Линклар

Ўзбекистон ИИВ: "Кўк кит" ўйини 2 ой аввал мамлакатда қайд этилган


Ўзбекистон ИИВ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таълим бошқармаси ўсмирларни суицидга чорловчи "Кўк кит" онлайн ўйини мамлакатда икки ой муқаддам қайд этилганини билдирди.

Podrobno.uz агентлигининг ёзишича, ИИВ айни пайтда бундай хавфли ўйинларнинг ёшлар орасида тарқалиши олдини олиш мақсадида фаол профилактика ишларини олиб бормоқда.

Бу жараёнга ҳокимият маҳалла органлари, Халқ ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда "Камолот" ҳаракати жалб этилган.

ИИВ расмийларидан олинган маълумотга кўра, "Instagram тармоғидаги ўзбекистонлик ёшлар саҳифаларида ушбу ўйин хэштэглари ва "4.20" рақами пост қилингани кузатилган. Текширув натижасида "ўлим гуруҳлари"га қўшилган ёки шунга мойил бўлган ўсмирлар аниқланган".

Расмий маълумотга кўра, мактаб, лицей ва коллеж маъмуриятлари бу ҳолатдан огоҳлантирилган ва улар ҳам ўз навбатида, ота-оналар билан йиғилишлар ўтказмоқда.

"Кўк кит" онлайн ўйинига қўшилиб қолган ёшлар эса махсус назоратга олинган ҳамда психолог кўригига йўлланган.

Айни пайтда, Ўзбекистон ИИВ ҳозирча айнан шу ўйин билан боғлиқ бирорта суицид аниқланмагани, бунинг боиси эса, ўз вақтида тегишли чоралар кўрилгани эканини таъкидламоқда.

XS
SM
MD
LG