Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2019, Тошкент вақти: 23:51

Халқаро хабарлар

АҚШ давлат котиби НАТО йиғинида Россияга босим кўрсатиш масаласини кўтаради

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон.

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон 31 март куни ўтадиган НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари йиғилишида “қўшниларига таҳдид қилаётган” Россияга нисбатан босимни кучайтириш масаласини кун тартибига қўяди.

Тиллерсон мана шу йўл билан Россияни Украинадаги урушни тўхтатишга ва Украина юзасидан Минск шартномаси бўйича олган мажбуриятларини бажаришга мажбур қилиш лозим, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Вашингтон расмийларига таянган ҳолда ахборот агентликлари хабар берди.

НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари йиғини 5-6 апрель кунлари ўтказилиши режаланган эди. Дастлаб Тиллерсон бу кунлари банд бўлгани учун мазкур йиғинда иштирок эта олмаслигини билдирган.

Бироқ бу хабар АҚШ ва Европа сиёсатчилари орасида қаттиқ норозиликларга сабаб бўлганидан сўнг, Тиллерсон йиғин бошқа кунга кўчирилса иштирок этишини маълум қилган эди.

Хабарда айтилишишча, Тиллерсон йиғилиш чоғида НАТОга аъзо давлатларни ташкилот бюджетига тўловларни кўпайтириш масаласини ҳал этишга ундайди.

АҚШ президенти Трамп НАТОга аъзо давлатлар 2024 йилгача ташкилотга ўз бюджетларининг 2 фоизи ҳажмида пул ажратишга эришиши шарт эканини айтиб келади.

Кун янгиликлари

Грузияда полиция билан тўқнашган 10 намойишчи қамалди

Грузия мухолифати мавжуд сайлов тизими ҳукмрон “Грузин орзуси” партиясига ён босишини айтиб келади.

Грузия суди мухолифат намойишида қатнашган 10 шахсни 4 кундан 13 кунгача қамади. Улар полиция ходимларига бўйсунмасликда айбдор деб топилди.

Ҳафта бошида Грузия парламенти олдида бўлиб ўтган намойиш давомида қўлга олинган яна 25 шахс устидан суд ўтказилиши кутилмоқда.

18 ноябрь куни минглаб грузиялик парламент олдида намойишга чиқиб, навбатдан ташқари сайлов ўтказишни талаб қилди.

Намойишларга Грузия парламенти сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича талабларни кўришдан бош тортгани сабаб бўлди.Тўрт кун давомида бир неча ўн минг одам намойиш ўтказди.

Грузия мухолифати мавжуд сайлов тизими ҳукмрон “Грузин орзуси” партиясига ён босишини айтиб келади. Шу сабаб жорий йилнинг июнь ва июль ойларида минглаб одам сайлов тизимини ўзгартириш талаби билан норозилик намойишига чиққан эди.

“Грузин орзуси” партияси, жумладан, унинг миллиардер асосчиси Бидзина Иванишвили талаб қилинган ислоҳотларни қўллади, аммо 14 ноябрь куни мамлакат парламентида бу ўзгаришлар маъқулланмади.

Зеленский Украина шарқидаги уруш давомида бузилган кўприкни қайта очди

Украина президенти Володимир Зеленский

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат шарқида сўнгги тўрт йил давомида вайрон бўлиб ётган кўприкни қайта очиш маросимида қатнашди.

20 ноябрь куни президент қайта таъмирланган кўприк бир неча кун чекланган режимда, сўнгра аввалги ҳолатидагидек очиқ бўлишини айтди.

Луганск вилоятидаги Станица Луганская шаҳридаги кўприк 2015 йилда россияпараст айирмачилар ва Украина қўшинлари ўртасидаги тўқнашувлар давомида вайрон бўлган эди. Ўшандан бери Северский Донец дарёсининг икки томонидан яшайдиган аҳоли бир-бири билан алоқа қила олмай келаётган эди.

Ўтган ҳафтада айирмачилар ҳамда ҳукумат кучлари Украина шарқида ўз қўшинларини фронт чизиғидан ичкарига олди. Бу ҳолат Украина шарқида тинчлик ўрнатишни муҳокама қилиш учун Россия, Украина, Франция ва Германия ​иштирокида тинчлик саммитига йўл очиб бериши мумкин.

Украина шарқида 2014 йилнинг апрелида бошланган урушда 13 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлди. Россия, Украина, Франция ва Германия ўртасидаги навбатдаги тинчлик музокаралари кейинги ойга белгиланган.

Эронда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фаоллари узоқ муддатга қамалди

Эроннинг экология фаоллари (юқорида чапдан соат мили бўйлаб) Нилуфар Баёний, Ҳуман Жўкор, Амирҳусайн Холиқий, Тоҳир Қодирён, Мурода Таҳбоз ва Сепида Кошоний 6-10 йилга кесилди.

Эрон инқилобий суди маҳаллий атроф-муҳитни муҳофаза қилиш гуруҳининг олти нафар аъзосини жосусликда айбдор деб топиб, 6 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда уларнинг оила аъзолари ҳамда фаоллар маълум қилди.

22 ой тергов изоляторида ушлаб турилган гуруҳ аъзолари “душман АҚШ ҳукумати билан алоқага чиқишда” айбдор деб топилган. Бу ҳақда 21 ноябрь куни қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Эронда инсон ҳуқуқлари маркази маълум қилди.

Ташкилоти директори Ҳади Ғаймий:

- Атроф-муҳит ҳимоячиларига нисбатан содир этилган ягона жиноят – уларнинг ноқонуний ҳибсга олингани, узоқ муддат қамоқда сақлангани, уларга кўрсатилган шафқатсиз ва ғайриинсоний муносабат, улар суд процессуал ҳуқуқларидан маҳрум қилингани, уларга қўйилган уйдирма айбловлар ва сохта суддир, - деди.

Эрон матбуоти тарқатган хабарларга кўра, суд тизими матбуот котиби Ғуломҳусайн Исмоилий фаоллар суд қарори устидан шикоят қилишлари мумкинлигини айтган.

Айбдор деб топилганларнинг барчаси Ёввойи табиат жамғармаси форс бўлими аъзоларидир. Ташкилот қизил китобга киритилган ҳайвонларни ҳимоя қилиш ҳамда атроф-муҳитни сақлаш ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш билан шуғулланиб келади.

Қамалган фаоллар уларга қўйилган айбловларни рад этиб келади. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва олимлар эса Эрон ҳукуматини уларни озодликка чиқаришга чақирмоқда.

Толибон жаҳонда энг кўп одам ўлдирган террор гуруҳи сифатида қайд этилди

Толибон музокарачилари Москвада ўтган тинчлик музокаралари чоғида.

Глобал террорчилик индексида Толибон ҳаракати ўтган йили жаҳонда энг кўп одам ўлимига сабабчи бўлган террор гуруҳи сифатида қайд этилди.

Сиднейдаги Иқтисод ва тинчлик институти томонидан тайёрланадиган мазкур индексда айтилиишча, Толибон томонидан ўлдирилган одамлар сони 2018 йилда аввалги йилдагига қараганда 71 фоизга кўпайган.

Дунёда террор оқибатида ҳалок бўлганларнинг 38 фоизи Толибон ҳиссасига тўғри келади. Толибон бу каби кўрсаткичлар билан “Ислом давлати” гуруҳидан ҳам олдинга ўтиб кетди. “Ислом давлати” гуруҳи тор-мор этилгани ортидан унинг қўлидан ўлганлар сони ўтган йилда 70 фоизга озайган.

Сиднейдаги Иқтисод ва тинчлик институти 2018 йилда террордан ўлган одамлар сони 2018 йилда 15 фоизга озайганини, бу эса 2014 йилга солиштирганда террор қурбонлари сони деярли икки маротаба камайганини билдиришини маълум қилди.

Россия зобити Украина фойдасига жосуслик қилганликда гумонланмоқда

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Ростов вилояти Аксай шаҳрида давлатга хиёнатда гумонланган ҳарбий қўлга олинди. Қўлга олиш амалиёти Федерал хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилди.

Расмий маълумотда айтилишича, қўлга олинган шахс Украина Мудофаа вазирлиги кўрсатмаси билан Россия армияси тўғрисидаги махфий маълумотларни тўплаганликда гумонланмоқда.

“Очиқ медиа” ташкилотининг билдиришича, Федерал хавфсизлик хизмати 28 ёшли катта лейтенант Руслан Артиковни қўлга олган. У Жанубий ҳарбий округнинг 175-Лунинецко-Пинск бригадасида алоқачи бўлиб хизмат қилган.

Федерал хавфсизлик хизмати ҳозирча қўлга олинган шахс тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмаяпти.

Германияда норозиликларга қарамай Гитлернинг шахсий буюмлари сотилди

Гитлернинг “Майн кампф” китоби.

Германиянинг Мюнхен шаҳрида ички ва ташқи норозиликларга қарамай, нацистлар лидерларининг, жумладан, Адольф Гитлернинг буюмлари ким ошди савдосида сотилди.

Hermann Historica аукцион уйида 20 ноябрда бўлиб ўтган ким ошди савдосида Гитлернинг шляпаси 50 000 еврога сотилди. Гитлернинг “Майн кампф” китобининг Герман Герингга тегишли бўлган нусхаси учун харидор 130 минг евро тўлади.

