Линклар

АҚШ Мўсулдаги портлашда тинч аҳоли ҳалок бўлгани воқеасини тергов қилмоқда


Мўсул шаҳридаги вазият.

АҚШ армияси штаби бошлиғи генерал Марк Миллей Бағдодда Ироқ мудофаа вазири Эфрон ал Хияли билан учрашуви чоғида 22 март куни Мўсулда юзлаб тинч аҳоли вакилларининг ҳалок бўлиши сабаблари тергов қилинаётганини билдирди.

- Ҳаводан берилган зарбалар ўрганилаяпти, биз ҳозир портлашларга нима сабаб бўлганини аниқ айта олмаймиз. Ўша куни ва ундан аввал ҳам мазкур ҳудудда коалиция кучлари ҳаводан зарба берган. Тинч аҳоли ўлимига мана шу зарбалар сабаб бўлганми ёки бошқа нарсами аниқлик йўқ. Балки "Ислом давлати" гуруҳи бу бинони коалиция кучларини айбдор иқилиш учун махсус портлатиб юборгандир, - деди АҚШ генерали.

Мўсул шаҳри ғарбидаги мавзелардан бирида 22 март куни содир этилган портлаш оқибатида юздан ортиқ одам ҳалок бўлган.

"Мўсул нигоҳи" ташкилоти жанггарилар бир гуруҳ одамларни учта уйга мажбуран қамаб, иккита мина ўрнатиб, томларга снайперларни жойлаганини, кейин эса портлаш юз бериб, 130 одам ҳалок бўлганини билдирган эди.

АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган Ироқ кучлари тўрт ойлик жанглардан сўнг январь ойида Мўсул шарқини қўлга киритган эди. 19 февралдан бошлаб Мўсул ғарбини жанггарилардан тозалаш амалиётлари ўтказилмоқда.

XS
SM
MD
LG