Линклар

Россия ва Эрон АҚШнинг Сурия ҳарбий базасига ҳужум қилганини қоралади


Сурия президенти Ассад Россия президенти Путин қабулида. Москва, Кремль, 2015 йил, 21 октярь.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 7 апрель куни “президент Владимир Путин АҚШ ҳужумини суверен давлатга нисбатан агрессия акти ва халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши” сифатида баҳолагани ҳақида билдирди.

Песков Путин позициясини билдиришда давом этар экан: “Вашингтоннинг бу ҳаракати бусиз ҳам ёмон бўлган Россия-Америка муносабатларига берилган сезиларли зарба бўлди”, деб айтди.

Кремлнинг билдиришича, АҚШнинг Сурия ҳарбий базасига ҳужуми “террорчиликка қарши кураш учун халқаро коалицияни ташкил этишда жиддий тўсиқларни пайдо қилади”.

Сурия президенти Башар Ассад режими иттифоқчиси бўлган Эрон ҳам Вашингтонга ўз норозилигини билдирди.

“Эрон...кимёвий қурол қўлланилганини қоралайди... айни пайтда бу воқеани сабаб қилиб олиб бир томонлама ҳаракат қилиш хавфли ҳамда халқаро қонунларнинг бузилиши деб ҳисоблайди”, дейилади Эрон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.

Жума куни эрта тонгда Қўшма Штатлар биринчи марта Сурия армияси ҳарбий базасига ўнлаб қанотли ракетлар билан ҳужум қилди.

Суриянинг Идлиб вилоятида 86 одам ҳаётига зомин бўлган кимёвий қурол қўлланишига жавоб тариқасида ўтказилган мазкур ҳужумни амалга ошириш учун шахсан президент Дональд Трамп буйруқ берди.

АҚШ ҳукумати тинч аҳолига нисбатан кимёвий қурол қўлланилишида Сурия президенти Башар Ассадни айбламоқда.

XS
SM
MD
LG