Бундан ташқари ким ошди савдосида Гитлер ва унинг жазмани Ева Браун, нацистларнинг бошқа лидерлари, жумладан, Генрих Гимлер ва Рудольф Гесга тегишли бўлган кийим-кечаклар ҳам сотилди.

Германия ҳукуматининг семитизмга қарши мухтор вакили Феликс Кляйн ким ошди савдосини танқид қилди.

“Улар ўзларини ҳудди оддий нарсаларни, ҳар доимгидек санъат асарларини сотаётгандек тутишди. Лекин нацистлардан қолган бу нарсалар нацизмга ва унинг доҳийларига сиғиниш рамзига айланиб қолиши мумкин”, деди Феликс Кляйн Funke газетасига берган интервьюсида.

Эрон ҳукумати норозилик намойишларини "душманлар фитнаси" деб атади

Эрондаги намойишлар пайтида юзлаб биноларга ўт қўйилди.

Эрон расмийлари мамлакатдаги норозилик намойишларининг бостирилиши ортидан “душманлар фитнаси амалга ошмай қолгани” тўғрисида баёнот берди.

Президент Ҳасан Руҳоний 20 ноябрда ҳукумат йиғилишида “Биз ғалаба қилдик”, деб айтди. Президент норозиларни “қуролланган анархистлар”, деб атади. Ҳасан Руҳоний намойишлар “Теҳроннинг душманлари Саудия Арабистони, Исроил ва Қўшма Штатлар томонидан уюштирилган эди”, деб эълон қилди.

15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Эрон ҳукумати расмий вакили Али Робеий 18 ноябрда мамлакатда «вазият барқарорлашаётгани» тўғрисида баёнот берди.

Amnesty International халқаро ташкилоти 19 ноябрь куни тарқатган баёнотида Эрондаги норозилик намойишларида 21та шаҳарда камида 106 норози ҳалок бўлганини билдирди.

Эрон расмийлари эса намойишларда 12 одам ҳалок бўлгани ва 600 одам ҳибсга олинганини маълум қилган.

АҚШда президент Трампга импичмент доирасидаги тингловлар давом этмоқда

АҚШнинг Европа Иттифоқидаги элчиси Гордон Сондленд.

АҚШнинг олий мартабали дипломати АҚШ конгресси ўтказаётган импичмент тергови доирасидаги тингловда президент Дональд Трамп ўз сиёсий рақиби устидан тергов ўтказишга ваъда берса, Украина раҳбари Володимир Зеленскийни Оқ Уйда қабул қилишга тайёр эканини билдиргани тўғрисида гувоҳлик берди.

АҚШнинг Европа Иттифоқидаги элчиси Гордон Сондленд 20 ноябрда ўтган тингловда бу ҳақда гапирар экан:

-Ўшанда Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиш тўғрисида АҚШ томонидан ишонарли тушунтириш берилмаётганидан келиб чиқиб, мен бу ёрдам Украина тергов ўтказиш тўғрисида расман эълон қилмагунича берилмаса керак, деган хулосага келган эдим, - деб қўшимча қилди.

Дональд Трампга нисбатан импичмент тергови доирасидаги тинглов 13 ноябрда бошланган.

АҚШ Конгрессининг демократ аъзолари Трампни жорий йилнинг июлида Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти давомида уни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини Украинадаги бизнес фаолияти учун тергов қилишга ундаганликда айбламоқда.

Сербияда Россия фойдасига жосуслик воқеаси юзасидан текширув бошланди

Бош вазир Ана Брнабич.

Сербия ҳукумати Россия фойдасига жосуслик воқеаси юзасидан текширув ишларини бошлади.

Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда Россия дипломати экани айтилаётган шахс Сербия хавфсизлик хизмати ходими сифатида кўрилаётган шахсга катта миқдорда пул бераётгани тўғрисидаги видео пайдо бўлган эди.

Бош вазир Ана Брнабич 20 ноябрь куни видеода пул бераётган одам Россия ҳарбий разведкаси агенти бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги шубҳалар Сербия ҳарбий разведкаси томонидан текширила бошланганини билдирди.

YouTube порталида 17 ноябрда пайдо бўлган мазкур видео “Россия разведкачисининг Сербиядаги жосус билан учрашуви” деб номланган.

Сербия хавфсизлик агентлиги таҳлил маркази раҳбари Реля Жельски «Видеодаги шахснинг Россия разведкачиси эканига шубҳа йўқ», деб айтди. Айни пайтда Жельски видеода юзи яхши кўрсатилмаган шахснинг ким эканини айтишни истамади.

Ниёзов тақиқлаган опера санъати орадан 19 йил ўтиб Туркманистонга қайтди

Туркманистон. Ашхободдаги Маҳтумқули театрида Ружеро Леонкаваллонинг “Паяци” операси қўйилди. 2019, 19 ноябрь.

Туркманистонда деярли 19 йилда илк марта опера асари саҳналаштирилди. Мамлакатнинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзов 2001 йилда опера ва балетни туркман менталитетига мос келмайди, деб ман қилган эди.

19 ноябрь куни Ашхободда XIX асрда яшаб, ижод қилган итальян бастакори Ружеро Леонкаваллонинг “Паяци” операси давлат театрида саҳналаштирилди. Опера Туркманистон ва Италия ўртасида маданий алмашиш дастури доирасида намойиш этилди.

Севги ва вафо тўғрисидаги икки қисмли операда Италиядан фақат бир актёр иштирок этди, қолган ролларни туркман арстистлари ўйнади. Уларнинг бири Амангелди Аманов бўлиб, у охирги марта бош қаҳрамон Канио ролини 2001 йилда ижро этган. Ўшандан бери Туркманистонда бирор марта опера асари саҳналаштирилмаган.

Ниёзов вафоти ортидан ҳокимият тепасига келган Гурбангули Бердимуҳамедов 2006 йилда опера ва балетга қўйилган чекловни узайтирган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Туркманистон дунёдаги энг ёпиқ жамиятлардан бири, мамлакат ҳукумати эса жаҳондаги энг репрессив ҳукуматлардан бири эканлигини айтиб келади.

Ҳисобот: Шубҳали пул ўтказишлар ортидан АҚШ йирик швед банкини тафтиш қилмоқда

Швециянинг SVT телеканали АҚШ инспекторлари мамлакатнинг энг йирик банкларидан бирини Россиянинг қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчи “Калашников” ширкатига алоқадор молиявий транзакциялар туфайли тергов қилаётгани ҳақида хабар қилди.

Телеканал хабарига кўра, “Калашников” ширкатининг сармоядорларидан бири, Искандар Маҳмудов исмли олигарх ширкатнинг АҚШда рўйхатдан ўтган “Калашников USA” бўлимига бир миллион евродан ошиқ пул ўтказган бўлиши мумкин.

Маблағ ўтказиш операциясини Swedbank банкининг Эстониядаги бўлими амалга оширган.

Хабарларга кўра, бу операция 2014 йилдан кейин содир бўлган. Ўша йили Россия Қримни аннексия қилиб олиб, Украина шарқида айирмачиларни қўллай бошлагани учун АҚШ Россия ҳукуматига тегишли бир неча ширкатга қарши молиявий санкция жорий қилган.

Эндиликда АҚШ инспекторлари Swedbank амалиётлари санкцияларга зид бўлгани ёки йўқлигини аниқлашга уринмоқда.

Февраль ойида CVT суриштирув журналистлари Swedbankка қарши бошқа пул ювиш айбловлари кўриб чиқилган ҳисоботни эълон қилган эди. Ҳисобот ортидан банк раҳбари ҳамда директорлар кенгаши раиси ва кенгаш аъзолари ишдан ҳайдалган эди.

Исроил Сурияда Эрон ҳарбий объектларига ҳаводан ҳужум қилди

Исроил армиясининг зирҳли машинаси Ғўлон тепаликларида турибди. 2019, 19 ноябрь.

Исроил армияси Ғўлон тепаликларига қилинган ракета ҳужумларига жавобан Сурияда ўнлаб суриялик ва эронлик жангчига зарба берганини маълум қилди.

Исроил армиясининг маълум қилишича, 20 ноябрь куни мамлакат қирувчи учоқлари Эрон инқилобий гвардиясининг Қудс қўшинлари объектларини, жумладан, ердан ҳавога отувчи қуроллар, қурол-аслаҳа омборлари ҳамда ҳарбий базаларни бомбардимон қилган.

Суриядаги урушни кузатиб келган гуруҳнинг маълум қилишича, ҳаво ҳужумлари оқибатида 11 жангчи, жумладан, етти нафар Сурия фуқароси бўлмаган шахс ҳалок бўлган.

Сурия давлат матбуоти аввалроқ Исроил Сурия пойтахти Дамашқ яқинида амалга оширган ҳужумларда икки оддий фуқаро ҳалок бўлганини, бир неча одам жароҳат олганини хабар қилган эди.

Эрон расмийлари ҳали бу хабарларни расман шарҳлагани йўқ. Россия эса Исроил ҳужумларини “нотўғри қадам” дея баҳолади.

