Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2019, Тошкент вақти: 21:28

Халқаро янгиликлар

АҚШ Москвада ўтадиган Афғонистон анжуманида қатнашиш таклифини рад қилди

17 март куни Россия ва Афғонистон расмийлари вазиятни муҳокама қилди.

АҚШ ҳукумати вакиллари 14 апрель куни Москвада бошланадиган Афғонистон бўйича халқаро анжуманда қатнашмайди.

Associated Press агентлигининг Давлат департаментидаги ўз манбасига таяниб маълум қилишича¸ бундай қарорга Москванинг бу конференция ва унинг мақсадлари ҳақида Вашингтон билан олдиндан маслаҳатлашмагани сабаб бўлган.

Москва конференциясига Афғонистон¸ Покистон¸ Эрон¸ Ҳиндистон ва Марказий Осиë давлатлари расмийлари таклиф этилган.

Айни пайтда¸ 23 март куни АҚШнинг Европадаги НАТО кучларига қўмондонлик қилувчи генерали Кёртис Скапарротти Россияни Афғонистон жанубидаги толибларни қурол-яроғ билан таъминлаëтганликда айблади.

Ҳелманд вилояти икки ойлик жанглардан кейин толиблар қўлига ўтган кунда қилинган бу баëнот Россия томонидан рад этилди.

Кун янгиликлари

Трампга нисбатан импичмент тергови доирасида муҳим гувоҳ аниқланди

Импичмент жанжали Трампнинг Зеленский билан телефон мулоқоти ортидан бошланди.

АҚШ Демократик партиясининг Разведка қўмитаси раиси Адам Шифф Киевдаги Америка элчихонаси ходимини президент Дональд Трампга нисбатан импичмент тергови доирасида кўрсатма бериш учун чақирганини маълум қилди. Шифф Украинадаги АҚШ элчихонаси ходимини “муҳим гувоҳ” дея таърифлади.

АҚШ Конгрессининг демократ аъзолари Трампни жорий йилнинг июлида Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти давомида уни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундаганликда айбламоқда.

13 ноябрь куни Трампнинг Украина бўйича мутасаддиси Уильям Тэйлор қўмитага берган кўрсатмасида ходимларидан бири Трамп телефон орқали АҚШнинг Европа Иттифоқидаги элчиси Гордон Сондленддан терговлар ҳақида сўраётганини эшитиб қолганини айтди.

Тэйлорга кўра, элчилик ходими Сондланд украиналиклар режага амал қилишга тайёр эканлигини таъкидлаганини эшитган.

Кечаги тингловларда Тэйлор билан қаторда АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё бўйича ўринбосари ёрдамчиси Жорж Кент ҳам кўрсатма берди. Беш соатга чўзилган эшитув давомида Тэйлорнинг Киевдаги элчихона ходими эшитиб қолган гаплари ҳақидаги кўрсатмаси энг муҳим маълумот бўлди.

Тэйлорнинг сўзларига кўра, Киевдаги элчихона ходими Сондланддан “Трамп Украина ҳақида қандай фикрда?” деб сўраганида, Сондланд унга: “АҚШ президентини кўпроқ Байденларнинг тергов қилиниши қизиқтиради”, деб жавоб берган.

Тэйлор элчихона ходими ва Сондланд суҳбати ҳақида ўтган ҳафта хабар топганини айтди. Шифф бу маълумотни “жуда муҳим” дея таърифлади. 13 ноябрь кунига белгиланган тингловлар ўз якунига етганидан кейин, Шифф қўлга киритилган янги маълумот Украина ишларига аралашиш буйруғи президентнинг ўзидан чиққанини кўрсатишини айтди.

Зеленский имзолаган қонунга биноан коррупция ҳақида хабар берганлар пул мукофоти олади

Украина президенти Володимир Зеленский

13 ноябрь куни Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат парламенти ўтган ойда маъқуллаган коррупцияни фош қилганларни мукофотлаш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Янги қонун коррупция ҳақида хабар берганларни ҳукуматга етказилган зарарнинг 10 фоизи билан тақдирлашни кўзда тутади. Бундан мақсад мамлакатда чуқур илдиз отган коррупцияга қарши курашишдир.

Пора ҳақида хабар берганлар мукофот пулини олиши учун мамлакатга кўрсатилган зарар ёки пора миқдори минимал ойликнинг 5000 бараваридан кўпроқ, яъни 10 миллион гривна ёки 410 минг доллар бўлиши керак.

Бошқача қилиб айтганда, порахўрлик ҳақида хабар берганлар камида 41 минг доллар пул билан тақдирланади.

Порахўрлик ҳақида хабар топганлар ўз ишхоналари орқали ёки матбуот, фуқаровий жамият, касаба уюшмалари ёки Коррупциянинг олдини олиш миллий агентлиги орқали хабар бериши мумкин.

Берилган ҳар қандай маълумот коррупция билан боғлиқ жиноят содир этилганини кўрсатиши ҳамда 10 кун ичида ўз тасдиғини топиши керак. Бунинг ортидан ички тергов ўтказиш ёки ишни тергов идораларига ўтказиб бериш тўғрисида қарор қабул қилинади. Фактлар етарли бўлмаса, иш ёпилади.

Текширувнинг дастлабки натижалари тайёр бўлганидан кейин, улар уч кун ичида порахўрлик ҳақида хабар берган шахсга юборилади. Ички текширув 30 кунгача, лозим бўлса 60 кунгача чўзилиши мумкин.
Коррупция ҳақида хабар берганларга максимум 51 минг доллар мукофот пули берилиши мумкин.

Исроил рус ҳакерини АҚШга экстрадиция қилди

Россия фуқароси Алексей Бурков (чапдан иккинчи) Қуддус шаҳри суди залида. 2015, 13 декабрь.

Исроил америкаликлар кредит карталаридан 20 миллион доллар ўғирланишига сабаб бўлган рус ҳакерини АҚШга экстрадиция қилди
Россиянинг АҚШдаги элчилиги Исроил Россия фуқаросини АҚШга экстрадиция қилиши ортидан расмий дипломатик эътироз хатини юборганини маълум қилди.

АҚШ Алексей Бурковни Америка истеъмолчилари кредит карталаридан 20 миллион доллар ўғирланишига сабабчи бўлишда айбламоқда.

13 ноябрь куни Россиянинг АҚШдаги элчихонаси Вашингтонни жаҳон бўйлаб Россия фуқароларини "овлашда" айблади. Элчилик билдирувида ёзилишича, Россия АҚШ Давлат департаментига расмий шикоят хатини юборган.

АҚШ Адлия вазирлиги 12 ноябрь куни Виржиния суди Бурковга онлайн фирибгарлик, шахсий маълумотларни ўғирлаш ҳамда пул ювиш айбловларини қўйганини маълум қилди.

Суд ҳужжатларида ёзилишича, Бурков компьютер ҳужумлари орқали ўғирланган дебит ва кредит карталар рақамлари сотилган Cardplanet​ вебсайтига раҳбарлик қилган. Сотувга қўйилган карталарнинг аксари АҚШ фуқароларига тегишли бўлган.

Бурков сайти орқали сотилган маълумот ёрдамида америкаликлар кредит карталари ёрдамида 20 миллион доллар қийматга эга маҳсулот ва хизматлар ноқонуний тарзда харид қилинган.

Бурков ўзига қўйилган барча айбловлар бўйича айбдор деб топилса, 80 йилга қамалиши мумкин. У 2015 йил Исроилни тарк этаётиб қўлга олинган эди.

Вашингтонда муносабати совуқлашган АҚШ ва Туркия президентлари музокара ўтказди

Дональд Трамп ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Вашингтонда 13 ноябрь куни учрашди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия томонидан Россиянинг С-400 зенит -ракета комплексларининг сотиб олиниши "жиддий муаммоларни туғдиргани", аммо бу муаммолар “ҳал этилишига умид қилиши”ни билдирди.

Трамп бу ҳақда 13 ноябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон билан Вашингтонда учрашганидан сўнг айтди. Учрашув НАТО бўйича ҳамкор бўлган икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўта совуқлашган бир пайтда ўтказилди.

Эрдўғон 12 ноябрда Вашингтонгга учиб кетиш арафасида журналистларга берган интервьюсида АҚШ Сурия -Туркия чегарасидан курд жангариларини олиб чиқиб кетиш бўйича ваъдасини бажармаганини айтган эди.

Туркиянинг Сурия шимолидаги курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёти 9 октябрь куни бошланган. Бироқ бир неча ҳафтадан сўнг Вашингтон воситачилигида Туркия курд жангарилари билан сулҳ тузганди.

Бундан ташқари АҚШ Туркия Россиядан С-400 комплексларини сотиб олгани учун Анқарага F-35 қирувчи самолётларини сотишдан бош тортган.

Трамп учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Туркияни “НАТОнинг буюк иттифоқчиси ва АҚШнинг стратегик ҳамкори” деб атади ҳамда “президент Эрдўғоннинг муҳиби” эканини қўшимча қилди.

Эрдўғон эса ўтган ойда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси томонидан1915 йил воқеалари турклар томонидан арманларнинг геноцид этилиши деган резалюциянинг қабул қилиниши икки давлат муносабатларига соя солишини айтди.

Словакияда автобус юк машинаси билан тўқнашди, 13 одам ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Словакия пойтахти Братиславадан юз километр узоқликдаги Нитра шаҳрида юк машинаси ва автобус тўқнашгани оқибатида ўндан ортиқ одам ҳалок бўлди.

-Сўнгги маълумотларга қараганда, 13 одам ҳалок бўлган ва йигирма одам жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони янада кўпайиши мумкин, - деди Словакия ўт ўчириш ва қутқариш хизмати матбуот котиби Катарина Крижанова.

Ҳозирча 13 ноябрь куни юз берган мазкур авариянинг тафсилотлари маълум эмас.

Айрим агентликлар Нитра шаҳрида ўқувчиларни олиб кетаётган автобус қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган юк машинаси билан тўқнашгани ва ҳалок бўлганларнинг барчаси балоғатга етмаган болалар эканини ёзмоқдалар.

Швецияда инсониятга қарши жиноят содир этганликда гумонланган эронлик қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Швецияда Эрон фуқароси 1980 йилларнинг охирларида инсониятга қарши жиноят содир этганликда гумонланиб қўлга олинди.

Швеция прокурори Каролина Висландер 13 ноябрь куни Стокҳолм аэропортида 9 ноябрь куни қўлга олинган 58 ёшли шахс 1988 йилнинг 28 июлидан 31 августигача Техронда жиноят содир этганликда гумонланаётганини айтди. Прокурорга кўра, қўлга олинган шахс ўзига билдирилаётган айбларни рад этмоқда ва ҳуқуқ-тартибот тузимлари адашганини айтмоқда. Прокурор бошқа маълумотларни айтмади.

Швециялик фаол Ирас Месдаги ва инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат Каве Мусавий Озодлик радиосига ўзларида қўлга олинган шахс Караж шаҳри яқинидаги Гўхардашт қамоқхонасида судья бўлганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эканини билдирмоқдалар.

Уларнинг айтишича, бу одам 1988 йилда қамоқхонадаги сиёсий маҳбусларни оммавий қатл қилинишида муҳим роль ўйнаган. Ўшанда “Мужоҳидлар ва халқ” ташкилотининг минглаб аъзолари, сўлчи гуруҳлар фаоллари ва талабалар оммавий қирғин қилинган эди.

Трампга қарши импичмент тергови доирасидаги тинглов бошланди

Импичмент жанжали Трампнинг Зеленский билан телефон мулоқоти ортидан бошланди.

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатасида президент Дональд Трампга қарши импичмент тергови доирасида тингловлар бошланди. Тинглов телевидение орқали намойиш этилмоқда.

Тингловнинг биринчи кунида АҚШнинг Украинадаги элчиси Уильям Тейлор кўрсатма берди.

-20 июлда мен Украина президенти Зеленскийнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Александр Данилюк билан суҳбатлашдим. У суҳбатда президент Зеленский АҚШ президентлик сайловида қайта сайланишни истаганлар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолишни истамаслиги ҳақида маълум қилди,-деди Тейлор.

АҚШ Конгрессининг демократ аъзолари Трампни жорий йилнинг июлида Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти давомида уни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундаганликда айбламоқда.

Терговдан мақсад Трамп ўз ҳаракатлари билан импичментга сабаб бўладиган қонунбузарликларга қўл урганми-йўқлигини аниқлашдир.

Трампга қарши импичмент тергови доирасида олиб борилаётган суриштирувлар ТВ орқали кўрсатилади

Дональд Трамп

АҚШ Демократик партиясининг Конгрессдаги намояндалари президент Дональд Трампга қарши олиб бораётган импичмент тергови доирасида ўтказиладиган сўроқлар 13 ноябрдан бошлаб телевидение орқали намойиш этилади.

АҚШ Конгрессининг демократ аъзолари Трампни жорий йилнинг июлида Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти давомида уни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундаганликда айбламоқда. Терговдан мақсад Трамп ўз ҳаракатлари билан импичментга сабаб бўладиган қонунбузарликларга қўл урганми-йўқлигини аниқлашдир.

Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 9:00 да Уильям Тэйлор кўрсатма беради. Трампнинг Украина бўйича мутасаддиси лавозимида ишлаган Тэйлор ёпиқ эшиклар ортида берган кўрсатмаларида Трамп маъмурияти Украина бўйича ташқи сиёсатида альтернатив каналлардан фойдаланганини "ножўя" ҳаракатлар​ дея таърифлаган.

Демократлар айбловига кўра, Трамп Зеленский ота-ўғил Байденларни тергов қилиш талабини бажармаса, Украинага ваъда қилинган ҳарбий ёрдам тўхтатиб қўйилишини айтиб, таҳдид солган.

Тэйлор Украинага ваъда қилинган ёрдамни сиёсий терговлар эвазига тўхтатиб қўйиш "аҳмоқлик" эканлигини таъкидлаган.

Ўз кўрсатмалари давомида дипломат, шунингдек, Трамп Украинадан уч нарса талаб қилганини айтган: "Терговлар, Байден ҳамда [собиқ АҚШ давлат котиби Ҳиллари] Клинтон".

Истанбулдаги қотиллик ортидан Қирғизистоннинг бош консули ишдан олинди

Қирғизистоннинг Истанбулдаги собиқ бош консули Эркин Сопоков.

Қирғизистоннинг Истанбулдаги бош консули Эркин Сопоков Туркияда тадбиркор Айэркен Саймаити ўлдириб кетилганидан икки кун ўтиб ишдан олинди.

Уни бош консул лавозимидан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни президент Сўўрўнбай Жээнбеков 12 ноябрда имзолади.

Расмий маълумотда айтилишича, бунга Айэркен Саймаити ўлдириб кетилган жойда Эркин Сопоковга тегишли бўлган дипломатик номерга эга автомашина топилгани сабаб бўлган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати - Азаттик радиосининг «Қирғизистондан олиб чиқиб кетилган миллионларнинг изи» деб номланган журналистик суриштирувида номи тилга олинган тадбиркор Айэркен Саймаити Туркияда 10 ноябрда ўлдириб кетилган эди.

«Қирғизистондан олиб чиқиб кетилган миллионларнинг изи» журналистик суриштируви натижалари 2019 йилнинг май ойида эълон қилинган.

Суриштирувда Хитой фуқароси бўлган Айэркен Саймаити исмли тадбиркор воситасида Қирғизистондан ноқонуний йўллар билан 700 миллион доллар олиб чиқиб кетилгани ҳақида гап бўлган.

Истанбул прокуратураси тадбиркорни ўлдирганликда гумонланиб уч киши қўлга олингани, улардан икки нафари Қирғизистон фуқароси эканини билдирди.

Хитойлик қочқин Қозоғистондан бошпана сўради

Шинжон-Уйғур мухториятидаги лагерларда сақланаётган қариндошлари суратларни кўтариб ўтирган этник қозоқлар.

Қозоғистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланиб судланаётган Кайша Акан 12 ноябрдаги суд жараёнида ўзини Хитойга топширмасликни илтимос қилди.

Шинжон-Уйғур мухториятида яшаган Кайша Акан 2018 йилнинг май ойида Қозоғистонга келган эди. Жаркент шаҳрида ўтаётган судда Кайша Акан Хитой ҳукумати вакиллари уни мусумлонлар учун ташкил қилинган «қайта тарияблаш лагери»га жўнатиш билан таҳдид қилгани ортидан чегарани бузиб ўтишга мажбур бўлганини айтган.

«Мен Қозоғистонга таъқиблардан қочиб, бошпана излаб келдим. Мени Хитойга топширмангалар», деган 36 ёшли Кайша Акан Шинжон-Уйғур мухториятида унинг 70 ёшли онаси, собиқ эри ва ўғли қолганини айтди.

Ўтган йили БМТ Хитойда 1 миллион уйғур ва бошқа миллатга мансуб мусулмонлар «экстремизмга қарши кураш» баҳонасида «қайта тарбиялаш лагерлари»да сақланаётгани ҳақида билдирган эди.

Афғонистон Ҳаққоний тармоғининг уч нуфузли аъзосини қамоқдан озод қилди

Анас Ҳаққоний тармоқ раҳбари Сирожиддин Ҳаққонийнинг укасидир.

Афғонистон ҳукумати Ҳаққоний тармоғининг асирга олинган нуфузли аъзолари Анас Ҳаққоний, Хофиз Рашид Умарий ва Хожи Милли Хонни қамоқдан озод қилди.

Бу уч киши АҚШ назорати остида Қатарга олиб кетилади ва ўша ерда улар Толибон томонидан ўғирланган профессорларга алмаштирилади. Анас Ҳаққоний тармоқ раҳбари Сирожиддин Ҳаққонийнинг укасидир.

Кобулдаги Америка универистетида ишлаган америкалик 60 ёшли Кевин Кинг ва австралиялик 48 ёшли Тимоти Уиксни Толибон 2016 йилда ўғирлаб кетган эди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 12 ноябрда Ҳаққоний тармоғининг асирга олинган уч аъзоси Бағром қамоқхонасида сақланиб келинганини, улардан ташқари Толибоннинг яна икки нафар нуфузли жангариси ҳам озод қилинганини айтди.

Исроил "Исломий жиҳод" қўмондонини ўлдиргани ортидан яна ракета отишмалари бошланди

«Исломий жиҳод»нинг катта қўмондони Баҳо Абу ал Атта 12 ноябрь куни ўлдирилди.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаняҳу 12 ноябрь куни Тель-Авивда ўтказган матбуот анжуманида Фаластиннинг Ғазо минтақасида «Исломий жиҳод» гуруҳи дала қўмондони ўлдирилганини билдирди.

-Исроил армияси Ғазо минтақасида «Исломий жиҳод»нинг катта қўмондони Баҳо Абу ал Аттани жисмонан йўқ қилди. Ўтган йилларда у Ғазо минтақасидан туриб уюштирилаётган террорнинг асосий илҳомлантирувчиси бўлган, кўплаб террор ҳаракатларини режалаштирган ва амалга оширган. У янги ҳужумларни режалаштираётган эди, - деди Нетаняҳу.

«Исломий жиҳод» қўмондонининг уйига отилган ракетадан унинг хотини ҳам ҳалок бўлган, яна икки ода яраланган.

Фаластиндаги қуролли гуруҳ мазкур ҳаракатга жавобан Исроилга ўнлаб ракета отди. Исроил томонида ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ. Ашкелон шаҳрида 17 киши енгил яралангани айтилмоқда.

Исроил армияси ҳам бунга жавобан Ғазога ракета отмоқда. Исроил ҳужумидан 25 ёшли фаластинлик ҳалок бўлгани ва уч киши яралангани айтилмоқда.

Европа Иттифоқи Исроилдан Фаластиннинг тинч фуқаролар яшайдиган ҳудудларига ҳужум қилишни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Исроил, шунингдек, «Исломий жиҳод»нинг Суриядаги қўмондони Акрам ал Ажурийнинг Дамашқдаги уйига ҳам ракета отгани хабар қилинди. Ҳужум оқибатида қўмондоннинг ўғли ва яна бир одам ҳалок бўлган.

Эрдўғон Трампга Суриядаги курдлар юзасидан берган ваъдасини эсга солмоқчи

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 13 ноябрь куни Вашингтонда АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашади.

Агентликларнинг билдиришича, Эрдўғон Трамп билан Туркиянинг Россиядан С-400 зенит-ракета тизимини сотиб олиши сабабларини ҳамда АҚШнинг Patriot зенит-ракета тизимини, замонавий қирувчи самолётларини сотиб олиш масаласини муҳокама қилади.

Эрдўғон 12 ноябрда Вашингтонгга учиб кетиш арафасида журналистларга берган интервьюсида Сурия ҳам музокаралар кун тартибида эканини айтди. Эрдўғонга кўра, АҚШ Сурия -Туркия чегарасидан курд жангариларини олиб чиқиб кетиш бўйича ваъдасини бажармаган.

-Биз президент Трампга Суриядаги Туркия ҳарбий амалиётини тўхтатиш учун АҚШ билан эришилган шартноманинг айрим бандлари бажарилмаганини маълум қиламиз,-деди Эрдўғон.

Туркиянинг Сурия шимолидаги курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёти 9 октябрь куни бошланган. Анқара курд қуролли отрядларини террорчи, деб ҳисоблайди. Вашингтон эса уларни “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб билади.

Суриядаги курд жангариларига қарши ҳарбий амалиёт бошлагани учун АҚШ Туркияга нисбатан санкцияларни жорий қилганди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 23 октябрь куни Туркия ва Суриядаги курд жанггарилари ўртасида Вашингтон воситачилигида эришилган сулҳ ортидан Анқарага нисбатан жорий қилинган санкциялар бекор қилинганини билдирганди.

Беларусда озодликка чиқарилган тожик мухолифатчиси Европадан сиёсий бошпана сўрамоқчи

Фарҳод Одинаев

Тожикистонлик мухолифатчи ҳамда журналист Фарҳод Одинаев Европа Иттифоқидан сиёсий бошпана сўрашини маълум қилди. Унинг бу қарорига ватанига қайтса, қўлга олиниши ҳақида хабар топгани сабаб бўлган.

Озодликка телефон орқали берган интервьюсида Одинаев айни дамда Германияда эканлигини, бир йиллик визаси борлигини айтди.

Ўтган ҳафтада Беларусь расмийлари Тожикистоннинг Одинаевни экстрадиция қилиш талабини рад этиб, уни озодликка чиқарди.

Одинаев Беларусда қўлга олинишидан олдин Тожикистон расмийлари уни экстрадиция қилишга уринаётганини билмаганини, собиқ совет давлатларига саёҳат қилиш ўзи учун хавфли эканлигини англаб етганини айтди.

25 сентябрь куни Беларусь миграция хизматчилари Варшавага отланган Одинаевни қўлга олган эди. Октябрь ойида “Константа“ инсон ҳуқуқлари гуруҳи Одинаев Тожикистонга экстрадиция қилинса, қийноққа тутилиши хавфи юқори эканлигини таъкидлади.

Россия ва Тожикистон паспортларига эга Одинаев Тожикистонда ман этилган “Ислом уйғониш партияси“ аъзоси бўлган. 2013 йилда қароргоҳи Москвада бўлган “Сафо ТВ“ мухолиф телеканалига етакчилик қилган. Канал бир неча ой фаолият юритганидан кейин Россия расмийлари томонидан ёпилган.

Молдова парламенти ҳукуматга ишончсизлик билдирди

Молдова бош вазир Майя Санду

Молдованинг бош вазир Майя Санду етакчилигидаги ғарб билан яқиндан алоқа ўрнатиш тарафдори бўлган ҳукуматига ишончсизлик билдирилди ва натижада ҳукумат тарқаладиган бўлди.

12 ноябрда Молдова парламентининг 101 депутатидан 63 нафари Санду ҳукуматига қарши овоз берди.

Ҳукуматга ишончсизлик билдиришни овозга қўйиш ташаббуси билан 8 ноябрь куни россияпараст президент Игорь Додон етакчилигидаги “Молдова социалистик партияси” (PSRM) чиққан эди. Бунга Санду ҳукуматининг бош прокурорни тайинлаш жараёнини ўзгартиргани сабаб бўлди.

Овоз бериш арафасида олигарх Владимир Плахотнюк етакчилигидаги “Молдова демократик партияси” (PDM) ҳамда Россия билан яқиндан ҳамкорлик қилиш тарафдори бўлган PSRM партияси депутатлари куч бириктирди.

Санду прокурорни тайинлаш бўйича киритилган ўзгаришларни Венеция комиссияси кўриб чиқишини таклиф қилди, аммо PSRM партияси бу таклифга рози бўлмади.

Жорий йилнинг ёзида Молдовада ғарб билан яқиндан алоқа ўрнатиш тарафдори бўлган ҳукумат ғалаба қозонган эди. Бунинг учун ACUM альянси қўллаган Санду PSRM билан коалиция тузди. Аммо коалиция ичидаги муносабатлар қалтис эди.

4 ноябрь куни Кишинёв мэри сайловида PSRM номзоди ACUM номзоди устидан ғалаба қозонди, натижада коалиция ичидаги танг муносабатлар янада кескинлашди.

АЭХА Эронда "одам фаолияти туфайли юзага келадиган" уран заррачаларини топганини маълум қилди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний

БМТнинг Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) ўз кузатувчилари Эронда расман тан олинмаган иншоотда "одам фаолияти туфайли юзага келадиган" уран заррачаларини топганини маълум қилди.

Бу ҳақда кузатувчилар АЭХАга аъзо давлатларга тақдим этилган махфий уч ойлик ҳисоботдан маълум бўлди. Айрим ғарб нашрлари қўлига тушган ҳисоботда бу зарралар айнан қаерда топилгани очиқланмаган.

Исроил Эронни Теҳрон яқинидаги Турқузобод туманида расман тан олинмаган иншоотда яширин тарзда ядровий фаолият юритишда айблаб келади.

АЭХА ҳисоботида 2015 йилда Эрон ва дунёнинг қудратли давлатлари ўртасида эришилган келишувга қарамасдан, Эроннинг оз бойитилган уран захиралари ошиб бораётган айтилади.

Ҳисоботда, шунингдек, Эрон эндиликда Фордов ядровий заводида уранни бойитаётганини тасдиқланди. Бу эса 2015 йилги келишув шартларига зиддир.

Ҳисоботга кўра, Эрон йил бошида 4 кг уранни бойитган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 100 кгга етган.

Ўтган йилнинг май ойида АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон 2015 йил имзоланган келишувдан чиқишини эълон қилди ва Теҳронга қарши қайтадан санкция жорий қила бошлади. Бунга жавобан Эрон келишувга биноан ўз бўйнига олган шартларга тобора озроқ амал қила бошлади.

Ироқдаги намойишларда тўрт одам ҳалок бўлди

Ироқлик намойишчи.

Ироқнинг Носирия шаҳрида норозилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида юз берган тўқнашувда тўрт намойишчи ҳалок бўлди ва 130 нафарга яқин одам яраланди.

Ҳуқуқ фаолларининг билдиришларича, тўқнашув хавфсизлик кучлари норозиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаши ортидан содир бўлди.

Ироқ армияси матбуот котиби бўлган генерал-майор Абдул Карим Халаф 11 ноябрда тўқнашувлар ҳақида гапирар экан:

-Қуролли Кучлар номидан айтишим мумкинки, биз тинч ва тартиб-интизомли, қонунларни бузмайдиган, Ироқ халқи учун фаровон турмуш талаб қилиб чиққан намойишчиларни ҳурмат қиламиз. Намойишчиларнинг 99 фоизи мана шундай одамлар. Уларнинг орасида жуда камчиликни талончилар, ўғрилар ва зўравонлар ташкил қилади. Айнан ўшалар бизларга ҳужум қилмоқда,-деб айтди.

Ироқда коррупция ва ишсизликдан норози бўлган халқ 25 октябрдан бери норозилик намойишлари ўтказмоқда.

Ҳонконгда намойишларнинг 24-ҳафтасида яна тўқнашувлар содир бўлди

Ҳонконгдаги намойишчилардан бирини қўлга олиш пайти.

Ҳонконг ҳукумати 11 ноябрь кунги намойишлар пайтида полиция билан тўқнашган норозилардан икки нафарининг аҳволи оғирлигича қолаётганини тасдиқлади. Норозилардан бирини полициячи ўқотар қуролдан яралаган.

Ҳонконгдаги намойишлар 24 ҳафта олдин бошланган эди. Норозилик чиқишлари парламент жиноятчиликда гумонланганларни Хитойга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қонунни муҳокама қила бошлагани ортидан бошланиб кетган.

Ўшандан бери расмийлар бу қонун лойиҳасидан воз кечилганини қайта-қайта эълон қилганига қарамай, маҳаллий аҳоли Ҳонконг суверенитетини муҳофаза қилиш чақириқлари билан норозилик чиқишларини тўхтатмаяпти.

Ҳонконг ҳокими Кэрри Лэм 11 ноябрда матбуот анжуманида норозилик намойишлари ҳақида гапирар экан:

-Агар зўравонликнинг кучайиши Ҳонконг ҳукуматини муроса қилишга мажбур қилади деган тасаввурдаги одамлар пайдо бўлган бўлса, уларга қарата баланд овозда ва аниқ қилиб айтаманки, ҳеч қачон бундай бўлмайди,-деб баёнот берди.

Афғонистон ҳукумати ва Толибон асирлар билан алмашинади

Толибон ўғирлаб кетган америкалик Кевин Кинг ва австралиялик Тимоти Уикс.

Афғонистон ҳукумати Ҳаққоний террор тармоғининг асирга олинган уч нафар юқори мартабали аъзосини Толибон ўғирлаб кетган америкалик ва австралиялик ўқитувчиларга алмаштиришга тайёр эканини билдирди.

Асирлар билан алмашиш жараёни Қатарда АҚШ назорати остида ўтказилади. Бундан ташқари Афғонистон ҳукумати Толибондан музокаралар жараёнида иштирок этишга розилик беришни талаб қилмоқда.

Толибон билан шу кунгача АҚШ махсус вакили Залмай Ҳалилзод музокаралар ўтказмоқда. Толибон Афғонистон ҳукумати билан музокаралар ўтказишдан бош тортиб келмоқда.

Кобулдаги Америка универистетида ишлаган америкалик 60 ёшли Кевин Кинг ва австралиялик 48 ёшли Тимоти Уиксни Толибон 2016 йилда ўғирлаб кетган эди. Афғон расмийларига кўра, улар Анас Ҳаққоний, Хофиз Рашид Умарий ва Хожи Милли Хонга алмаштирилади.

Украина шарқидаги жабҳа ҳудудидан ҳарбийлар олиб чиқиб кетилди

Украина ҳарбийлари.

Киев ва Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган сепаратчилар Украина шарқидаги учинчи низо жабҳасидан аскарларни ҳамда қуролларни олиб чиққанини билдирди.

Донецк вилоятининг Петровское ва Богдановка аҳоли пунктларидан 11 ноябрь куни украин ҳукумати 42 аскар, учта бронемашина ва 48 дона ўқотар қуролни олиб чиқиб кетган.

12 ноябрдан бу ҳудудларни миналардан тозалаш ишлари бошланади. Сепаратчилар аввалроқ бу ҳудудлардан ўз аскарларини олиб чиқиб кетганини билдирган эди.

Низо жабҳаларидан аскарларни олиб чиқиб кетиш жараёни Москва ва Киев ўртасида 1 октябрда эришилган келишув асосида 9 ноябрда бошланган эди.

2014 йилдан бери Украина шарқидаги жангларда 13 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Покистоннинг Панжоб штатидаги ҳужумларда тўққиз одам ҳалок бўлди

10 ноябрда Покистоннинг Панжоб вилоятидаги Ражанпур минтақасида полиция автомобилига қилинган ҳужумдан 5 киши ҳалок бўлди. Покистон расмийларининг маълум қилишича, полиция қочқинларни ушлаш амалиётини амалга ошираётганида қуролланган шахслар ўт очган.

Покистон полицияси матбуот котиби Калим Қурайший ҳалок бўлганлар орасида икки полиция ходими, икки разведка ходими ҳамда бир нафар маҳаллий информант бўлганини айтди.

Ҳозирча ҳеч ким ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олгани йўқ.

10 ноябрь куни Панжоб вилоятининг Дара Ғози Хон шаҳрида текширув пункти олдидаги отишмада бир нафар полициячи ҳалок бўлган.

Хабарларга кўра, полиция тўхтатишга уринган шахслар ўт очган, натижада отишма бошлаган. Отишмада полиция ходимидан ташқари бир ўткинчи ҳамда икки гумонланувчи ҳалок бўлган.

Расмийлар ҳар икки ҳужумга алоқадорликда айбланаётганларни қўлга олиш учун мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан хавфсизлик ходимлари ёрдамга чақирилганини маълум қилишди.

Руминияда президент сайлови иккинчи босқичга қолдирилди

Руминиянинг амалдаги президенти Клаус Йоханнис (ўнгда)

Руминиянинг амалдаги президенти Клаус Йоханнис президент сайловининг биринчи раундида энг кўп овоз олди.

11 ноябрь куни Руминия Марказий сайлов бюроси берилган овозларнинг 96 фоизи санаб бўлинганидан кейин, ҳукмрон “Миллий либерал партия” номзоди Йоханнис 36,91 фоиз овоз тўплаганини маълум қилди.

Сайловнинг иккинчи босқичида Йоханнис яқинда хизматидан четлатилган собиқ бош вазир Виорика Дэнчилэ билан беллашади. Сўл қанот “Социал демократлар партияси” номзоди бўлмиш Дэнчилэга сайловчиларнинг 23,45 фоизи овоз берган.

Сайловда сайловчиларнинг 48 фоизигина қатнашган. Бу Руминияда социализм қулатилганидан бери кузатилган энг паст кўрсаткичдир.

Руминиянинг учинчи йирик партияси бўлмиш “Руминия бирлигини сақлаш” партияси етакчиси Дан Барна 14,91 фоиз овоз тўплаган.

Бошқа давлатларда истиқомат қилаётган руминлар эса сайловда фаол қатнашган. Расмий маълумотларга кўра, сайловда румин диаспораларининг 675 минг аъзоси қатнашган. Дастлабки натижаларга кўра, хориждаги руминларнинг 53 фоизи Йоханнисга, 27 фоизи Барнага овоз берган.

Польша Украина фуқаросини Россияга экстрадиция қилиши мумкин

Иҳор Мазур

12 ноябрда Польша судида Донбасс уруши ветерани ҳамда украин миллатчилари гуруҳи аъзосини Россияга экстрадиция қилишга доир ишни кўриш бошланади. Бу ҳақда Польшанинг Люблин шаҳридаги Украина консули Артём Валах билдирди.

Польша чегарачилари УНА-УНСО ўнг қанот миллатчи гуруҳи аъзоси Иҳор Мазурни 9 ноябрь куни қўлга олган. Бунга Россия Интерпол орқали Мазурни қидирувга бергани сабаб бўлган.

Хабарларга кўра, Мазур Россияда 1994-95 йиллардаги Биринчи чечен уруши давомида Россия федерал кучларига қарши курашганликда ҳамда Москва экстремистик деб ҳисобловчи икки гуруҳга аъзоликда айбланмоқда.

Мазур чегарадан ўтаётиб, Варшавада бўлиб ўтадиган конференцияга кетаётганини айтган. Аммо полиция уни Хелм шаҳрига олиб кетиб, уч соат сўроқ қилган. Бунинг ортидан уни гаров эвазига Люблиндаги Украина консуллигига топиширган.

Валах 11 ноябрь Польшада байрам бўлгани учун суд жараёни 12 ноябрда бошланиши мумкинлигини билдирди.

Қотилликда гумонланган қозоғистонлик Қирғизистон паспорти билан Туркияда қўлга олинди

Қирғизистон паспорти.

Қозоғистонда 15 йил олдин қотиллик содир этганликда гумонланаётган шахс 10 ноябрь куни Туркияда қўлга олинди. Бу ҳақда "CNN türk" телеканалига таянган ҳолда Озодлик радиоси қирғиз хизмати хабар берди.

Айтилишича, Интерпол томонидан қидирилаётган 53 ёшли Бакитжан Успанов Кўня шаҳрида ушланган.

У сўроқ пайтида «Қозоғистондан қочиб Қирғизистонга боргани ва у ерда минг долларга қирғиз паспортини сотиб олгани» ҳақида кўрсатма берган. У мана шу паспорт билан Туркияга келган.

Кўня прокуратураси тергов якунланганидан сўнг Бакитжан Успанов Қозоғистонга депортация қилинишини билдирди.

2018 йилда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 2015-2016 йилларда қирғиз паспортларини ноқонуний берганликда гумонланаётганларга нисбатан 228 жиноят иши очилгани, улардан 125таси судга оширилгани тўғрисида хабар берган эди.

Россия телеканаллари Максим Галкиннинг цензура ҳақидаги гапларини рад этишга уринди

Максим Галкин Новосибирскдаги концертида Путинни ҳам танқид қилган.

Россия федерал телеканалларининг бошловчилари машҳур қизиқчи Максим Галкиннинг ҳукумат телеканаллари цензура қилинаётгани тўғрисидаги гапларини инкор этишди.

Тележурналистлар Владимир Соловьёв, Дмитрий Киселёв, Артём Шейнин цензура мавжуд эканини рад қилдилар ва ўзлари Россия қонунлари доирасида эркин ишлаётганларини билдирдилар.

Артём Шейнин: “Максим Галкин ўзига халқ артисти унвони берилмагани учун аламини олмоқда”, - деб айтди.

Аммо Максим Галкинни машҳур тележурналист Владимир Познер қўллаб-қувватлади.

«Сиёсат ҳақида ҳамма нарсани гапириш мумкин бўлган телеканал мавжуд эмас», - деди Познер. Унга кўра, Галкиннинг баёноти янгилик эмас, телеканалларда цензура борлиги ҳаммага маълум.

Аввалроқ Максим Галкин Новосибирскда берган концерти пайтида Россия телеканалларида цензура борлигини айтиб, президент Владимир Путинни халқдан узоқлашиб кетган шахс сифатида танқид қилган эди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG