Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:34

АҚШ Сурияда кимёвий қурол қўлланишига жавобан Ассад армиясига ҳужум қилди (ФОТО)


АҚШ ҳарбий кемаси "Томогавк" ракетасини отмоқда.
АҚШ ҳарбий кемаси "Томогавк" ракетасини отмоқда.

Жума куни эрта тонгда Қўшма Штатлар биринчи марта Сурия армияси ҳарбий базасига ўнлаб қанотли ракетлар билан ҳужум қилди. Суриянинг Идлиб вилоятида 86 одам ҳаётига зомин бўлган кимёвий қурол қўлланишига жавоб тариқасида ўтказилган мазкур ҳужумни амалга ошириш учун шахсан президент Дональд Трамп буйруқ берди. АҚШ ҳукумати тинч аҳолига нисбатан кимёвий қурол қўлланилишида Сурия президенти Башар Ассадни айбламоқда.

Кимёвий ҳужумда ҳалок бўлганларнинг ярмидан кўпроғи аёллар ва болалар экани айтилган.
Кимёвий ҳужумда ҳалок бўлганларнинг ярмидан кўпроғи аёллар ва болалар экани айтилган.

АҚШ Сурияда 6 йилдан бери давом этаётган ватандошлар уруши жараёнида биринчи марта Башар Ассад армиясининг Хомс вилоятидаги Шэйрат шаҳрида жойлашган ҳарбий базасига ҳужум қилди.

Президент Трамп бунга қадар АҚШнинг Яқин Шарқдаги зиддиятларга аралашувига қарши чиқиб келаётган эди. Бироқ 4 апрель куни Идлиб вилояти Хон-Шайхун шаҳрида кимёвий қурол қўлланиши ортидан 86 одамнинг ҳалок бўлгани Трамп нуқтаи назари ўзгаришининг драматик босқичи бўлгани айтилмоқда.

Трамп аввалроқ кимёвий ҳужумда ҳалок бўлган болаларнинг фотосуратлари уни ларзага келтирганини айтган эди.

7 апрель куни Трамп Сурия армияси базасига ҳужум қилиниш сабабларини шарҳлар экан:

Кимёвий ҳужум пайтида заҳарланган болалар.
Кимёвий ҳужум пайтида заҳарланган болалар.

“Сешанба куни Сурия диктатори Башар Ассад тинч аҳолига нисбатан кимёвий қурол билан даҳшатли ҳужум қилди. Асабларни ишдан чиқарувчи қуролни қўллаб, Ассад ҳимоясиз эркаклар, аёллар ва болаларнинг умрига зомин бўлмоқда. Кўпчилик учун бу жуда секин ва даҳшатли ўлим бўлди. Ҳаттоки, маъсум болалар ҳам бу варварларча ҳужумнинг қурбонига айланди. Худонинг бирон бандаси бундай ёвуз тарзда азобланмаслиги шарт”, деб билдирди.

Трамп фикрича, Сурия ҳарбий базасига уюштирилган ҳужум Башар Ассадни кимёвий қурол қўллашдан тийилишига босим кўрсатиш воситасидир.

Кимёвий ҳужумдан ҳалок бўлганларнинг дафн маросими.
Кимёвий ҳужумдан ҳалок бўлганларнинг дафн маросими.

Расмий билдирувда айтилишича, Ўрта Ер денгизидаги АҚШ кемалари Шэйрат базасига 59та қанотли ракета отган. АҚШ расмийлари кимёвий ҳужум айни мана шу базадан туриб уюштирилган, деган ишончдалар.

Пентагоннинг билдииришча, ракеталар учун мўлжал ҳарбий самолётлар, ёнилғи омборлари, қурол сақланувчи жойлар, ракетага қарши мудофаа тизимлари ва радарлар бўлган.

Пентагон Қуролли конфликтларни олиб бориш тўғрисидаги қонунга мувофиқ тинч аҳоли ва базадаги хизматчилар ҳаётига таҳдид туғдирмаслик учун барча чора-тадбирлар кўрилганини ҳам билдирди.

АҚШ расмийлари Россия ҳарбий хизматчилари ҳам мавжуд бўлган бу базага ҳужум қилиниши тўғрисида Кремлни олдиндан огоҳлантириб қўйганларини ҳам маълум қилдилар.

Ҳужумдан олдинроқ Россиянинг БМТдаги элчиси Владимир Сафронов: “Биз салбий жиҳатлар ҳақида ўйлашимиз керак. Ҳужум уюштириладиган бўлса,бутун масъулият бундай шубҳали ва фожеали ҳаракатни уюштирган томон зиммасида бўлади”, деб билдирди.

Сафронов “салбий жиҳатлар” деганда нимани назарда тутганини изоҳлар экан:”Ироқ ва Ливияга бир назар солинг”, деб айтди.

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Башар Ассаднинг асосий иттифоқчиси бўлган Москва ва Эрон кимёвий ҳужум учун маънавий жиҳатдан маъсул, деб ҳисоблайди.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Хейли кимёвий ҳужумда ҳалок бўлган болалар суратларини кўрсатмоқда.
АҚШнинг БМТдаги элчиси Хейли кимёвий ҳужумда ҳалок бўлган болалар суратларини кўрсатмоқда.

АҚШ Идлибда кимёвий қурол Башар Ассад армияси томонидан қўлланилганига “шубҳа йўқ”лигини билдирган. Бунинг ортидан АҚШ ҳукуматида кимёвий қурол қўлланганига қарши жавоб ҳужумини уюштириш масаласи 2 кун муҳокама қилингани айтилмоқда.

“Мен Сурияда бўлган воқеа ҳар бир одамни ғазаблантирадиган жиноят бўлган, бундай жиноят содир этилишига йўл қўймаслик керак эди ва бундан кейин ҳам йўл қўйилмайди, деб ўйлайман”, - деб билдирган Трамп журналистларга.

Сурия ҳарбий базасига қилинган ҳужум Конгрессда Республикачилар томонидан ҳам, Демократлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.

Россиянинг Туркиядаги элчихонаси олдида норозилик намойиши.
Россиянинг Туркиядаги элчихонаси олдида норозилик намойиши.

“Ассад ўз ватандошларига қарши даҳшатли жиноятлари учун жазосиз қолмаслигини англаб олиши ўта муҳимдир. Шу нуқтаи назардан бу қадам ўринли бўлди”, -деди Сенатнинг ташқи сиёсат қўмитаси раиси Боб Коркер.

“Ассад инсоният нафратига сабаб бўлувчи бундай жиноятлари учун албатта жавоб беришига ишонч ҳосил қилишини тушунтириб қўйиш тўғри ишдир”, - деди Сенатдаги Демократлар лидери Чак Шумер.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 7 апрель куни “президент Владимир Путин АҚШ ҳужумини суверен давлатга нисбатан агрессия акти ва халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши” сифатида баҳолагани ҳақида билдирди.

Песков Путин позициясини билдиришда давом этар экан: “Вашингтоннинг бу ҳаракати бусиз ҳам ёмон бўлган Россия-Америка муносабатларига берилган сезиларли зарба бўлди”, деб айтди.

Кремлнинг билдиришича, АҚШнинг Сурия ҳарбий базасига ҳужуми “террорчиликка қарши кураш учун халқаро коалицияни ташкил этишда жиддий тўсиқларни пайдо қилади”.

Сурия президенти Башар Ассад режими иттифоқчиси бўлган Эрон ҳам Вашингтонга ўз норозилигини билдирди.

“Эрон...кимёвий қурол қўлланилганини қоралайди... айни пайтда бу воқеани сабаб қилиб олиб бир томонлама ҳаракат қилиш хавфли ҳамда халқаро қонунларнинг бузилиши деб ҳисоблайди”, дейилади Эрон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.

XS
SM
MD
LG