Исроил Теҳрон Сурияда ҳарбий амалиётларни амалга оширишига йўл бермаслик учун тез-тез бундай амалиётларни амалга ошириб туради. Эрон ва Россия Суриянинг амалдаги президенти Башар Асадни қўллаб келади. Сурияда 2011 йилда бошланган урушда бугунга қадар ўн минглаб одам ҳалок бўлди.

Лукашенка билан "романтик алоқаси бор"лиги айтиладиган Беларусь гўзали парламентга депутат бўлди

Президент Лукашенка Мария Василевич билан рақс тушмоқда.

Беларусь гўзаллик танлови ғолиби бўлган ва президент Александр Лукашенка билан “романтик алоқаси борлиги” иддао қилинадиган 22 ёшли Мария Василевич мамлакат парламентининг энг ёш депутати бўлди. Бу ҳақда 19 ноябрда The Times нашри хабар берди.

Василевич жорий йилнинг май ойида “Мисс Беларусь” мақомига эга бўлганидан бери 65 ёшли Лукашенка билан жамоатчилик олдида бир неча марта кўриниш берди. Улар биргаликда фестиваллар, хоккей мусобақалари ва 2018 йилда Россияда ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларида бирга бўлишган.

The Times нашрининг ёзишича, Лукашенка Василевични медаль билан тақдирлаган ва “Жаҳон гўзали-2018” танловига тайёргарлик кўришига кўмаклашган. Бу танловда Василевич учинчи ўринни эгаллаган.

Беларусь парламентига сайлов 17 ноябрь куни ўтказилган эди. Сайлов натижаларига асосан, парламентдан бирорта мухолифатчи ўрин ололмади. Ғарб давлатлари ва халқаро ташкилотлар мазкур сайловни нодемократик ва нохолис ўтганлигини билдирдилар.

Александр Лукашенка Беларусни 25 йилдан бери бошқариб келади.У 1975 йилда уйланган. Лекин президент бўлганидан бери Лукашенка бирор марта жамоатчилик олдида турмуш ўртоғи билан кўриниш бермаган.

Amnesty International : Эрондаги намойишлар пайтида камида 106 одам ҳалок бўлди

Эрондаги норозилик намойиши иштирокчилари.

Amnesty International халқаро ташкилоти 19 ноябрь куни тарқатган баёнотида Эрондаги норозилик намойишларида 21та шаҳарда камида 106 норози ҳалок бўлганини билдирди.

“Ҳалок бўлганлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Айрим манбалар камида 200 нафар одам ўлганини айтмоқда”, дейилади баёнотда.

Эрон расмийлари эса намойишларда 12 одам ҳалок бўлгани ва 600 одам ҳибсга олинганини маълум қилган.

15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Эрон ҳукумати расмий вакили Али Робеий 18 ноябрда мамлакатда «вазият барқарорлашаётгани» тўғрисида баёнот берди.

Фаластин АҚШни террорчилар ва экстремистларга "эшик очиб бераётганлик"да айблади

Фаластиннинг бош музокарачиси Соиб Эракат.

Фаластиннинг бош музокарачиси Соиб Эракат АҚШ Ғарбий соҳилдаги яҳудий қишлоқлари масаласида ўз позициясини ўзгартирганини қоралади ва Вашингтонни экстремист ва террорчиликка омил яратиб беришда айблади.

-АҚШ яҳудий қишлоқларини қонуний деб тан олиш, Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш орқали халқаро ҳуқуқ эшигини ёпиб, экстремистлик, террорчилик, зўравонлик, коррупция ва хунрезлик эшигини очмоқда. Одамларда муаммони тинч йўллар билан эмас, зўравонлик билан ҳал этиш ягона йўл, деган тасаввурлар пайдо қилинмоқда,-деди Эрекат.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 18 ноябрь куни Вашингтон Исроил томонидан босиб олинган Иордан дарёси Ғарбий соҳилида яҳудий қишлоқларининг қурилишини халқаро ҳуқуққа зид кўриниш деб ҳисобламаслиги ҳақида билдирган эди.

Вашингтоннинг бу позицияси БМТ резолюциялари, халқаро ҳамжамият позицияси ва халқаро ҳуқуққа зид келади.

Исроил 1967 йилда олти кунлик уруш натижасида Сурияга тегишли бўлган Ғўлон тепаликлари, Фаластинга қарашли Шарқий Қуддус ҳамда Ғазо минтақасини босиб олган. Исроил кейинчалик Ғазодан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетди, аммо Шарқий Қуддусни аннексия қилиб олди. Ғарбий Соҳилда эса Исроил ҳарбий оккупацияси ҳалигача давом этмоқда.

Аввалроқ Исроил ҳукумати Фаластинга тегишли Ғарбий Соҳилнинг яҳудийлар яшаётган аҳоли пунктларини аннексия қилиб олишини таъкидлаганди.

Афғонистон президенти Нангархорни Толибондан тозалашга ваъда берди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 19 ноябрь куни Нангархор вилояти маркази Жалолобод шаҳрида қабилалар бошлиқлари ва оқсақоллари билан учрашар экан, вилоят тез орада Толибондан бутунлай тозаланишига ваъда берди.

“Бир йил аввал ҳеч ким Афғонистон ҳукумати Нангахорда яна ҳукмронлик қилади, деб ўйлаган эмас. Худога шукурки, биз “Ислом давлати” гуруҳини тор-мор этиб, бу ерга қайтдик”, деган президент ўз сўзида давом этар экан:

-“Ислом давлати” гуруҳини бу ерни Толибонга топшириш учун йўқ қилганимиз йўқ. Бизнинг хавфсизлик кучларимиз Нангархорда барқарорликни таъминлайди. Биз хоинлар ва жосусларга бу заминни ишғол қилишлари учун йўл бермаймиз,-деб айтди.

БМТ Теҳронни намойишчиларни ўққа тутишни бас қилишга чақирди

Эрон. Намойишчи ёш оқизувчи газдан ҳимояланиш учун кўзини тўсмоқда. 2019, 16 ноябрь.

БМТ Теҳронни намойишчиларга қарши кескин куч ишлатишни бас қилишга ҳамда мамлакат бўйлаб Интернет алоқасини тиклашга чақирди.

15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Расмий маълумотларга кўра, намойишларда ўндан ошиқ одам ҳалок бўлди.

19 ноябрь куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича матбуот котиби Руперт Колвилл Эрон полицияси намойишчиларни ўққа тутаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан чуқур хавотир билдирди.

Эрон расмийлари тўқнашувларда 12 намойишчи ҳамда хавфсизлик кучлари ходимлари ҳалок бўлганини, 600 дан ошиқ одам қўлга олинганини маълум қилган.

Колвилл аслида ҳалок бўлганлар сони бундан анча юқори эканлигини кўрсатувчи хабарлар келаётганини айтди.

19 ноябрь куни эрталаб Эрон Адлия вазирлиги вакили мамлакатда “вазият барқарорлашганини” иддао қилди, аммо мамлакат бўйлаб Интернет алоқаси ўчириб қўйилгани учун вазият аслида қандай эканлиги ҳақида тўлиқ маълумот йўқ.

Грузияда полиция билан тўқнашган намойишчилар суди бошланди

Тбилисида парламент биносини ўраб олган норозилар тарқатиш учун ОМОН сув пуркагичларни қўллади. 2019, 18 ноябрь

19 ноябрь куни Грузияда куни кеча мамлакат парламенти олдида бўлиб ўтган намойиш давомида қўлга олинган 37 шахс устидан суд бошланди. Намойишчилар адвокати Георгий Ониянининг айтишича, улар полиция ходимларига бўйсунмасликда ҳамда безориликда айбланмоқда.

18 ноябрь куни Грузия Ички ишлар вазирлиги парламент биноси эшиклари “сунъий тўсиқлардан” тозаланганини маълум қилди. Куни кеча пойтахт Тбилисида норозилар парламент биносини ўраб олган, уларни тарқатиш учун ОМОН сув пуркагичларни қўллаган эди.

Намойишларга Грузия парламенти сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича янги чораларни кўришдан бош тортгани сабаб бўлди. Тўрт кун давомида бир неча ўн минг одам намойиш ўтказди.

Ички ишлар вазирлиги бугунга келиб парламент ҳеч бир чекловсиз ўз фаолиятини давом эттира олишини билдирди.

18 ноябрь куни полиция намойишчиларни пуркагичлар билан тарқатишга уринар экан, норозилар парламент биноси олдида “Сизлар кетинг! Яшасин, Грузия!” деб ҳайқириб турдилар. Намойишчилар қоронғи тушгунича парламент олдидан кетмади.

Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувларда камида 6 одам, жумладан, икки нафар полиция ходими жароҳат олган.

Асир алмашиш келишувига мувофиқ икки ғарб профессори ва Толибоннинг уч жангариси қўйиб юборилди

Жангари гуруҳ 2016 йилнинг августида америкалик Кевин Кинг ҳамда австралиялик Тимоти Уиксни ўғирлаб кетган эди.

Хабарларга кўра, уч нафар Толибон қўмондони озод этилиши эвазига жангари гуруҳ асир олган Афғонистондаги Америка университетининг икки профессори қўйиб юборилди.

Жангари гуруҳ 2016 йилнинг августида америкалик Кевин Кинг ҳамда австралиялик Тимоти Уиксни ўғирлаб кетган эди.

Афғонистон расмийлари ҳамда Толибон тарқатган маълумотларга кўра, асир алмашиш 19 ноябрь куни Забул вилоятининг Навбаҳор туманида содир бўлган.

AFP агентлиги Толибон озод қилган профессорлар Забулдан Америка вертолётида олиб чиқиб кетилганини хабар қилди.

Бу хабардан уч соат олдин Толибон гуруҳи Афғонистон ҳукумати уч нафар аъзосини озодликка чиқариб, Қатарга юборганини маълум қилган эди.

Асир алмашувига аввалроқ Толибон ва Афғонистон ҳукумати эришган келишув асос бўлди. Қобулдаги ҳукумат жангари гуруҳ билан тўғридан-тўғри музокара олиб бориш учун бу каби келишувлар муҳим, деб билади. Сабаби Толибон Қобулдаги ҳукуматни Американинг “қўғирчоғи” деб атаб, ҳукумат расмийлари билан тўғридан-тўғри музокара олиб боришдан бош тортиб келади.

Толибон манбаларига кўра, икки профессор “Ҳаққоний” тармоғи етакчиси Сирожиддин Ҳаққонийнинг укаси Анас Ҳаққоний ва яна икки нафар жангарига алмашилган.

АҚШ Ғарбий соҳилда яҳудий қишлоқлари барпо этилиши юзасидан позициясини ўзгартирди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 18 ноябрь куни Вашингтон Исроил томонидан босиб олинган Иордан дарёси Ғарбий соҳилида яҳудий қишлоқларини қуриш режасига ўз муносабатини ўзгартирганини маълум қилди.

Вашингтон бундан буён Ғарбий соҳилда яҳудий қишлоқларининг қурилишини халқаро ҳуқуққа зид кўриниш деб ҳисобламайди. Помпеога кўра, Ғарбий соҳил мақомини Исроил Фаластин билан музокаралар йўли орқали ҳал қилиши лозим.

АҚШнинг бу қарори БМТ резолюциялари ва халқаро ҳамжамият позициясига зид келади. Фаластин бу қарорни “халқаро ҳуқуққа зид келади”, деб қоралади. Исроил эса АҚШ қарорини олқишлади ва “тарихий хато тузатилди”, деб эълон қилди.

Исроил 1967 йилда олти кунлик уруш натижасида Сурияга тегишли бўлган Ғўлон тепаликлари, Фаластинга қарашли Шарқий Қуддус ҳамда Ғазо минтақасини босиб олган. Исроил кейинчалик Ғазодан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетди, аммо Шарқий Қуддусни аннексия қилиб олди. Ғарбий Соҳилда эса Исроил ҳарбий оккупацияси ҳалигача давом этмоқда.

Аввалроқ Исроил ҳукумати Фаластинга тегишли Ғарбий Соҳилнинг яҳудийлар яшаётган аҳоли пунктларини аннексия қилиб олишини таъкидлаганди.

"Левада маркази": Путиннинг рейтинги 24 фоизни ташкил қилмоқда

Иллюстратив сурат.

Москвадаги “Левада маркази” ўтказган сўровда айтилишича, россияликларнинг фақат 24 фоизи президент Владимир Путинга ижобий ёндашади.

Хабарда айтилишича, бу 2017 йилдагига нисбатан 8 фоизга оздир. Охирги марта 2011 йилнинг октябрида Болотний майдонида ўтган аксилҳукумат намойишлари арафасида Путиннинг рейтинги 24 фоизни ташкил қилган эди. 2013 йилнинг мартида эса Путиннинг рейтинги 18 фоизга тушиб кетганди.

Сўровда россияликларнинг 30 фоизи Путин ҳақида ёмон фикр, 8 фоизи эса яхши фикр билдира олмасликларини айтганлар. Сўралганларнинг 15 фоизи Путин шахсига бефарқ, 3 фоизи эса унга нисбатан нафрат ҳиссига эга.

Айни пайтда Путиннинг президент сифатидаги фаолиятини 70 фоиз одам олқишлаган. 2014 йилнинг октябрида Путин фаолиятидан қониқишини билдирганлар кўрсаткичи 85 фоиз эди.

Эрон ҳукумати мамлакатда осойишталик ўрнатилганини иддао қилмоқда

Эрондаги намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўлланилди.

Эрон ҳукумати расмий вакили Али Робеий 18 ноябрда мамлакатда «вазият барқарорлашаётгани» тўғрисида баёнот берди.

-Бугунги кунда вазият кечаги кунга солиштирганда 80 фоизга барқарорлашди. Ҳеч қандай муаммолар бўлмади. Фақат айрим арзимас муаммоларни ҳал қилиш қолди. Эртага ҳеч қандай тартибсизликлар бўлмайди, - деб билдирди Робеий.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган видеоларда Эронда намойишлар давом этаётганини кўриши мумкин. Айрим видеоларда кучишлатар тузилмалар норозиларга қарата ўқ отаётгани тасвирланган.

Эрон матбуотининг билдиришича, Теҳрон, Исфахон, Широз ва бошқа шаҳарларда камида бешта университет ёпилди. 17та шаҳарда эса мактаблар ишламаяпти.

15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Грузия парламентини қамал қилганларни ОМОН тарқатди

Тбилисидаги намойишчилардан 37 нафари қўлга олинди.

Грузия пойтахти Тбилисида 18 ноябрь куни парламент биносини қамал қилган норозиларни тарқатиш учун ОМОН сув пуркагичларни қўллади. Муддатидан олдин сайлов ўтказишни талаб қилиб намойишга чиққанлардан бир нечаси қўлга олинди.

Юзлаб норозилар парламент биноси олдида “Сизлар кетинг! Яшасин, Грузия!” деб ҳайқириб турдилар.

Грузия парламенти сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича янги чораларни кўришдан бош тортгач, 17 ноябрь куни Тбилиси марказига 20 минг норози йиғилган эди. Бунга қадар бир неча минг киши 15 ноябрдан бери намойиш ўтказиб келаётганди.

Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, норозилардан 37 киши қўлга олинган. Европа Иттифоқи ва АҚШ Грузия ҳукуматини, сиёсий партияларни ва фуқаролик жамиятини “Эҳтиросларга берилмай, мулоқот орқали муросага келишга” чақирмоқда.

Россия Украинага қўлга олган кемаларини қайтариб берди

"Бердянск" ва "Никополь" катерлари.

18 ноябрь куни Россия ўтган йилнинг ноябрида Қора денгизда қўлга олган украин кемаларини қайтариб берди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россия чегарасин "ноқонуний тарзда кесиб ўтилишини" кўриб чиққан терговчилар кемаларни яқиндан ўрганиб чиққанини, уларнинг Россияда қолишига "бошқа эҳтиёж йўқлиги" тўғрисида баёнот берди.

Украина Мудофаа вазирлиги уч украин кемаси қайтиб берилганини тасдиқлади.

2018 йилнинг 25 ноябрь куни россиялик чегарачилар Азов денгизида Керчь бўғозидан ўтишга уринган Украинага тегишли “Бердянск” ва “Никополь” катерлари ҳамда “Яни Капу” шатакка олувчи кемасини қўлга олган эди. Ўша пайтда кемалардаги 24 нафар экипаж аъзоси ҳам ушланган. Улар 9 ой Москвадаги тергов ҳибсхонасида тутиб турилган ҳамда сентябрь ойи бошларида Украина ва Россия ўртасидаги асир алмаштириш келишуви доирасида ватанларига қайтганлар.
Шу йилнинг май ойида денгиз ҳуқуқлари бўйича БМТ халқаро трибунали Россия кемаларни Украинага қайтариши кераклиги ҳақида қарор чиқарганди.

Қора денгизни Азов денгизига улаб турувчи ягона йўл Керчь бўғози орқали ўтади.

Эронда бензин нархи ошиши ортидан бошланган намойишларда бир неча киши ҳалок бўлди

Эрон. Расмий маълумотларга кўра, намойишчилар ва полиция тўқнашувларида камида 6 нафар одам ҳалок бўлган.

Эронда бензин нархлари оширилганидан уч кун ўтиб, вазият танг бўлиб қолмоқда. 15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетди.

18 ноябрь вазият қандайлиги ҳақида тўлиқ маълумот йўқ, чунки мамлакат расмийлари йирик шаҳарларда Интернетга уланишга чеклов жорий қилди.

Расмий маълумотларга кўра, намойишчилар ва полиция тўқнашувларида камида 6 нафар одам ҳалок бўлган. Уларнинг уч нафари намойишчи, икки нафари хавфсизлик хизмати ходими, бир нафари эса соқчи эканлиги айтилмоқда.

AFP агентлиги ҳукумат расмийсига таянган ҳолда вазият “нисбатан тинч” эканлиги, аммо “кичик муаммолар” давом этаётганини хабар қилди.

Ижтимоий тармоқларда улашилган оз сонли видеоларда хавфсизлик ходимларининг намойишчиларни ўққа тутаётганини кўриш мумкин.
Эрон матбуоти тарқатган хабарларга кўра, намойишлар туфайли 17 шаҳарда мактаблар вақтинча ёпилган.

17 ноябрь куни Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳукумат бензин нархини оширганини қўллаб-қувватлашини айтди ҳамда мамлакатнинг ўнлаб шаҳарларида юзага келган норозилик намойишларини танқид қилди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG