Линклар

11 декабр 2017, Тошкент вақти: 14:34

Истанбулда автоҳалокатда ўлган ўзбек аёли яқинлари изланмоқда


Манзура Қурбоновани Истанбулда таниганлардан бири юборган сурат.

Истанбул полицияси асли ўзбекистонлик Манзура Қурбонова яқинларини қидирмоқда.

Полицияга кўра, 30 яшар Манзура Қурбонова 2 апрель куни кечқурун 10 лар атрофида Истанбулнинг Усмон Ғозий кўчасида автомашина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлган.

Автомобиль ҳайдовчиси воқеа жойида ҳибсга олинган.

Даҳшатли фалокат

Тергов ишига жалб этилган адвокатлик ширкати ходимининг Озодликка билдиришича, машина зарби шунчалар кучли бўлганки, ўзбекистонлик аёл танаси иккига бўлиниб кетган.

"Даҳшатли фалокат. Машина катта суръатда бориб, йўл четида турган аёлга урилган. Зарбадан аёл танаси иккига бўлиниб кетган. Ҳозир тергов ишлари олиб борилаяпти," деди у.

Марҳума жасади бўлаклари ўша тунда Истанбул Янги Босна минтақасидаги ўликхонага келтирилган.

Жасад ўликхонада қолмоқда

Истанбул суд-тиббиëт бошқармаси вакили Озодлик билан суҳбатда Манзура Қурбонова жасади ҳамон моргда қолаётганини айтди.

У, агар Манзура Қурбонова яқинлари 15 кун ичида топилмаса, жасад шахси номаълум ўликлар қабристонига кўмилишини билдирди.

Суд-тиббиёт бошқармаси вакилига кўра¸ Қурбонованинг ўлими юзасидан Ўзбекистоннинг Туркиядаги бош консуллиги ҳам огоҳлантирилган.

Истанбул суд-тиббиëт бошқармаси ходими сўзларини тасдиқлаган Ўзбекистон консуллиги ходими ҳозирга қадар марҳума яқинларидан ҳеч ким консулликка мурожаат қилмаганини айтди.

Расмий ёрдам

Консуллик ходимига кўра, Манзура Қурбонова жасадини Ўзбекистонга юбориш учун яқинларининг ваколатномаси керак, акс ҳолда консуллик расман ёрдам бера олмайди.

Туркияда халқаро карго хизмати билан шуғулланувчи ширкат эгасининг айтишича, Истанбулдан Тошкентга маййитли тобутни келтириш ҳозирда 1100 доллар атрофидадир.

Марҳумани таниган ўзбекистонлик аёлнинг маълум қилишича, икки йил муқаддам Ўзбекистондан Туркияга келган Манзура бир вақтнинг ўзида ҳам фаррошлик ширкатида ишлаган, ҳам бир кекса аёлга қараган.

У Манзура Қурбонованинг Туркияда ноқонуний истиқомат қилганини билдирди.

Марҳумани яқиндан таниган яна бир ўзбекистонликка кўра, асли Навоий вилояти Хатирчи туманидан бўлган Манзура Қурбонова турмушидан ажрашган ва унинг ёлғиз фарзанди ота-онаси қарамоғида қолган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG