Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 16:06

Ўзбекистондаги болалар боғчаларидан дипломсиз тарбиячилар ишдан бўшатилмоқда


Март ойи бошидан буён Ўзбекистон бўйлаб барча боғчаларда текширувлар ўтказилиб, махсус педагогик таълимга эга бўлмаган тарбиячилар ишдан бўшатилмоқда. Баъзи маълумотларга кўра, бундан буён болалар боғчаларида фақат олий маълумотлилар ишлайди.

Кенг кўламли махсус аттестациялар Cурхондарё вилоятидаги 23 та болалар боғчаси тунда исловатхонага айлантирилгани ҳақидаги хабарлар ортидан ўтказилмоқда.

Тарбиячилар салоҳияти

Текширувлар маҳаллий ҳокимият вакиллари ва Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари иштирокида амалга оширилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги мутасаддисининг айтишича, текширув пайтида асосий эътибор табиячилар салоҳиятига қаратилган.

Болаларга қилинаётган муомала, методика хизмати, таълим тарбия текширилди. Бундан ташқари болаларнинг овқатлантириш қандай йўлга қўйилгани ўрганиб чиқилди. Энг асосий эътибор тарбиячиларнинг салоҳиятига қаратилди. Бундан ташқари, текширув пайтида тарбия берувчиларнинг малакаси, ўзини тутиши, тил маданияти, кийиниш маданияти каби жиҳатлар ҳам текширилди,” – деди вазирлик мутасаддиси.

Бироқ вазирлик мулозимига кўра, ҳозирга қадар нечта боғча ходимининг ишдан олингани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Олий маълумот

Тошкент вилоятидаги боғчалардан бирида тарбиячи бўлиб ишлаган 36 яшар Ш.М.нинг (исми Озодликка маълум) шикоят қилишича, тафтишчилар унинг маълумоти олий бўлмагани учун ишдан бўшатганлар.

"14 йилдан бери тарбиячи бўлиб ишлайман. Улар "малаканг етарли эмас экан" деб, ишдан бўшатишди. Менинг шунча йил ишлаганимга ҳам эътибор беришмади", деди Ш.М.

Озодлик суҳбатлашган Тошкентлик боғча мудираси ҳам тафтишлар пайтида мураббийлар малакасига алоҳида эътибор қаратилаётганини айтди.

"Бизнинг боғчамизда 5 тарбиячи олий маълумотли. Бир тарбиячимиз олий маълумотга эга эмас. Лекин у қизимиз текширувлар бошлангунга қадар декрет отпускасига чиқиб кетди," - деди Тошкентдаги боғча мудираси.

"Ҳаммаёқни текширишди"

Тошкент шаҳридаги болалар боғчаларидан бирининг мудираси текширувлар бир кун давом этганини айтди.

Келиб омбор, ошхона, бола сони, тарбиячиларнинг иш ҳужжатлари, мудиранинг иш ҳужжатлари, методик хизматларимиз, хуллас, ҳамма нарсани текширишди. Ҳеч нима қолмади. Ҳаммаёқни текширишди,” - деди боғча мудираси.

Наманган шаҳридаги боғчалардан бири мудирасининг айтишича, барча боғча бошлиқлари халқ таълими бошқармасига чақиртирилган ва уларга Сурхандарёда юз берган ҳодисага оид видеофильм намойиш этилган.

Ҳаммага дарс бўлсин, дейишди. Видеони охиригача кўриб чиқдик. Болалар тарбияси ва уларнинг озиқ-овқатига диққатли бўлишимиз кераклиги айтилди,” – дейди Наманган шаҳридаги боғча мудираси.

Сурхандарёда текширувлар

Боғча: Кундузи қийноқхона, кечаси ишратхона
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:26 0:00

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги боғчада тарбиячининг болаларга пичоқ ўқталаётгани тасвирланган видео ва боғчанинг тунлари исловатхонага айлантирилгани ҳақидаги хабарлар Ўзбекистонда жамоатчиликнинг кескин норозилигини уйғотди. ​

Озодлик мазкур ҳодиса ортидан Сурхондарё вилоятида мавжуд барча 290 та боғча текширилганини аниқлади. Аввалроқ тафтиш қилинган 100 га яқин боғчадан 23 тасида тунги фоҳишахона борлиги аниқлангани ҳақида хабар берганди.

Сурхондарё мулозимлари боғчалардаги текширувлар ортидан 17 та боғча мудираси, яна ўнга яқин мулозим ишдан олингани ҳақида маълум қилганлар.

Шунингдек, Сурхондарё маҳкамаси жами беш кишини боғчани фоҳишахонага айлантириш айби билан озодликдан маҳрум қилган.

Ўзбекистонда 5 мингдан зиёд болалар боғчалари мавжуд бўлиб, бу муассасаларда 55 мингдан зиёд педагог 670 мингдан болага тарбия беради.

XS
SM
MD
LG