30 июль куни Минскда ўтказган раллига 63 мингдан ошиқ одам келган.

Афғонистонда "Исломий давлат" разведкачиси ўлдирилгани билдирилди

«Исломий давлат» жангари гуруҳи етакчиларидан бири Ассадуллаҳ Оракзай.

1 август куни Афғонистон разведка хизмати Афғонистон махсус кучлари «Исломий давлат» жангари гуруҳининг юқори лавозимли разведка етакчиси Ассадуллаҳ Оракзай ўлдирилганини маълум қилди.

Оракзай Афғонистон ҳарбийлари ҳамда оддий фуқароларни нишонга олган бир неча ҳужумга алоқадорликда айбланган. Жангари Жалолобод шаҳри яқинида ўлдирилган.

БМТ яқинда эълон қилган ҳисоботида «Исломий давлат» ҳануз ҳужумларни амалга оширишга қодир эканлиги ҳамда Толибон ва АҚШ ўртасида эришилган келишувга қарши шахсларни ёллаётгани айтилган эди.

Кейинги йилларда «Исломий давлат» жангари гуруҳи ҳужумлари сони кескин озайди.

Бу орада Қобулдаги ҳукумат ҳамда Толибон ўртасида Қурбон ҳайити муносабати билан эришилган оташкесим шартлари, умуман олганда, бузилмагани хабар қилинди.

АҚШ ва Толибон жорий йилнинг февралида маҳбус алмашиниш ва музокараларни давом эттиришга келишиб олди. Аммо ўшандан бери музокараларда жиддий силжиш бўлмади.

БМТ маълумотларига кўра, 2020 йилнинг биринчи ярмида «Ислом давлати» ҳужумлари туфайли ҳалок бўлган оддий фуқаролар сони ўтган йилнинг биринчи ярмига солиштирганда 80 фоизга оз бўлди.

COVID-19: Россияда октябрь ойида кенг кўламли эмлаш кампанияси бошланади

АҚШ Россия ва Хитойда тайёрланаётган COVID-19 вакциналари юзасидан хавотир изҳор қилди


Россия жорий йилнинг октябрь ойида коронавирусга қарши кенг кўламли эмлаш кампаниясини бошлайди. Бу ҳақда 1 август куни Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги билдирди.

Нижний Новгород шаҳрида журналистлар олдида сўзлаган вазир Михаил Мурашко тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар биринчилардан бўлиб вакцина олишини қўшимча қилди.

Мурашко вакцина ёки эмлаш дастурининг бошқа тафсилотларини очиқламади.

Ҳафта бошида Reuters агентлиги ошкор қилинмаган манбага таянган ҳолда Россияда илк муваффақиятли вакцина август ойида расмий маъқулланишини хабар қилган эди.

Хабарларга кўра, Россияда икки вакцина ишлаб чиқилган. Биринчиси, Москвадаги Гамалея институтининг Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган вакцина бўлса, иккинчиси Новосибирскдаги Вектор тадқиқот институти маҳсулотидир.

31 июль куни АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош эксперти, доктор Энтони Фаучи Конгрессда қилган чиқишида Россия ва Хитойда тайёрланаётган COVID-19 вакциналари юзасидан хавотир изҳор қилди.

- Хитойлар ва руслар вакцинани бирортага беришдан олдин уни ҳақиқатан синовдан ўтказишига умид қиламан, - деди Фаучи.

Россияда аксилҳукумат юришлари уюштирувчисига қарши жиноят иши очилди

Юлия Галямина Москвадаги норозилик юришида.

Россияда Москва шаҳри тумани кенгашининг мухолифатчи аъзоси, президент Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Юлия Галяминага қарши жиноят иши қўзғатилди.

31 июль куни тергов қўмитаси Галямина рухсат берилмаган ралли ва намойишлар давомида йиғин ўтказиш қоидаларини бузган, дея билдирди.

Галямина айбдор деб топилса, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Галямина Озодликка берган интервьюсида жиноят иши унга босим ўтказиш мақсадида очилганини айтди.

Amnesty International ташкилоти Галямина ишини кескин қоралади.

Россияда бирдан ошиқ одам қатнашадиган акция ўтказиш учун расмийлардан олдиндан рухсат олиш керак.

Отасини ўлдиришда айбланаётган опа-сингил Хачатурянлар иши бўйича суд қарори эълон қилинади

Москва суди 2018 йилда отасини ўлдиришда айбланаётган икки опа-сингил бўйича қарорини кейинги ҳафтада эълон қилади.

31 июль куни Москва шаҳар суди катта шов-шувга сабаб бўлган иш бўйича ўз қарорини 3 август куни эълон қилишини билдирди.

Крестина ва Ангелина Хачатурян адвокатлари мижозлари сингиллари Мария билан бирга суд қилиниши кераклигини айтиб, ишни прокурорларга қайта юборишга чорлаб келади.

Қотиллик содир бўлган пайтда 17 ёшда бўлган Мария алоҳида судланиши кутилмоқда.

31 июль куни айбловчилар суд арафасида опа-сингилларга чиқарилган чекловларни яна олти ойга узайтишни сўради.

Бу чекловлар орасида Интернетдан фойдаланишни маън этиш, опа-сингиллар бир-бири билан суҳбатлашишига йўл қўймаслик ҳамда улар матбуотга интервью беришига йўл қўймаслик чекловлари бор.

Терговчиларнинг айтишича, қотиллик содир бўлган пайтда мос равишда 19, 18 ва 17 ёшда бўлган Крестина, Ангелина ва Мария қаттиққўл отаси Михаил Хачатурянни Москва шимолидаги уйнинг учинчи қаватидаги хонадонда ўлдирган.

Терговчилар тўплаган далиллар Хачатурян қизларига мунтазам равишда жисмоний ва жинсий зўравонлик қилганини кўрсатди.

Хачатурянлар оиласидаги даҳшатли зўравонлик Россия матбуотида кенг ёритилиб келади.

АҚШда Интернетда 500 миллион доллардан ошиқ маблағ ўғирланишига алоқадор молдовалик шахс айбига иқрор бўлди

Бундан бир ой олдин Infraud Organization асосчиларидан бири ва маъмури россиялик Сергей Медведев ҳам унга қўйилган айбловларга иқрор бўлган эди.

АҚШда интернет орқали 568 миллион доллар ўғирланишига масъул кўрилган Infraud Organization жиноятчи гуруҳига алоқадор молдовалик шахс айбига иқрор бўлган.

Бу ҳақда АҚШ Адлия департаменти маълум қилди.

Департамент билдирувига кўра, 30 ёшдаги Валериян Ч. Невада туман судида ўз айбига иқрор бўлган.

Билдирувда Валериян Ч. Infraud Organization учун дастур ёзгани айтилган.

Бундан бир ой олдин Infraud Organization асосчиларидан бири ва маъмури россиялик Сергей Медведев ҳам унга қўйилган айбловларга иқрор бўлган эди.

Infraud Organization ташкилоти АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги индивидуал ҳамда бизнес ҳисоблардан пул ўмарган. Етти йил давомида ташкилотнинг 11 мингга яқин аъзоси 4,3 миллион кредит карта, дебит карта ва банк ҳисобини нишонга олган.

Жиноий тўда 2018 йилда тарқатиб юборилган, аммо унгача 500 миллион доллардан ошиқ маблағни ўмаришга улгурган.

АҚШ Адлия департаменти Infraud Organization гуруҳига алоқадор 26 нафар шахсга айблов эълон қилган.

Эрон уриб туширилган “Боинг” учун Украинага товон пули тўлашга рози бўлди

Теҳрон яқинида уриб туширилган "Боинг" қолдиқлари, 2020 йил 10 январи.

Украина ва Эрон делегациялари 31 июлга ўтар кечаси Теҳрон яқинида шу йил январида уриб туширилган “Боинг” бўйича музокараларни якунлади. “Украина ҳаво йўллари” авиаширкатига тегишли мазкур учоқ бортида фожиа юз берган пайтда 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган.

Музокаралар чоғида Эрон учоқ учун товон пули тўлаб беришга рози бўлди, деган Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Аббос Мусавий. IRNA давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, мулозим бу жараён кўп вақт талаб қилиши, турли техник ва юридик жиҳатларга эга эканини қўшимча қилган.

Бу учоқ йўловчиларининг кўп бизнинг юртдошларимиз бўлган, бироқ бортда Украина фуқаролари ҳам бор эди. Бу масала бўйича музокаралар давом этмоқда. Эрон қасддан қилинмаган бу ҳаракат учун масъулиятни ўз зиммасига олди ва биз ўз мажбуриятларимизни бажаришга ҳаракат қиламиз”, деган А. Мусавий.

Маълумотларга кўра, қулаган “Боинг” ичида ҳалок бўлганларнинг 11 нафари украиналиклар эди.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 31 июль куни ўтказилган брифингда Эрон билан музокаралар конструктив руҳда ўтганини тасдиқлаган. Унга кўра, Эрон фожианинг барча жиҳатларини ўрганиб чиқишга, фожиага сабаб бўлган айбдорларнинг барчасини жавобгарликка тортишга, товон пули тўлаб беришга рози бўлган. Эрон авиация соҳасидаги халқаро конвенцияларга мувофиқ, ўзининг барча мажбуриятларини ҳам бажаришга ҳозир.

Кулебанинг қайд этишича, бу маълумот асосида кўрилган зарар миқдорини ҳисоблаб чиқиш мумкин бўлади. Аммо, унга кўра, авиаширкат ва ҳалок бўлган украиналикларнинг яқинлари оладиган товон пули қанча бўлишига оид саволга ҳозирча жавоб йўқ.

Эрон расмийлари иддаосича, учоққа ракета Исломий инқилоб посбонлари корпуси базасидан тасодифан отилган. Шу асосда Эрон узоқ вақт товон пули тўлаш бўйича музокарага узоқ вақт келмаган ва фожиа юзага келишида айбдор бўлганларнинг исмини очиқлашдан бош тортиб келган.

Украина ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Евгений Енин шу йил 8 июлида, ҳодисадан бери ярим йил муддат ўтганига қарамай, Эрон расмийлари товон пули тўлаш музокараларга рози бўлмаётганини маълум қилганди. Шунингдек, Эрон Украинага меморандум лойиҳасини имзолашни таклиф қилган. Мазкур ҳужжат феълан Киев ва ҳалок бўлганларнинг яқинлари зиммасига келажакда товон пули борасида маҳаллий ва халқаро судларга мурожаат қилмаслик мажбуриятини юклар эди.

Аввалроқ Эрон авиаҳалокат чоғида ҳалок бўлганларнинг оилаларига товон пули ўлароқ 80 минг доллар тўлашни таклиф қилгани хабар қилинганди. Аммо Украина президенти Владимир Зеленский бу маблағ жуда оз экани ва расмийлар “товон пули каттароқ бўлиши учун босим ўтказиши”ни билдирган.

Қозоғистонда COVID-19 инфекциясини юқтириб олганлар сони 90 мингга яқинлашди

Олмаотадаги COVID-19 учун тест топшириш маскани, 2020 йил 13 июли.

Қозоғистонда ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 1414 та ҳолат қайд этилган, дея маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Хасталаниш бўйича энг кўп ҳолат яна мамлакатнинг икки йирик шаҳри – Нур-Султон (232 киши) ва Олмаотага (218 киши) тўғри келган.

Расмий маълумотларга кўра, беморларнинг умумий сони 89078 нафарни ташкил этган. Улардан 59517 нафари соғайиб кетган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 28 июль куни ёйинлаган маълумотларига кўра, коронавирусдан шу кунгача 793 бемор вафот этган.

Озодлик радиоси қозоқ хизматининг ёзишича, мамлакатда кўпчилик расмий статистиканинг холислигига шубҳа билдирмоқда. Хасталарнинг каттагина қисми коронавирусга тест топширмай, уйида даволанмоқда.

Қозоғистон коронавирусга чалинганлар сони бўйича шу кунда дунёда 26-ўринда, вафот этганлар сони бўйича эса 47-ўринда бормоқда.

Минскда Лукашенканинг мухолифини дастаклаш учун ўн минглаб одам митингга чиқди

Минскдаги мухолифат митингидан лавҳа, 2020 йил 30 июли.

Жорий йилнинг 30 июль куни ўн минглаб одам мухолифатнинг сайловолди кампанияси бошидан бери Беларусда уюштирилган энг йирик митингига чиқди.

“Вясна” инсон ҳуқуқлари маркази маълумотларига кўра, Минскда пайшанба куни бўлиб ўтган митингда камида 63 минг киши иштирок этган. Улар президентликка номзоди қайд этилган Светлана Тихановскаяни қўллаб чиқишган.

Оммавий намойиш сўнгги ойларда президент Александр Лукашенка ҳукмронлигидан ижтимоий норозилик ошиб бораётгани қабатида бўлиб ўтган.

Минскдаги митингда Тихановская мухолифат инқилоб қилишни эмас, балки “сайлов ҳалол ўтказилиши”ни истаётганини билдирди.

Беларусни 1994 йилдан (26 йилдан) бери бошқариб келаётган Лукашенко олтинчи муддатга президентликка ўз номзодини қўйган.

Тихановская сайлов иштирок этишга турмуш ўртоғи – таниқли видеоблогер Сергей Тихановский қамоққа ташланганидан кейин қарор қилганини айтмоқда. Аввалроқ Сергей Тихановский президентликка ўз номзодини қўймоқчи эканини билдирган.

Беларусда президент сайлови шу йил 9 августига белгиланган.

Қирғизистонда коронавирусга чалинган тиббиётчилар сони 2768 нафарга етди

Ҳимоя кийимида бўлган бишкеклик тиббиёт ходимлари (иллюстратив сурат).

Ўтган кеча-кеча кундузда Қирғизистонда 25 нафар тиббиёт ходимида коронавирус инфекцияси аниқланган. Бу ҳақда 31 июль куни Бишкекда ўтказилган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозимаси Айнура Ақматова маълум қилди.

COVID-19 ёйилиши бошланганидан бери эса мамлакатда 2768 нафар тиббиёт ходими коронавирусга чалинган. Улардан 1714 нафари соғайиб кетган.

30 июль кунги маълумотларга кўра, Қирғизистон бўйлаб 73 нафар тиббиётчи инфекция туфайли вафот этган, улардан 44 нафарини врачлар ташкил этади.

Сўнгги маълумотларга мувофиқ, Ўзбекистонга қўшни бўлган бу мамлакатда шу кунгача умумий ҳисобда 35805 киши коронавирус инфекциясини юқтириб олган, улардан 25526 нафари соғайган, 1378 бемор оламдан ўтган.

Хабаровскда норозилик тадбирларини ёритаётган блогер қўлга олинди

Блогер Алексей Романов.

Хабаровскда губернатор Сергей Фургал ҳибсга олиниши ортидан юзага келган норозилик акцияларини YouTube видеопорталидаги ўз канали орқали ёритиб бораётган блогер Алексей Романов қўлга олинди.

“Романовга оммавий тадбирлар ўтказиш тартибини бузганликка оид маъмурий модда бўйича айблов қўйилмоқда”, дея маълум қилган Сибирь.Реалии таҳририятига адвокат Виталий Тихта.

Хабаровсклик собиқ телебошловчи ва журналист Сергей Романов 2016 йили Россияни тарк этиб, оиласи билан Грузияга кўчиб кетган. Ўзининг айтишича, уни бундай қадамга боришга расмийлар босими мажбур қилган. Блогер 2019 йили мамлакатга қайтган эди.

Тожикистонда 27 минг тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатган

Душанбедаги "Корвон" бозори, 2020 йил 15 июни.

Тожикистонда сўнгги ярим йилда 27 минг тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатди, шу важдан бюджетга 40 миллион сомоний (тақрибан 4 млн АҚШ доллари) пул тушмай қолган.

Бу ҳақда Солиқ қўмитаси Нусратулло Давлатзода 30 июль куни Душанбеда ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Мулозимга кўра, “бу ҳолат коронавирус пандемияси билан боғлиқ” бўлиб, бу пайтда айрим хизмат кўрсатиш нуқталари ва бозорлар фаолият кўрсатмаган.

Трамп АҚШдаги президент сайловини кечроқ муддатга кўчириш масаласини кўтарди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп президент сайловини кечроқ муддатга кўчириш масаласини кўтариб чиқди. Бу ҳақда у Твиттер микроблогидаги ўз саҳифасида ёзди.

АҚШ штатларининг бир нечтаси пандемия туфайли сайловларда масофадан туриб овоз бериш тартибини осонлаштирган. Бу ҳолат кенг кўламли сохталаштиришлар учун имконият яратади, деб ҳисоблаган Трамп бу қарорни танқид қилиб келмоқда. У сайловчилар “хавфсиз ва қоидасига кўра” овоз бера олишлари учун сайловни бошқа санага кўчириш имконияти мавжудлигини қайд этди.

Оқ уйда сайлов муддатини кўриши бўйича легал имконият йўқ, деб ёзган The New York Times нашри. Аввалроқ Трамп маъмурияти сайловни кўчириш имкониятини рад этган.

АҚШда президент сайлови 3 ноябрга белгиланган. Сўровлар амалдаги президентнинг кўплаб штатларда ҳам, умуман мамлакатда ҳам ўзининг асосий рақиби бўлмиш собиқ вице-президенти Жо Байдендан анчагина ортда қолаётганини кўрсатмоқда.

Овоз бериш куни федерал қонун воситасида бошқарилади. АҚШ Конституциясига мувофиқ, бу кун Конгресс томонидан белгиланади. Парламентнинг қуйи палатасини ҳозирда президентга мухолифатда бўлган Демократлар партияси томонидан назорат қилинмоқда.

Пентагон Германиядан қарийб 12 минг ҳарбийни олиб чиқиб кетади

Графенвёрда (Германия) жойлашган полигондаги АҚШ ҳарбийлари, 2020 йил 4 марти.

АҚШ Мудофаа вазирлиги 29 июль куни Германиядан тақрибан 12 минг америкалик ҳарбийни олиб чиқиб кетишни кўзда тутган режани тақдим этди. Улардан бир қисмини Бельгия ва Италияда жойлаштириш таклиф қилинмоқда.

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер чоршанба куни мазкур амалиёт НАТО мавқеини мустаҳкамлаши, Россияни тийиб туриш омилини кучайтириши ҳамда АҚШнинг стратегик ва оператив мослашувчанлик қобилиятини яхшилашини билдирди. Германиядаги 34,5 минг нафар америкалик ҳарбийдан 6400 чоғлиси АҚШга қайтиши, 5600 нафари эса НАТОнинг бошқа мамлакатларига жойлаштирилиши айтилмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп июнь ойида Германиядан қўшинларни кўчириш ишини тезлаштириш режаси ҳақида эълон қилган. Германия кўп йиллардан бери Яқин Шарқ, Африка ва Европадаги ҳарбий амалиётларни олиб боришда хаб вазифасини ўтаган.

Трамп аввалроқ Европанинг бу бадавлат ўлкасини ялпи ички маҳсулотининг икки фоизини мудофаа эҳтиёжлари учун сарфлашдек НАТО олдидаги мажбуриятини бажармаётганлиги учун бир неча бор танқид қилган. Трампнинг қарори Германия ҳукумати учун кутилмаган бўлган, бу эса НАТОдаги асосий иттифоқчи билан координация йўқ бўлиши мумкинлигидан далолат беради.

Ҳаж ибодати илк бор хорижлик зиёратчиларсиз бажарилмоқда

Маккадаги Масжидул-Ҳарам, 2020 йил 28 июли.

Маккаи Мукаррамада Ҳаж ибодатлари амалга оширилмоқда. Ибодатлар 2 августгача давом этади. Коронавирус пандемияси туфайли Саудий Арабистони ташкил топган 1932 йилдан бери Ҳаж мавсуми илк бор хорижлик зиёратчиларсиз ўтмоқда.

Одатда Маккага ҳар йили Ҳаж пайтида 2,5 миллиондан зиёд зиёратчи йиғиларди. Бироқ бу йил Ҳаж маносикларини амалга ошириш учун 10 минг кишига рухсат берилган, холос. Бу одамларнинг аксариятини маҳаллий аҳоли вакиллари ташкил қилади. Ёши 65 дан юқорилар ва сурункали касаллиги бўлганлар ибодатга қўйилмаган.

Ҳажни адо қилмоқчи бўлганлардан коронавирусга тест топшириш ва Каъбатуллоҳ атрофидаги майдонда чизилган махсус чизиққа мувофиқ оралиқ масофага риоя қилиш талаб этилади. Бу йил Каъбага дахл қилиш тақиқланган. Зиёратчилар уйларига қайтганларидан кейин икки ҳафталик карантинда ўтиришлари лозим бўлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, COVID-19 пандемияси бошланганидан бери Саудий Арабистонида 270 мингдан зиёд одам коронавирусга чалинган. Улардан 230 мингдан зиёди соғайган, қарийб уч минг бемор вафот этган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG