Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:21

Шайхнинг қизи Одинахон Юсуф Москвада отасининг сўнгги ваъдасини адо этди


Марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
Марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

Марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қизи Одинахон Муҳаммад Юсуф Москвада "Васатия" марказидаги учрашувга бориб, отасининг мазкур марказда маъруза қилиш ҳақидаги сўнгги ваъдасини бажариб қайтди.

Москвадаги "Васатия" маркази ижрочи директори Сергей Зязин марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Муҳаммад Юсуфнинг қизи Одинахон Муҳаммад Юсуф 4-5 апрель кунлари унинг марказида россиялик муслима аёллар билан учрашганини айтди.

Зязинга кўра, марҳум шайх вафотидан бироз аввал Москвага бориш ва у ердаги мусулмонлар билан учрашувлар ўтказишни ваъда қилган. Унинг вафотидан сўнг бу ваъдани қизи бажарган:

- Одинахон Муҳаммад Юсуф, худди акаси каби, отасининг ишларини давом эттираяпти. Биз уни отасининг давомчиси сифатида қабул қилдик. Россияда ўзбекистонлик муҳожирлар кўп ва улар билан ишлаш керак, шу жумладан, диний йўналишда ҳам иш олиб борилиши керак. Одинахон Муҳаммад Юсуфнинг сафари шу иш доирасида бўлди. У "Ойша" халқаро аёллар клубида маъруза қилди, - деди Сергей Зязин.

Озодлик Одинахон Муҳаммад Юсуфнинг ўзи билан суҳбатлашишга ҳозирча муваффақ бўлмади.

Сергей Зязинга кўра, марҳум шайхнинг қизи ва унинг ишини давом эттираётган ўзбекистонликлар билан алоқалар давом этмоқда ва тез орада шайх асарларининг навбатдагиларини Россияда, хусусан, мамлакатдаги қамоқхоналарда жазо ўтаётган ёш маҳбуслар орасида тарқатиш режалаштирилмоқда:

- 2012 йилдан бери "Хилал" нашриёт уйи​ шайх Муҳамммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китобларини минглаб нусхада Россияда бепул тарқатиб келмоқда, шу жумладан, қамоқхоналарда ҳам тарқатилмоқда. Буни молиявий томондан шайхнинг оиласи таъминламоқда. Мен буни жуда баракотли, ҳам Ислом, ҳам мусулмонлар учун хайрли иш, деб баҳолайман, - дейди Москвадаги "Васатия" маркази ижрочи директори.

Москвадаги "Хилал" нашриёт уйидан олинган маълумотга кўра, 2012 йилдан буён марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қатор китоблари чоп этилган ва шайх ҳануз китоблари Москвада чоп этилаётган ягона ўзбекистонлик диний уламо бўлиб қолмоқда.

Шайх Ўзбекистон мустақиллик йилларида танилган зиддиятли шахслардан биридир. У ҳаётлигида Ўзбекистонда китоблари чоп этилишига ҳукумат рухсат берган ягона уламо бўлди.

Диний-сиёсий мавзудаги китобларнинг сотилиши тақиқланган, диний китоб сотадиган дўкон ва расталар ёпилган кезда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китобларининг бемалол ва бироз қиммат нархларда сотилгани кескин танқидлар, диндорлар норозиликларига ҳам сабаб бўлган.

Сергей Зязин ҳозир Россияда ҳам, асосан, шайхнинг китоблари тарқатилаётгани сабабини муаллифнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори, айнан шу масалада унинг оиласи молиявий ёрдам кўрсатаётгани билан изоҳлади:

- Марказимизнинг у киши билан ўзига хос алоқаси бор эди. Мисол учун, у кишининг баъзи китоблари русча нашрига марказимиз директори ҳаммуаллифлик қилган. Бундан ташқари, шайхнинг китоби Россия Жазони ижро этиш бошқармаси томонидан жуда юқори баҳоланган, ҳозирга вақтда ёш мусулмонлар учун зарур, деб топилган ва буни давлат ҳам қувватлаган. Муҳими, марҳум уламо халқаро майдонда ном қозонган ва илими кучли, эътиборли уламо эди. У кишининг асарларига бу ерда қизиқиш катта, - деди Сергей Зязин.

"Васатия" маркази раҳбарияти марҳум уламони мўътадил, анаъанавий Ислом тарғиботчиси, радикализм, бидъат-хурофот танқидчиси, Исломни тўғри йўлда тарғиб қилган кучли олим сифатида баҳолади.

Зязинга кўра, шайхнинг китобларида ҳукуматлар тақиқлаган турли радикал диний оқимлардан қайтарилган ва мўътадил Исломга даъват қилинган. Ҳозир Россияда уламонинг рус тилида чоп этилган «Васатыйя — путь жизни», «Ислам. Иман. Куран», «Разногласия: причины и решения», «Открытое послание», «Религия — Насиха», «Хадисы и жизнь» китоблари тарқатилмоқда.

Ўзбекистонлик диндорлар орасида шайхнинг мероси кўп баҳслар ва зиддиятларга сабаб бўлиб келмоқда. Жумладан, марҳум уламо мухолифлари уни "Мазҳабсизлик - бидъатдир" деган таълимоти билан Ўзбекистон ҳукуматининг "Ҳанафийлик" мазҳабидан бошқа мазҳаблар ва мазҳабсиз диндорларни таъқибга олишига хизмат қилди, деб танқид қиладилар.

XS
SM
MD
LG