Линклар

Шошилинч хабар
25 январ 2021, Тошкент вақти: 20:13

Андижон ҳокимлиги савдогарларни картошкани арзон сотишга мажбурламоқда


Андижон шаҳар ҳокимлиги бозордаги сотувчилардан картошка нархини оширмасликни талаб қилмоқда. Озодлик мухбири билан суҳбатлашган савдогарларнинг айтишича, ҳокимиятдан келган махсус комиссия ҳар бир сотувчига картошка килоси нархини 2 минг сўмдан оширмасликни тайинлаган.

Жорий ой бошида Ўзбекистонда кўп истеъмол қилинувчи сабзавот - картошка бир ҳафтанинг ичида уч барабар қимматлаб, айрим бозорларда килоси 6 минг сўмга чиқиб кетди.

Андижон бозорларида картошканинг килоси 6 минг сўмга чиқиб кетиши ортидан шаҳар ҳокимлиги аҳоли кўп истеъмол қиладиган ушбу сабзавот нархини маъмурий буйруқбозлик йўли билан жиловлашга уринмоқда.

Андижоннинг "Эски шаҳар" бозорида картошка сотувчилардан бирининг Озодликка айтишича, ҳокимиятдан келган махсус комиссия савдогарларга картошка нархини 2 минг сўмдан оширмасликни қаттиқ тайинлаган:

- Картошка ўзи 4 минг сўм. Айрим жойларда 6 минг сўм. Дўконда 7 минг сўм. Лекин ҳокимият "2 минг сўмдан оширмайсан", деяпти. Биз зарарига сотмаймизку, бизга картошка учта қўлдан ўтиб келади. Бизга келиши қиммат бўлаётган бўлса, зарарига сотмаймизку, - деди андижонлик савдогар.

Ҳокимликнинг қаттиқ босими остида қолган айрим сотувчилар эса картошкани сотишдан кўра, сотмасликни афзал кўрмоқда:

- Ҳозир картошка расталари бўшаб қолган¸ сотишмаяпти. Зарарига сотгандан¸ сотмаганим яхши деяпти кўпчилик, - дейди Эски шаҳар бозоридаги бошқа бир савдогар.

Андижон шаҳар ҳокимлигидан савдогарлар шикояти юзасидан изоҳ олиб бўлмади - ҳокимликда бу вазиятга изоҳ бериши мумкин расмий топилмади.

Шу ой бошида Ўзбекистон бозорларида картошка нархининг бирданига уч баравар қимматлагани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Картошка 4000 сўмга чиқди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:16 0:00

Бу жараëнни жиловлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар бозорлар олдида махсус кўчма дўконлар ташкил этиб¸ арзон нархда картошка сотишни йўлга қўйишга уринди.

Андижонда 1900 сўмдан картошка сотилаётган кўчма дўконлар олдида узундан-узун навбатлар юзага келган.
Андижонда 1900 сўмдан картошка сотилаётган кўчма дўконлар олдида узундан-узун навбатлар юзага келган.

Айни кунларда кўчма дўконларда 1900 сўмдан сотилаëтган картошка олиш учун узундан-узун навбатлар юзага келган.

Одам бошига 3-5 килоан сотилаётган картошка аҳолининг бу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондираётгани йўқ.

- Эрталаб соат 8 дан навбатга турилади, тушгача тугаб қолаяпти. Айримлар контейнерлардаги картошкани арзон олиб, бозорда қиммат сотаяпти. Навбатда турганларнинг кўпчилиги олиб-сотарлар. Айланиб навбатга туриб картошкани олиб¸ нарироқда 4 минг сўмга сотишаяпти, - дейди андижонликлардан бири.

Ўзбекистонда картошканинг танқислашиб, нархи ошиб кетганига турли сабаблар келтирилмоқда.

Айримлар буни баҳорнинг кечиккани билан боғласа, бошқалар ўтган йили кўп сабзовотларга қурт тушиб, картошканинг чўғи кам бўлганини айтишади.

Ўзбекистонда янги картошка чиқишига эса икки ой бор.

Ўзбекистонда ўтган йили 2.9 миллион тонна картошка етиштирилган. Бу эса аҳолини ушбу махсулот билан таъминлаш учун етмайди.

Ўзбекистонга чет элдан картошка импорт қиладиган логистик ширкат вакилининг Озодлик билан суҳбатда таъкидлашича¸ бозор мувозанатини ушлаб туриш учун давлат заҳирасида туриши керак бўлган картошка тугаган:

- Вақтида етарли ғамланмаган. Шу кунларда, масалан, картошкани минтақадаги мамлакатлардан тезда келтириб бозорни мувозанат қилиш ҳақида ҳам ўйлашмаяпти. Бир ой ичида картошканинг бу қадар қимматлагани жиддий муаммо¸ дейди суҳбатдош.

Бундан атиги уч йил олдин Ўзбекистон матбуоти мамлакатнинг "картошка мустақиллигига эга бўлгани" ҳақида ëзган эди. Ҳатто баъзи нашрлар Ўзбекистон картошка экспорт қиладиган мамлакатга айланиши ҳақида "башорат" қилган эди. Аммо бугунга келиб бу гаплар иддао даражасида қолгани кузатилмоқда.

Ўзбекистонлик собиқ мулозим Анвармирзо Ҳусаинов бунинг сабабини эски ҳукуматнинг "ҳамма нарсани ўзимиз етиштирамиз", деган шиори чиппакка чиққани билан изоҳлади:

- Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилда картошка етиштириш ҳажмларини 35 фоизга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган бўлса ҳам, бу хато стратегия. Ҳамма нарсани ўзимииз етиштирамиз, деган эски ғоядан воз кечиш керак. Ўзбекистоннинг қуруқ ҳавосида картошка яхши етишмайди. Бу иссиқ вақ қуруқ ҳаводан қўрқадиган ўсимликдир. Унга доимий намлик керак. Ўзбекистонда ҳар йили 1.5-2 миллион тонна картошка машаққат эвазига етиштирилади. Шу картошкани Белорусиядан олиб келиш мантиқли ва арзон бўлар эди¸ дейди собиқ мулозим.

Суҳбатдошга кўра¸ мамлакатнинг тўртта тоғ ҳудудида элит навдаги картошкани етиштириш учун фермер хўжаликларини ташкил этиш режалаштирилган бўлса ҳам бу режа ҳануз амалга ошмаган. Ҳосилнинг кўпи турли касалликлар боис нобуд бўлган.

XS
SM
MD
LG