Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:35

Freedom House посткоммунист дунёда авж олаётган популизм оқибатларидан огоҳлантирди


Ғарб мамлакатларида популист сиёсатчиларнинг муваффақият қозонаётгани посткоммунист Европа ва Евросиёда беқарорликка туртки бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар кучаймоқда. Бу ҳақда демократик жараёнларни кузатиб борувчи Freedom House ташкилоти огоҳлантирди.

Ташкилотга кўра, сўнгги бир йил ичида Британиянинг Европа Иттифоқини тарк этиш қарори, нидерландиялик сайловчиларининг Украина билан алоқаларни яхшилашга қарши овоз бергани ҳамда сиёсатдан узоқ бўлган Дональд Трампнинг АҚШ президенти этиб сайлангани “Совуқ урушдан кейинги тузумнинг заифлиги ҳақида янги хавотир туғдирмоқда”.

Ташкилотнинг ушбу мавзудаги ҳисоботи “Ўтиш давлатлари” йиллик ҳисоботида “Популизмнинг сохта ваъдалари” номи билан чоп этилди.

Ташкилотинг “Ўтиш давлатлари” лойиҳаси директори Нейт Шенккан Озодлик билан суҳбатда:

-Брексит ва Қўшма Штатлардаги янги маъмурият Марказий ва Шарқий Европа ва Болқон ярим оролидаги демократияга қарши популистларни руҳлантирмоқда, деди.

“Ҳозирда мазкур ҳудуддаги етакчиларнинг аксари либерал демократия ғоясига очиқчасига қарши чиқмоқда ва ушбу популизм борган сари радикал миллатчилик билан аралашиб, Европадаги тинчликка таҳдид солмоқда”, деди Шенккан.

Freedom House ҳисоботида ёзилишича, Венгрия бош вазири Виктор Орбан 2010 йилда ҳокимиятга қайтиб, мамлакат ҳокимиятини назорат қилувчи механизмларини йўқ қилганидан кейин, минтақада популизм қайта жонланган. Бунинг ортидан Болқон ярим оролидаги давлатларда фуқаролар жамияти ва матбуотга ҳужумлар кўпайган, бутун Европа бўйлаб муҳожирларга қарши кайфият авж олган.

Шенккан “етакчилар ва оддий фуқаролар демократия бевосита дуч келган муаммоларни унинг принциплари - фикрлар ва ўзликнинг хилма-хиллиги, кўпчилик хоҳишига қўйиладган чекловлар ҳамда ижро этувчи ҳокимиятни назорат қилиш ҳақида сўзлаш орқали ҳимоя қилишлари керак”, деб ҳисоблайди.

Ташкилот 2016 йил Россия президенти Владимир Путин учун жуда қўлга келди, деб ҳисоблайди. Путин сўнгги ўн йил ичида “трансатлантик тизимни яширин равишда беқарорлаштириш ниятида Европа ва Қўшма Штатлардаги популистларни қўллаб келади”, дейилади Freedom House ҳисоботида.

Ташкилотга кўра, Россия иқтисодий турғунликдан чиқа олмаётган бўлса-да, Путин “Европани Ғарб ва Россия таъсири остида бўлган ҳудудларга бўлиш ниятига етай деб қолган”.

“Ўтиш давлатлари” ҳисоботида 29 собиқ коммунистик давлатдаги демократик жараëнлар таҳлил этилган.

Унга кўра, ушбу давлатларнинг 18 тасида демократик кўрсаткичлар пасайган. Натижада мазкур ҳудудда демократик мамлакатлар сони авторитар давлатлар сонидан озайди.

Марказий ва Шарқий Европа¸ ҳамда Болқон давлатларида популизм демократик институтларни кучсизлантирди, Евросиёда эса авторитаризм оддий ҳолга айланиб қолди.

Узоқ йиллар Марказий Осиёдаги “демократия оролчаси” ҳисобланган Қирғизистон ҳам авторитар тузумлар сафига қўшилди.

Freedom House ташкилотига кўра, кейинги икки йил ичида Қирғизистон ва Арманистонда ўтказилган референдумлар мазкур давлатлардаги президентлар партиялари ва сиёсий элиталар ҳукмронлигини мустаҳкамлади.

Айни пайтда¸ ҳисоботда Украина, Косово ва Руминиядаги демократик силжишлар олқишланган.

Болқон ярим оролидаги яна бир давлат Сербиянинг демократик кўрсаткичи эса¸ Freedom House мезонлари бўйича¸ 2003 йилдан буёнги энг паст даражага тушиб кетди.

XS
SM
MD
LG