Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2019, Тошкент вақти: 07:38

АҚШ Давлат котиби Анқарада президент Эрдўғон билан учрашди


НАТОга аъзо давлат Ташқи ишлар вазирларининг Брюссель йиғини олдидан АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда бош вазир Бенали Йилдирим билан учрашди.

Тиллерсон ва Йилдирим Сурияда етти йилдан бери тўхтамаëтган уруш ҳамда Сурия ва Ироқни “Ислом давлати” жангариларидан тозалаш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Туркия бош вазири маъмурияти билдирди.

АҚШ Давлат департаменти эса¸ учрашувларда “минтақадаги муҳим хавфсизлик ва иқтисодий алоқаларни яхшилаш истиқболи" муҳокама қилинганини билдирди.

АҚШ расмийсининг айтишича, Тиллерсон мазкур мақсадларга эришишда “минтақадаги етакчи давлат¸ НАТОдаги яқин ҳамкор Туркия ўйнайдиган муҳим ролга” урғу берган.

Анқара “Ислом давлати” жангарилари назоратида қолаëтган сўнгги шаҳар Раққани озод этиш учун Вашингтонни ҳамкорлик қилишга чорлаб келади. Туркия шунингдек АҚШ дастаклаётган суриялик курд жангчиларининг ИШИДга қарши амалиётлардан четлатилишини истайди.

Тиллерсон ва Йилдирим яна Анқара мамлакатдаги муваффақиятсиз давлат тўнтаришини уюштиришда айблаётган турк уламоси Фатҳулло Гуланни АҚШдан экстрадиция қилиш масаласини ҳам муҳокама қилишган.

Гулан ўзига Туркия томонидан қўйилаëтган айбловларни инкор этиб келади.

Тўнтариш уриниши ортидан Эрдўғон ҳукумати айбдорларни қўлга олиш учун кенг кўламли амалиёт бошлаб юборди. Бу Анқара ва Ғарб мамлакатлари ўртасидаги алоқаларга путур етказди.

16 апрелда Туркия конституциясига президент ваколатларини оширишни кўзда тутувчи ўзгартишлар киритишга қаратилган референдум ўтказилади.

Тиллерсон референдумдан олдин “нозик сиёсий масалаларга” эҳтиёткотлик билан ёндашишини билдирган.

АҚШ расмийлари Тиллерсоннинг Туркиядаги мухолиф гуруҳлар билан учрашмаслигини билдиришди.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли эса ўз мамлакати ҳафта бошида Нью-Йоркда “Халқбанк” турк банкининг юқори лавозимли ишчиси қўлга олингани ҳам муҳокама қилинишини айтди.

Маҳмуд Ҳоқон Атилла АҚШ банклари ёрдамида Эрон учун миллионлаб доллар маблағни ўтказишда айбланмоқда.

Атилла турк-эрон тадбиркори Ризо Зарраб билан ҳамкорлик қилишда гумонланмоқда. Зарраб эса АҚШ томонидан Эронга қарши жорий қилган санкцияларни бузиш, Америка банкларини алдаш ва пул ювишда айбланмоқда.

Туркия Адлия вазири Бекир Бўздоғ 30 март куни Анқара Атилланинг қўлга олиниши Туркия ва Эрдўғон обрўсига путур етказишни кўзлашига ишонишини айтди.

XS
SM
MD
LG